Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:41

Ўшда ўзбек журналисти калтаклаб кетилди


Қирғизистонлик шоир ва журналист Даврон Насибхонов (Даврон Ҳотам).
Қирғизистонлик шоир ва журналист Даврон Насибхонов (Даврон Ҳотам).

17 август оқшомида Ўшнинг “Маиший хизмат уйи” мавзеида “Интимақ” телерадиокомпанияси ўзбек бўлими муҳаррири Даврон Насибхонов ҳужумга учради. Бу нохуш ҳодисани касбий фаолияти билан боғламаган журналист миллатчилик хуружи сифатида баҳоланиши мумкин бўлган бу ҳужум юзасидан маҳаллий милицияга ариза билан мурожаат қилди.

Якшанба кунги ҳодиса тафсилотларини Даврон Насибхоновнинг ўзи шундай хотирлайди:

- Кеча кечки соат 8 ларда – мен ўзим шаҳарнинг “Дом быта” микрорайонида яшайман – шу ердаги бозорчага нон олиш учун чиқаётувдим. Бирдан йўлимни қирғиз миллатига мансуб бир нотаниш бола тўсди. “Бир нарса сўрамоқчи бўлса керак”, дедим ва у билан қўл бериб кўришдим. Чеккароқда дўконлар бор, шу дўконларнинг орқасига олиб ўтмоқчи бўлди – ҳеч ким кўрмайдиган ерга. “Нима бўлаяпти?” деб у ёқ-бу ёқдан озгина гапирдим. Улар тўрт киши экан. Бошқа бирови келиб, бир гап йўқ, ҳеч қанақа уруш-жанжал йўқ – кўзимга уришни бошлади мушти билан. Шу билан давом этди – униси урди, буниси урди – тўрт киши ҳаммаси. Кейин йиқилиб тушдим. Йиқилганимда ҳам тепишни бошлашди, тепишди, уришди... Энди улардаги мотивация - “сарт” деб, “ўзбек” деб, “сартларга ўлим” деб, шунақа гапларни гапиришди. Кейин магазиндан бир қирғиз бола чиқиб, ажратишга ҳаракат қилди. “Эй, қўй, қўй”, деди. Шу билан озгина имкон бўлди менда нарироққа кетишга. Икки-уч қадам юрганимда яна олдимдан бошқа бир бола чиқди. У билан озгина гаплашиб, “Кайф экансан, бошқа экансан, бўпти энди, мен кетдим бўлмаса” деб турсам, орқамдан келишиб, қулоғимга, бошимнинг орқасига уришди. Кейин бир-икки ўзимни йўқотдим, - дейди Даврон Насибхонов.

Шундан сўнг калтак зарбидан аъзои бадани қақшаб, боши оғриётган журналистни шаҳар касалхонасига олиб боришган.

- Докторга бордик, нейрохирургияга. Улар рентген қилишди. Бурнимда озроқ жароҳат бор, бошимда икки шиш бор. Ҳозир “сотрясение” дейишяпти, оғир лат еган. Томоқлар... ўшандан бери овқатланолмаяпман ҳам, - дейди журналист.

Кечаги воқеадан кейин маҳаллий милиция вакилларига ариза билан мурожаат қилган Даврон Насибхонов бу ҳужумни касбий фаолияти билан боғламайди.

- Айни пайтда редактор сифатида ишлаяпман “Интимақ”да – ўзбек бўлимининг редактори сифатида. Охирги 2-3 ой ичида ўзим қилган мақола ёки кимгадир ёқмайдиган иш қилганим йўқ. Мен фақат тайёр материаллар устида ишлайдиган редактор сифатида ишлаяпман 2-3 ойдан бери, шунинг учун, менимча, унақа нарса бўлмаса керак. Менимча, шунчаки улар жунбушга келиб турган пайтда мен учраб қолдим шекилли, йўлидан чиқиб қолдим шекилли – ким билади, - дейди ўзбек журналисти.

Даврон Насибхонов ишлаётган ҳамда ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашни мақсад қилган “Интимақ” телерадиокомпаниясининг бош директори Данияр Садиев калтакланган журналистнинг табиатан беозор йигит эканини айтади.

- Бизда унақа урушқоқ болаларнинг ўзи йўқ. Оғир-вазмингина, оддийгина бола Даврон ҳам. Мен ҳам кечадан бери Даврон билан юрибман. Кеча эшитишимиз билан уйига келганмиз. Милицияга бордик, больницага бордик. Ҳозир яна больницага олиб бориб, текширтириб, кейин уйига ташлаб келаяпмиз. Милициядагилар ҳам қидиришаяпти ҳозир калтаклаганларни, - деган Данияр Садиев “журналистикани ҳисобга олмаган тақдирда ҳам бунақа ишлар тўғри эмас” дея қўшимча қилди.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев “маиший миллатчилик” деб баҳоланаётган бу каби ҳодисалар ўзи истиқомат қилаётган шаҳарда сўнгги пайтларда кўп кузатилаётганини қайд этади.

- “Касални яширсанг, ўлим ошкора” деган гап бор. Бугунги кунда бытовой миллатчилик борган сари авж олиб кетаяпти. Бунга мен бир нечта мисоллар келтиришим мумкин. Масалан, бир ой муқаддам шаҳидтепалик Маҳмуджон Нишонов – 1977 йилда туғилган бола шу миллатчилик қурбони бўлди. Униям шу йўлда уришиб қўйиб, ўлиб қолди. Ўтган ҳафта Ўш насос заводи ишчиси Қобилжон Усмоновни худди Даврон сингари уришиб, ҳаммаёғи кўкарган, у ер-бу ери синган ҳолда ётибди уйида. Мана, бугунги кунда Даврон... Вообшем, бугунги кунда назар соладиган бўлсак, бытовой миллатчилик борган сари авж олиб бораяпти, десам бўлади, - дейди ўшлик ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда Иззатулло Раҳматуллаев бунақа миллатчилик кўринишларига чек қўйиш учун маҳаллий расмийлар томонидан ўтказилаётган хўжакўрсин тадбирлар камлик қилишини таъкидлайди.

- Раҳбарларимиз телевизордан чиқиб, протокольний қилиб, битта қирғизга дўппи, ўзбекка қалпоқ кийгизиб қўйяпти. Лекин бу ёқда ҳаёт ўз йўлида давом этаяпти, бытовой национализм тўхтамаяпти... Миллатлараро бирдамликни мустаҳкамлайдиган проектларни қилиш керак, ёшларнинг ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, - дейди ҳуқуқ фаоли Иззатулло Раҳматуллаев.

Даврон Ҳотам тахаллуси билан ижод қилиб келаётган 33 ёшли шоир ва журналист Даврон Насибхонов билан содир бўлган ҳодиса сўнгги беш йил ичида Ўшда журналистларнинг, шу жумладан, ўзбек миллатига мансуб журналистларнинг калтакланиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. Масалан, 2009 йили ЎшТВ телеканали бош тасвирчиси Баҳодир Кенжабоев калтакланган, шу йили “Ўш оқшоми” газетаси мухбири Қубаничбек Жўлдўшев уриб кетилган, 2011 йили Reuters ахборот агентлигининг Қирғизистондаги мухбири Ҳулкар Исомова аёллар ҳужумига учраган, шу йили НТС телеканали журналисти Владимир Безбородов дўппосланган, яна шу йили журналист Шоҳруҳ Соипов ҳам калтаклаб кетилган.

Шоҳруҳнинг акаси, ўшлик таниқли журналист, "Сиёсат" рўзномасининг асосчиси Алишер Соипов эса 2007 йили қотил ўқидан ҳалок бўлганди. Етти йил аввалги бу машъум ҳодиса ҳам кеча Даврон Насибхонов калтакланган мавзеда – “Дом быта”да содир бўлганди.

XS
SM
MD
LG