Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Ўзбекнефтмаҳсулот: "Шохобчаларга керагидан ҳам ортиқ бензин чиқараяпмиз"


Ўзбекистонда бензин тақчиллашиб, ёқилғи шохобчаларида узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлган бир пайтда "Ўзбекнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик ширкати расмийлари бензин тақчиллиги юзага келишида ҳайдовчиларнинг ўзларини айбламоқда.

Ширкатнинг исми сир қолишини истаган расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда ёнилғи шохобчаларига “керагидан ҳам ортиқ бензин чиқарилаётгани”ни айтди.

“Бензин етарли чиқаяпти. Лекин одамлар ҳозир "бензин нархи ошар экан", деб ваҳимага тушиб қолаяпти. Одамлар ўзини ўзи қўрқитиб, ўзини ўзи алдаб қўймоқда. Бензин ошар экан, деб кунлик талабдан бир ярим баравар кўпроқ олиб қўйишяпти. Ҳамма бакини тўлдириб олиш илинжида. Бензин ҳар куни керагидан ҳам ортиқ чиқарилаяпти. Фақат одамлар ҳозир "байрам олди нарх ошади", деб гап-сўз чиқариб юборган. Халқни оғзига элак тутиб бўлмайдику, ўзингиз биласиз”, - деди "Ўзбекнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик ширкати расмийси.

Айрим вилоятларда бензин нархи қўлда 5000 сўмгача чиқиб кетгани айтилади. Давлат нархида бензин бор шохобчаларда эса узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлган.

Ўзбекистонда ёнилғининг бирдан йўқ бўлиб қолиши ва узундан-узун навбатлар пайдо бўлиши фақат бугун бўлаётгани йўқ.

"Ўзбекнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик ширкати расмийси бунга айрим автомобил ёнилғиси қуйиш ҳусусий шохобчалари эгалари айбдор эканини айтди:

- Ҳозирги кунда заправкалар ҳусусий бўлиб кетган. Қўлда нарх ошса улар манфаатдор. Бир хил заправкалар нарх ошиб қолиши мумкин, деб ўзида бензини бўлса ҳам сотмай ушлаб туриши ҳоллари ҳам кўп учрайди. Кечадан бошлаб биз саккизта вазирлик билан биргаликда барча заправкаларни текширишга киришдик. Улар бензинни ушлаб турмай, ҳаридорга давлат белгилаган нархда сотиши шарт. Яна бир бор айтаман, бизда давлат белгилаган нарх бор ва бу нарх ўзгаргани йўқ, яқин орада ошмайди ҳам.

Жорий йил бошидан Ўзбекистонда бензин нархи ошган, натижада Аи-80 маркали бир литр бензиннинг янги нархи 1670 сўм, Аи-91 1835 сўм, Аи-95 эса 2020 сўм қилиб белгилаб қўйилган эди.

Қуйида муаммо манзараси акс этган бир неча материалимизнинг сарлавҳаларинигина келтирамиз: "Бензин тақчиллиги давом этмоқда", "Ўзбекистонда ёқилғи бўҳрони давом этмоқда", "Ўзбекистонда яна ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда".

XS
SM
MD
LG