Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:57

Баракликлар ўз ери Ўзбекистонга ўтиб кетиши мумкинлигидан хавотирда


Барак анклавида яшовчи кишилар.
Барак анклавида яшовчи кишилар.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ичкарисида жойлашган Барак анклави аҳолисининг бир қисмини Қорасув туманида янги қурилаётган Сарикўлўт массивига кўчириш учун 3 миллион доллар ажратди. Айни пайтда баракликлар анклавдан ҳамма кўчиб кетган тақдирда бу ер тўлалигича Ўзбекистонга ўтиб кетиши мумкинлигидан ташвиш изҳор қилмоқдалар.

Қирғизистон бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаевнинг айтишича, ҳукумат янги турар-жой мавзеси қуриш ва Барак аҳолисининг бир қисмини кўчириш учун Россиядан олинган грант ҳисобидан тақрибан 3 миллион доллар ажратган.

- Барак анклави аҳолисини кўчиришимиз керак бу ёққа. Уларга Қорасув туманидан ер ажратаяпмиз.Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёрдами билан у ерга қурилиш материалларини олиб борганмиз. Бюджетимиздан ҳам 155 миллион сўм ажратиб, уни инфратузилма барпо этилишига, жумладан, йўл, ичимлик суви ва электр тармоқлари қурилишига сарфлаймиз, - деди Қирғизистон бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев.

Бу маблағдан Қорасув туманининг Сарикўлўт қишлоқ округи ҳудудида жойлашган Беш Уй участкасига уй қурадиган баракликларга 200 минг сўмдан ёки салкам 4 минг доллардан қайтарилмас ссуда ажратилади.

Аммо ҳозирда Қорасув туманидаги уйларда ижарада турган баракликлар бу маблағ етарли эмаслигини айтмоқдалар.

- Бошида 1 миллиондан берамиз, дейишганди. Кейин 500 мингга тушишди. Сўнг эса 400 мингга тушишди. Ҳозир эса 200 мингдан берамиз, дейишяпти, аммо ўшани ҳам ҳаммасини бирданига бермас экан. Масалан, ер олинганидан кейин бу пулни бўлиб-бўлиб, транш қилиб берар экан. Ҳозир 200 мингга ҳеч нарса келмайди, ҳамма нарса қиммат. Бизга берилган жойда сув ҳам, электр ҳам йўқ экан, адирлик ердан берибди. Бундан ташқари, бизда ҳали коррупция тўла бартараф қилингани йўқ. Бизга келаётган бу пулларни йўлда амалдорлар ўмариб қолса-чи? Бу пулларнинг ҳаммаси янги массивга сарфланармикин ё уларни губернаторлар ва ҳокимлар енг учида ўзлаштириб юборармикин? Шу масалалар устида ҳам бош қотиришга мажбур бўлаяпмиз ҳозир, - дейди баракликлардан бири Камилжан Амирбаев.

Унинг ҳамқишлоғи бўлган Дилшод Эрматов эса баракликларга ажратилган жойда уй солиш учун ҳеч қандай шароит йўқлигини айтиб, “бу ерга ҳукуматнинг ўзи уй солиб берса, яхши бўлар эди”, дейди.

Барак аҳли қишлоғига ҳозирда қийинчилик билан бориб келаётган экан. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан улар учун ажратилган микроавтобус анклавга ҳафтасига бир марта, баъзан эса икки ҳафтада бир мартагина қатнайди.

Шу кунда анклавда 20 чоғли одам баракликлар мулкини қоровуллаб яшаётган экан. Барак қишлоқ ҳукумати раҳбари Бурқанбек Аширбаев анклав аҳлининг ҳаммаси кўчиб кетганидан кейин 300 гектарга яқин майдонга эга бу ҳудуд Ўзбекистонга ўтиб кетиши мумкинлигидан хавотирланади:

- Одамлар яшаб турган пайтда қишлоққа кириб-чиқиш қийин эди ўзи, агар одамларнинг ҳаммаси биратўла чиқиб кетса, бу ернинг келажаги ҳақида бир нарса деёлмаймиз биз. Балки автоматик равишда Ўзбекистонга ўтиб кетар, балки давлатлараро шартномага кўра дахлсиз ҳудуд бўлиб турар – бунисини биз билмаймиз. Аввал бу ҳақида бир қанча вариантлар айтилиб юрган. Ё Ўзбекистон анклавга йўлак очиб бериши, ёки мамлакатлар гектарига гектар қилиб, ҳудуд алмаштириши мумкинлиги ҳақида тахминлар айтилган. Кейинчалик ҳукуматнинг чегаралар делимитацияси бўйича вакили Қурбанбай Искандаров Ўзбекистонга қарашли дейилаётган Баракка олиб борувчи йўл участкаси ҳужжатларга кўра Қирғизистонга қарашли экани ва биз бу ерларни қайтариб олишимиз мумкинлигини айтиб, бизни хотиржам қилиб қўйганди. Энди эса “кўчинглар” дейишяпти, шунинг учун биз бу ерга нима бўлишини билмаймиз, - дейди Бурқанбек Аширбаев.

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарайдиган Барак анклави Ўзбекистон ичкарисида жойлашган бўлиб, қирғиз-ўзбек чегарасидан қишлоққача бориш учун Ўзбекистон ерлари бўйлаб беш чақирим йўл босиш керак. Аввалги йилларда юзага келган зиддиятлар туфайли Ўзбекистон бу ердаги чегара-ўтказиш пунктини ёпиб қўйган. Баракликлар вақт ўтгани сари анклавга кириб-чиқиш қийинлашиб бораётгани важидан қирғиз расмийларидан ўзларини кўчириб олиб кетишни сўрагандилар.

XS
SM
MD
LG