Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:18

Россия Божхона иттифоқига кириши учун Қирғизистонга 500 миллион доллар беради


Россия мазкур маблағ Қирғизистоннинг Москва етакчилигидаги Божхона иттифоқига киришига тайёргарлик кўриш жараёни учун сарфланишига умид қилмоқда. Россия аввал ҳам Қирғизистонга Божхона иттифқига кирса 1 миллиард доллар беришни ваъда қилган, бироқ шу кунгача бу ваъда фақат сўзлигича қолиб келмоқда.

Россия Қирғизистонга Божхона иттифоқига кириши учун 500 миллион доллар беришни ваъда қилгани Путин ва Атамбаев 11 август куни Сочида учрашганидан сўнг маълум бўлди. Бу учрашувда Қирғизистон президенти Атамбаев ҳамкасби Путинга Қирғизистон шу йилнинг охиригача Божхона иттифоқига киришга тайёрлигини айтиб, бунинг учун Кремл Бишкекни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши кераклигига шама қилган:

-Қирғизистон стратегик ҳамкори Россия билан муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Албатта, шу йилнинг охиригача Қирғизистон Божхона иттифоқига, Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига қўшилишга тайёр. Бу борада ўзаро қизиқиш, реал ёрдам бўлса. Қирғизистон бу йўналишда фаол ишлаяпти, -деди Атамбаев.

Россия ва Қирғизистон президентлари учрашувидан кўп ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров матбуот анжумани ўтказиб, Кремл Қирғизистоннинг Божхона иттифоқи базасида ташкил қилинган Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига қўшилиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар қарз беришга тайёр эканини билдирди:

-Бу маблағ Қирғизистонинг Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига кириш жараёнини енгиллаштириш учун Россиянинг ҳиссаси, Россиянинг қўллови десак бўлади, - деди Лавров.

Россия Қирғизистонни Божхона иттифоқига киришини қўллаб –қувватлаш мақсадида бундан олдин 1 миллард доллар маблағга эга бўлган қирғиз-рус жамғармасини тузишга ҳам ваъда берган эди. Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, бу маблағ шу кунгача берилган эмас, бироқ Россия бу пулни икки йил ичида Бишкекка ўтказиб беришини маълум қилган.

Айни пайтда Қирғизистон мухолифати Россиядан олинадиган қарзлар унумли ишлатилмаслиги ва ҳукумат амалдорлари томонидан ноқонуний ўзлаштирилишини иддао қилмоқда. Қирғизистон парламентидаги мухолифатчи депутат Равшан Жээнбеков Қирғизистон тарихида Россия ваъда қилган лойиҳаларнинг бирортаси амалга ошмаганини айтди:

- Россиядан берилган қарзлар бизнинг тарихимизда бирор марта самарали фойдаланилган эмас. Масалан, Бакиев даврида Россия 300 миллион доллар берган. Бу пулнинг 100-150 миллионга яқини Қамбарота ГЭСини қуришга ишлатилган. Қолган 150-200 миллион доллари қаерга йўқолганини шу кунгача қидириб топа олмаяпмиз. Россия беришни ваъда қилган 500 миллион долларнинг ҳам асосий қисми ўғирланади, -деди Равшан Жээнбеков.

Россия бундан ташқари Қирғизистонга Қамбарота-1 ва Норин ГЭС каскадларини ҳамкорликда қуриш, бу қурилишларга пул ажратиш ҳақида ваъда берган. Мазкур йўналишда имзоланган шартномаларга мувофиқ, ГЭСларни қуриш шу йилнинг баҳорида бошланиши керак эди. Бироқ бу лойиҳаларни амалга ошириш шу кунгача бошланган эмас.

Ўтган йили Россия Қирғизистон армиясини 1 миллиард долларлик қурол билан таъминлашга ваъда берган. Бу ваъда ҳам ваъдалигича қолиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG