Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш тест натижалари эълон қилинди


Ўзбекистондаги минглаб абитуриентлар интиқиб кутган кун ниҳоят келди: 15 август кечки пайтдан бошлаб имтиҳон натижалари SMS орқали маълум қилина бошлади. Электрон хабарга қаноат қилмаган абитуриентлар эса натижаларни ўз кўзи билан кўриш учун 16 август тонгидан олий ўқув юртларига ошиқди.

Тест натижалари: ғалвир сувдан кўтарилганда

Кимдир юрак ҳовучлаб рўйхатдан ўз натижасини қидирмоқда, яна кимдир хурсандчиликдан ўзини қўярга жой тополмай, яқинларига қўнғироқ қилмоқда, яна кимдир надомат билан дўпписини ерга урмоқда. Начора, омад ҳамиша кулавермайди! “Йиқилган”ларга ҳужжатларини қайтариш ҳам бошлаб юборилган.

Қуйида Ўзбекистон миллий ва Тошкент давлат техника университетларидаги мандат жараёнидан олинган суратлар билан танишинг.

15 август Тошкент вақти билан соат 22:00 дан бошлаб ўзбекистонлик абитуриентлар тест синови натижаларини СМС орқали ола бошлади.

Озодлик радиосига биринчилардан бўлиб боғланган муштарийларимиз ўз хурсандчиликларини билдиришди: ​

"Buxoroda natijalar a'lo! Shofirkon tumanidagi hamma abituriyentlar uyida qiy-chuv Xursandchilik! Hamma adolatli imtihon natijalarini e'tirof etyapti Bu yilgi imtihon haqiqiy bilimlilar bellashuvi bo'ldi. Hozircha xulosalarimiz shunday!"

"Uraaaaaaaaaaa TATu ga kiribman sms keldiiii".

Хоразмлик Илхом ака ҳам қизининг ўқишга кирганидан боши осмонга етганини айтади.

-Қизим давлат грантига қабул қилинибди. Ўз билими билан кирди. Атайлаб қўчқор боқиб қўйгандим, ўқишга кирса сўямиз, деб ният қилгандим. Бугун эрталаб шу қўчқорни сўйиб, қон чиқаривордик, -дейди Илҳом ака.

"DTM test natijalari faqat Ucell abonentlariga kelishi boshladi bu loqaydlik emasmi DTM uchun"

Бункерни ёрдами тегди

Қарши Давлат университетида тест синовларини бункерда ечиб берган талабанинг айтишича, унинг абитуриентлари шартномага етадиган балл тўплаб, талабаликка қабул қилинган.

"Тест имтихонлари қабул қилинган бино яқинидаги бир уйни ижарага олиб, ўша керда бункер ташкил қилган эдик. Мен ўзим уч абитуриентнинг тест саволларини ишлаб бердим. Учалови ҳам контрактга илинди. Афсуски бюджетга тортмади. Агар улар бюджетга ўқишга кирганда договордаги пулни олган бўлар эдикм. Энди, озроқ бўлди, лекин шунисига ҳам шукур. Ўзим ҳам талабаман, контрак пулимга ёрдам бўладиган маблағни ишлаволдим", - дейди исми сир қолишини истаган қаршилик талаба.

Click хизмати орқали ҳам тест натижаларини билиш мумкин

Бу йил олийгоҳларга кириш имтиҳонларини топширган абитуриентлар тест синови натижаларини онлайн пластик карточкаларига уланган Click хизмати орқали ҳам билиб олишлари мумкин.

Бу ҳақда Тошкентдаги Click ширкати ходимаси Озодликка шуларни айтди:

– Click ҳизматига уланиб, билса бўлади. Ҳозир биз ДТМ билан ҳамкорликда шу хизматни йўлга қўйдик. Имтиҳон натижалари Давлат Тест марказидан олингандан сўнг автоматик равишда SMS орқали юборилади. Абитуриент “DTM 2014” бўлимига кириб ўзини рақамини киритиши керак бўлади. Бу хизмат 1500 сўм туради. Пластик карточкангиздан шу пул ечиб олинади. Барча маълумот сайтимизда бор, - деди Click ширкати ходимаси.

Тест натижаларини 5100 рақамига SMS юбориш орқали ҳам билиш мумкин. Мазкур хизмат фақат Ucell компанияси абонентлари учун амал қилади ва 0.75 цент туради.

Тест натижасидан қониқмаганлар арз қилишлари мумкин

Тест натижаларидан қониқмаган абитуриентлар ўзлари ҳужжат топширган олийгоҳ қабул комиссиясига арз қилишлари мумкин. Бунинг учун улар апелляция аризасини топширишлари керак бўлади.

Сирдарёлик Жаҳонгир бу йил Тошкент Жаҳон тиллари университетига тест топшириб, киролмаганини афсус билан гапиради.

- Атайлаб университетга келдим, балки хато бўлгандир, деб. Баллим етмабди. Кўпчилик киролмаганлар хафа бўлиб кетяпти. Тез ёрдам машиналарини ҳам олиб келиб қўйишибди. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Буни кўтара оладиганлар бўлади, йиқилганини билиб, хушидан кетиб қоладиганлар ҳам бўлади. Майли, келаси йил яна уриниб кўрамиз, ҳаёт давом этади, - дейди Жаҳонгир.

Бу йил Ўзбекистонда бакалавриатга 57907 талабалик ўрни ажратилган. Шулардан 19110 – давлат гранти асосида, 37480 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинади.

XS
SM
MD
LG