Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:31

20 августдан ТошкентГА автобусда йўловчилар ташиш тўхтади


20 августдан бошлаб вилоятлардан автобус ва микроавтобусларда Тошкентга йўловчилар ташиш тўхтатилди. Пойтахтга бўш келган автобуслар вилоятларга йўловчи олиб кетиши мумкин. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати буни Мустақиллик байрами билан боғлиқ тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳлади. Тошкентдаги мардикорлар эса ўз вилоятига жўнатилмоқда.

20 август куни Жиззах вилоятидан Тошкентга йўлга чиққан Ботир Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда йўловчи автобус Жиззах постида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилганини айтди.

- Автобусларни Жиззах постига етар-етмас тўхтатиб қўйишди. У ёғига ўтказишмаяпти. Йўлларни ёпиб ташлашган, деди жиззахлик Ботир.

У Тошкентга кетаётган йўловчи автобус ва микроавтобуслар қатнови тўхтатилгани сабабли одамлар 25 минг сўмдан такси кира қилиб йўлида давом этаётганини айтди.

Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда Тошкентга автобусларда йўловчи ташиш тўхтатилганини тасдиқлади.

- Тўғри, автобуслар бугунги кундан бошлаб Тошкенга юборилмаяпти. Автобуслар бўш боряпти, лекин у ердан тўлиб қайтяпти. Байрамолди хавфсизлик тадбири. Ҳар хил одамлар боряпти пойтахтга. Билиб бўлмайди, нима сабабдан боряпти у ерга. Хавфсизлик учун қилинаётган нарса бу.

Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими барча вилоятларда Тошкентга автобусларда йўловчи ташиш тўхтатилганини қўшимча қилди.

Сирдарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Аваз Анорқулов Озодлик билан суҳбатда бу Ички ишлар вазирлиги буйруғи асосида тўхтатилгани айтди.

- Республика Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмалари бўлади. Бу ўша буйруқ асосида бўлади. Биз ўзимизча автобус ҳаракатини тўхтат, деб айта олмаймиз, деди Сирдарё вилояти Ички ишлар бўлими навбатчи ёрдамчиси.

Аваз Анорқулов Тошкентда иши бор одамлар таксида бемалол бориб-келиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими 1 сентябрдан кейин автобус ва микроавтобусларда Тошкентга йўловчи ташиши қайта бошланишини таъкидлади.

Айни пайтда Тошкентда ҳам Мустақиллик байрами тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар давом этмоқда.

Озодликка қўнғироқ қилган ва электрон почта орқали мактуб йўллаган фуқароларга кўра, пойтахтдаги мардикор бозорлари тарқатилиб, мардикорлар келган вилоятларига қайтариб юборилмоқда.

Ўзбекистонда мардикорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган фаол Абдулла Тожибой ўғли Озодлик билан суҳбатда шу кунларда Тошкентдаги мардикорлар вилоятларга қайтариб юборилаётганини тасдиқлади.

- Байрамолди рейдлар бўлади. Бу давомий. Кундузлари, кечки пайт милиция ходимлари кўплаб рейдлар ўтказади. Вилоятдан келган ҳар бир мардикорнинг ҳужжатларини текширади. Бир хиллари кўнглига тўғри келмаса ёки ҳужжатида камчилиги бўлса, келган вилоятига қайтаради. Ҳар байрамда шунақа бўлади. Ўша қатори бу йилги байрамда ҳам шундай бўляпти. Асосий мақсад байрамларни тинч-осойишта ўтказиш, дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Унга кўра, ҳозирда Тошкентда 9 та мардикор бозори бўлиб, ҳар бир бозорда кунига 300дан ортиқ киши ўзини вақтинча иш билан таъминламоқда.

Ишсизлик сабабли вилоятлардан Тошкентга келиб мардикорчилик қилаётган фуқаронинг бир кунлик ўртача тушуми, тахминан 30 – 40 минг сўмни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG