Краснодар ўлкасидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочишга урингани учун 5 кун кишанда сақланган андижонлик Фахриддин Исроилов ертўладан озод қилинди. Сочидаги “Миграция ва Ҳуқуқ” ташкилоти ҳамда Озодлик суриштируви натижасида бу приёмникда полиция ходимлари ноқонуний равишда ташкил қилган зиндон топилди.
Сочи шаҳрининг Лазаревский туманидаги "Вардане" оромгоҳи ўрнида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказидан 14 август куни қочишга уриниб кўргани учун қўриқчилар томонидан қаттиқ калтакланган ва кишанланган ҳолда зиндонга ташланган 26 ёшли андижонлик Фахриддин Исроилов озод қилинди.
Ўзбекистонлик Бахтиёр Озодлик сўрови билан “Вардане” приёмнигига борган ҳуқуқ ҳимоячилари зиндонга айлантирилган ертўлага ташланган Фахриддин Исроиловни чиқаришга кўмаклашганини хабар қилди.
Маълум бўлишича, қўриқчилар ўзбек муҳожирини кичкинагина ҳовуз устига тахта ташлаб ясалган зиндонда 5 кун ушлагани, кунига икки маҳал овқат бергани аниқланган.
- Кеча Сочидан ҳуқуқ ҳимояси комиссияси келди. Сизларнинг ёрдамингиз билан болани чиқаришди. Бу ердаги ҳолат бўйича уларга ариза ёзиб бердик. Болани ҳақиқатан урган. Охранниклар пулини ва телефонини олиб қўйганини тан олмади. “Чора кўришингизни талаб қиламиз”, дедик. “Ўзимиз сизларга жавоб берамиз”, деди. Бизнинг анча кўнглимиз кўтарилди, раҳмат сизларга. Бўлмасам болани 10 кун деганда чиқаришарди, деди Бахтиёр.
Унинг гувоҳлик беришича, ҳозирда Фахриддин тиббий ёрдамга муҳтож, бироқ маъмурият унинг талабларини инкор этишда давом этмоқда.
Фахриддин Исроилов эса Озодлик радиоси билан суҳбатда ертўладан озод қилинганига қарамасдан, ҳибсда қолаётгани ва оғир аҳволда ётган онасини кўришга кета олмаётганини айтади.
- Ҳақиқатан, онамнинг касал эканини эшитиб, қочишга ҳаракат қилдим. Булар қулоқ солмади, пулини тўлайман, десам ҳам. Кейин ушлаб олишди. Начальник охрана урди-да. Пулимни, телефонимни олиб қолишди. Кечаси билан ухламасдан чиқдим – оёғим оғриди. “Оёғингни синдираман!”, деб ҳаракат қилди, шунда оёғни қайриганда бўғимлар чўзилибди. Бир ярим сутка иккала қўлимда, кейин 3 кун бир қўлимда кишан билан турдим. Жами беш кун наручникда турдим. Подвалда уришганда ҳам бўйрагимга тепганди, икки кун оғриди. Ўзи паспортимни йўқотган эдим. Украинадаги уруш сабабли документи бор-йўқларни олиб келиб, жўнатворяпти, приказ бор деяпти. Элчихона билан гаплашдик, ҳатто тайёр бўлган документларни ҳам олиб келмаяпти экан. Қанақа ҳолат бўлса ҳам, биз тезроқ кетсак бўлди, дейди Фахриддин.
Маҳбуснинг айтишича, у билан бирга махсус приёмникда 6-7 ойдан бери қолаётган бошқа ўзбек муҳожирлари ҳам ёрдамга муҳтож.
Айни пайтда, “Вардане” махсус приёмниги раҳбарияти Озодлик сўровига изоҳ бермаслигини билдирмоқда.
Лазаревский туманида бу марказдаги вазиятни ўз назоратига олган Сочидаги “Миргация ва Ҳуқуқ” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази ходими Семён Симонов Озодликка маъмурият раҳбарлари билан шахсан суҳбатлашгани ва назоратчиларнинг мутлақо ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига эътибор қаратганини билдирди.
- Қўриқчилар ҳаракатларида ҳуқуқ муҳофазаси қизиқишини тортадиган жиноят аломатлари борлиги аниқ. Маъмурият бу ишларга тўлиқ жавобгардир. Бошқа масала, маъмуриятнинг бу сўровларимизга нима жавоб қайтаришини кутиб қоламиз. Яқин орада "Вардане"да сақланаётган одамларнинг шарт-шароитларини яхшилаш устидан иш кетяпти, билишимча улар янги жойга кўчирилади. Бу ерда Фахриддин каби кўплаб Ўзбекистон фуқаролари сақланмоқда, деди Семён Симонов.
Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Сочи шаҳри яқинида жойлашган Хориж фуқароларини вақтинча сақлаш жойидан қочишга уринган ўзбекистонлик муҳожир калтакланиб, кишанланган ҳолатда сақланаётгани тўғрисида Озодлик гапирган эди. Изолятор ичкарисидан хабарни етказган тутқунлардан бирига кўра, бу йигит онасининг аҳволи ёмон бўлганини эшитиб, қочишга аҳд қилган.
Озодлик Россиянинг бошқа ўлкаларида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказларидаги вазиятни кузатиб боришга ҳаракат қилади.
Россияда 2013 йил август ойидан буён Россия ҳукумати бошлаган “мигрантлардан тозалаш” амалиётлари натижасида минглаб меҳнат муҳожирлари майда қонунбузарликлар учун махсус приёмникларга ташланмоқда. Россия ҳукумати Владимир Путин талаби билан мамлакатнинг 83 субъектининг ҳар бирида камида биттадан шундай муассаса ташкил этиш тўғрисида махсус қарор ҳам чиқарди.
Хусусан, Краснодар ўлкаси раҳбарияти қатор нормаларга жавоб бермайдиган Варданедаги муҳожирлар учун махсус приёмник яқин вақт ичида ёпилиб, Абхазия Республикаси билан чегарада қурилаётган янги махсус приёмникка кўчиришни режалаштиргани хабар қилинди.