Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:10

Консуллик айби билан спецприёмникдан чиқолмаётган ўзбеклар кўпаймоқда


Россиянинг Коми Республикасидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказида қолаётган ўзбеклар Ўзбекистон консуллигининг лоқайдлиги сабаб юртига кетолмаяпти. Махсус приёмник раҳбари буни тасдиқларкан, Россия ҳибсхоналарида консуллик айби билан узоқ қолиб кетаётган ўзбекистонликлар кўпаяётганини айтди.

Россиянинг Коми Республикаси Ухта шаҳри Водний қўрғонида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказидан Озодликка ёрдам сўраб мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароси Артём Абрамов 5 ойдан буён приёмникда қолаётгани ва уни тарк эта олмаётгани сабабларини тушунтиришга уринди.

- Мен Ўзбекистон фуқаросиман. Бу ерга мени жазо ўташ жойидан олиб келишди ва махсус приёмникда апрель ойидан буён ушлаб туришибди. Қўлимда мавжуд паспортимнинг амал қилиш муддати бир йил олдин тугаган. ФМС ходимларига мурожаат қилганимда, улар бу ҳужжатни ёнимдаги ФМС ходимига топширишим ва улар паспортни олиб элчихонага бориши кераклиги, лекин фақат мени, деб Москвага боришдан бош тортмоқда. Шу сабабли 5 ой бўлди махсус приёмникда жавоб ололмасдан қолиб кетаяпмиз, - дейди ўзбекистонлик Артём Абрамов.

Маҳбуснинг айтишига кўра, муаммо биргина ФМС ходимлари боис ҳал бўлмай қолаётгани йўқ.

Унинг онаси керакли барча ҳужжатларни йиғиб, бир неча марта Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллигига самарасиз мурожаат қилган.

“Мен бу ҳужжатларни махсус приёмникдан ҳам юбориб кўрдим”, дея давом этади Артём Абрамов:

- Биз электрон манзил бўйича Ўзбекистон элчихонасига ҳужжатларни юбордик, аммо уларга ҳам жавоб олмадик. Мана беш ой бўлди бу ерда ўтириб, жавоб оломаяпман. Мана шу беш ой ичида менинг элчихонам бирор маротаба гўшакни кўтармади. Менга эса чиқиш учун биргина арзимас сертификат қоғози керак, холос. Менинг танишларим Москвада элчихона ичкарисига киролмасдан келди. Мана мен билан 4-5 ой ўтирган яна 4 нафар ўзбекистонлик бор. Уларнинг ҳам аҳволи шу, - дейди Артём.

Абрамов Хориж фуқароларини сақлаш марказида кўп муддат қолаётган айнан ўзбекистонликлар эканига эътибор қаратиб, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистон каби давлатлар фуқароларини уйига жўнатиш узоғи билан икки ҳафта вақтни олишини билдирди.

Артём Абрамов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:45 0:00
Бевосита линк

Озодлик Ухта махсус приёмнигида қолаётган Артём Абрамов ва бошқа ўзбекистонликлар масаласида Ўзбекистон элчихонаси расмий сайтида кўрсатилган телефон орқали консулликка қилган мурожаати яна жавобсиз қолди.

Коми Республикаси Хориж фуқароларини сақлаш маркази раҳбари Владимир Свиридов Озодлик билан суҳбатда масала ечими ҳақиқатан консуллик жавобига қараб қолганини маълум қилди.

- Абрамовга ҳақиқатан элчихона қайтишга гувоҳнома бермаяпти. Биз ўзимиз неча маротаба талабнома юбордик, аммо бирорта жавоб олмадик. Бу элчихонага қўнғироқ қилиб, тушиб бўлмайди. Ўзи у ерда консулга мурожаат қилиб, қайтишга ҳужжат олиш керак, бўлди! Ахир биз расмий талабнома юборганмиз. Артёмнинг паспорти муддати ўтиб кетган. Мен бир маротаба консул билан гаплаша олдим. У менга “Бу ерда минглаб одамлар иши билан шуғулланаяпман: мен бу ерда бир ўзим!”, деди. “Ахир одам бир неча ойдан бери ўтирибдику...”, десам, “Ўтираверсин”, деб гапни қисқа қилди. Консулнинг олдига яқинлари бориб, ўзи билан шахсан суҳбатлашмагунча, бу йигит ўтираверадигага ўхшайди. Ўзбекистон ҳукумати жуда бўлмаганда “Артём Абрамов фуқаромиз эмас!” деган ҳужжат берганда, уни фуқаролиги йўқ шахс сифатида озодликка чиқариб юборардик, - дейди махсус приёмникнинг Артём Абрамовга ёрдам бериш устида бош қотираётган раҳбари Владимир Свиридов.

Озодлик Ухта Хориж фуқароларини сақлаш марказидаги вазиятни кузатиб боришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, таҳририят Россиянинг турли ўлкаларидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказларида депортация қилинишини ойлаб кутиб ётган бошқа ўзбек муҳожирлари тўғрисида хабар бериб боради.

XS
SM
MD
LG