Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:02

23 йиллик тарих: Ислом Каримов ГКЧПни қувватлаган эди


Тарихга “ГКЧП” номи билан кирган ва Ўзбекистон мустақиллигини тезлаштирган омил ўлароқ баҳоланган 19 август путчи содир бўлганига 23 йил тўлди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1991 йил 19-21 август кунлари содир бўлган бу сиёсий воқеадан 11 кун ўтиб, Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган эди.

"Каримов ГКЧПни қўллаб телеграмма ёзган"

"ГКЧП" - Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси номи билан тарихда қолган 19 август путчидан 23 йил ўтиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат мустақиллиги учун курашган лидер ўлароқ тақдим қилинмоқда.

Буни тарихий фактнинг бузиб кўрсатилиши, деб баҳолайдиган аксар таҳлилчилар назаридаги яна бир иддао эса Борис Eлцин Москвада ГКЧПга қарши исён бошлаган бир паллада Ўзбекистон раҳбариятининг жимлик сақлагани ҳақидаги даъводир.

1991 йил ГКЧП жорий бўлган пайтда Тошкентда қамоққа олинган журналист Анвар Усмонов "Ислом Каримов ГКЧПни қўллаб-қувватлаган эди", дея эслайди ва ўз тасарруфида буни тасдиқлайдиган ҳужжатлар борлигини айтади.

- Ўша пайтда СССР халқ депутати бўлган Пўлат Охунов ГКЧП тарафдорлари билан боғлиқ жиноятларни ўрганиш бўйича парламент комиссиясининг аъзоси бўлган. Айнан Пўлат Охунов Ислом Каримовнинг самолёт бортидан туриб, ГКЧПни қўллаб-қувватлагани ҳақидаги телеграммани қўлга киритган. Менда у телеграмманинг нусхаси ҳали ҳам бор, - деб хотирлайди Анвар Усмонов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:04 0:00
Бевосита линк

"ГКЧП ғалаба қилганида Мирсаидов президент бўларди"

Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси – ГКЧП тузилганидан 2 ойча олдин таниқли публицист Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси матбуот хизматига раҳбар этиб тайинланган эди.

Озодликнинг 19 август кунги жонли эшиттиришида қатнашган Шароф ака ўша кунлардаги воқеаларни эслади:

- Агар, ГКЧПчилар ғалаба қилганида эди, Ислом Каримов ҳокимиятдан четлатилган, унинг ўрнига ўша пайтдаги вице-президент Шукрулло Мирсаидов республика раҳбари этиб тайинланган бўлар эди, - деб таъкидлади Шароф Убайдуллаев.

Шароф Убайдуллаев ГКЧП тўғрисида:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:34 0:00
Бевосита линк

Ўзбек мухолифати ГКЧПга қарши чиқди

1991 йилнинг 19 августида Ўзбекистондаги Эрк партияси ва Бирлик ҳаракати фаоллари Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳнинг хонасида тўпланишди.

Муҳаммад Солиҳ ГКЧПга қарши баëнот берди ва бу баëнот Озодлик радиоси орқали ўқиб берилди.

Uzbekistan - Muhammad Solih, Leader of the Opposition Erk party of Uzbekistan
Uzbekistan - Muhammad Solih, Leader of the Opposition Erk party of Uzbekistan

Муҳаммад Солиҳ Горбачевга содиқ бўлган Каримов дўппи тор келганида бирданига унга хоинлик қилган, деб эслайди:

- Каримовнинг 1991 йил 19-21 август кунлари бўлган Янаев путчини қўллаб қувватлаганлигини кўриб¸ Москва жуда ҳайрон қолди. Биринчи навбатда, Горбачëв жуда ҳайратга тушди. Чунки Совет иттифоқини энг охирги дамларгача ҳимоя қилган одам Каримов эди¸ - дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

1991 йилнинг 23 августида - ГКПЧ мағлубиятга учраган куни "Эрк" партияси фаоллари йиғилган ва бу мағлубиятни байрам қилган эди:

20 август куни Муҳаммад Солиҳни қўллаб-қувватлаш учун Ëзувчилар уюшмасига одамлар кела бошлади.

Ўша пайтда уюшмада ишлаган журналист Қудрат Бобожон 20 август куни Пушкин кўчасидаги биринчи уйда жойлашган Ëзувчилар уюшмасида бўлган йиғилишни хотирлади:

1991 ГКЧПга қарши чиққан Эркчилар
1991 ГКЧПга қарши чиққан Эркчилар

- Лекин орадан 5 дақиқа ҳам ўтмасдан Ёзувчилар Уюшмасининг биноси бир неча автобусда келган милиция тарафидан ўраб олинди. Милиция ҳаммани тарқаб кетишга буюрди. Кейин эса Шуҳрат Исматуллаев, Миролим Одилов ва журналист Анвар Усмоновни Олой бозори орқасида жойлашган шаҳар прокуратурасига олиб келишди. Мени эса Ўзбекистон президенти Каримов ҳақида Москва матбуотида салбий мақола ëзган, деб айблашди. ГКЧП мағлубияти боис қамалмасдан қолдим¸ - дейди Қудрат Бобожон.

ГКЧП мағлубиятидан кейин путчни қўллаган Ислом Каримов Ўзбекистон парламенти мажлисида мамлакат мустақиллигини эълон қилиб, ўзининг лавозимдаги умрини узатиришга муваффақ бўлди.

"Каримов озодлик курашчисига айлантирилди"

Ўзбекистондаги янги тарих битилган китобларда президент Каримов мустақиллик учун Москвага қарши курашган қаҳрамон сифатида тилга олинади.

Бу ëлғон, дейди Муҳаммад Солиҳ озодлик билан суҳбатда:

- Бугун “Каримов мустақиллик тарафдори эди” деган гапни айтиш учун ë жуда безбет бўлиш керак, ëки Каримовнинг ëнида туриб айтишга мажбур бўлган жуда қўрқоқ одам бўлиш керак, - деб ҳисоблайди Муҳаммад Солиҳ.

Ислом Каримов 1991 йилда
Ислом Каримов 1991 йилда

Совет даврида - 1990 йилда Марказий телевидение суратга олган фильмда Каримов “Биз иккита халтанинг ичидамиз. Совет Иттифоқидан ташқарида бир кун ҳам яшай олмаймиз” деб хитоб қилгани муҳрланган.

Ўша даврда Каримовни бир тарафдан Москва, иккинчи тарафдан нисбатан эркин парламент назорат қилар эди.

Бу назорат тизимидан биттаси – Москва тарих тақозоси билан йўқ бўлганида, Каримов: “Нега сизлар қарсак чалмаяпсизлар?” деб ўзбек парламенти депутатларидан гина қилган эди.

3 кунлик кураш ГКЧП мағлубияти билан тугади

1991 йил 19 август куни СССР президенти Михаил Горбачев Севастополнинг Балаклав туманидаги Заря дала ҳовлисида уй қамоғига олинди ва унинг ҳамкасблари уни касал деб эълон қилиб, ҳукуматни қўлга олганини билдирди.

Қора денгиз соҳилида дам олаётган Михаил Горбачёвни ташқи дунёдан узиб қўйиш, пойтахт Москвага қўшин киритишга қарор қилинди.

1991 йил 19 августида собиқ СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёвга яқин давлат арбоблари Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси (ГКЧП) тузилганини эълон қилди.

Бу давлат тўнтариши эди.

Демократия тарафдорлари Россиянинг илк президенти Борис Ельцин қароргоҳи - Оқ Уй атрофида баррикадалар қуришди.

Уч кунлик кураш ГКЧП мағлубияти билан якун топди.

XS
SM
MD
LG