Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:03

Душанбеда маҳаллий таксичини сўйгани гумон қилинган зобитлар ушланди


Тожикистондаги Россиянинг 201-ҳарбий базаси аскарлари
Тожикистондаги Россиянинг 201-ҳарбий базаси аскарлари

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги душанбелик таксичини ваҳшийларча ўлдиришда гумон қилинган Россиянинг Душанбе шаҳридаги 201-ҳарбий базаси офицерлари исмларини очиқлади. Бу ҳарбий дивизиянинг 2 зобити айни пайтда қўлга олинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг расмий веб саҳифасида маҳаллий таксичи 36 ёшли Раҳимжон Тешабоевни ўлдирганликда гумон қилинган Душанбедаги Россиянинг 201-ҳарбий дивизияси икки зобити исм-фамилияси эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, Тожикистондаги Россия Мудофаа вазирлигига қарашли 201-ҳарбий базанинг 31691 рақамли ҳарбий қисмида хизмат қилган бўлим командири, 24 ёшли Ильдар Сахапов ва мазкур ҳарбий қисмнинг взвод командири ўринбосари 24 ёшли Фёдор Басимов устидан жиноят иши қўзғатилган.

Рудакий тумани ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича, зобитлар 19 август куни Душанбе яқинидаги кўлдан ўлик ҳолда топилган таксичи Раҳимжон Тешабоевни ваҳшийларча ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Манбанинг айтишча, гумон қилинганлар 26 август куни ҳибсга олинган ва улар ички ишлар бўлимининг изоляторида сақланмоқда.

Бироқ 201-ҳарбий база вакиллари ҳанузгача маҳаллий таксичини ўлдирганликда гумон қилинган ҳарбийлар ҳибсга олинганини рад ҳам этмади, тасдиқламади ҳам.

Терговга яқин манбанинг айтишича, иккала зобит Рудакий тумани прокуратураси ва россиялик ҳарбий терговчилар томонидан сўроқ қилинган.

Манбага кўра, Фёдор исмли зобит таксичи Раҳимжон Тешабоевдан 1500 доллар қарздор бўлган ва у бу муаммони “ҳал қилиш” учун таксичини 18 августда балиқ овига таклиф этган. Кўл яқинида Фёдор ҳайдовчини ушлаб турган, Эльдар эса унинг томоғига пичоқ тортган.

Милиция хабарига кўра, бир қанча гематомалар пайдр бўлган ва бўйни кесилган Тешабоевнинг жасади Рудакий тумани Чимтепа қишлоғидаги кўлдан 19 август куни топилган.

Ўлдирилган ҳайдовчининг укаси Рустамжон Тешабоевнинг айтишича, унинг акаси доим 201-ҳарбий база яқинидаги “Гипроземгородок” стоянкасида таксичилик қилган ва ҳарбий базанинг аскару зобитлари унинг доимий мижозлари бўлган.

Тергов жараёнида унинг “Опель-Астра” автомобилидан Россия фуқароларига оид бир нечта паспорт топилган. Афтидан, бу насияга таксига чиққан мижозларнинг паспортлари бўлган. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, таксичи ғойиб бўлишидан бир неча соат олдин россиялик ҳарбийларни шаҳар четига олиб чиққан.

36 ёшли Раҳимжон Тешабоев уч фарзанднинг отаси бўлиб, асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Рудакий туманининг Варзоб совхозида яшаган.

Россиянинг 201-ҳарбий базаси расмийлари ҳозирча бу воқеага изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG