Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Фарғонада пилла ташкилоти раҳбари қўшиб ёзишда айбланиб қамалди


Сурхондарёда наркокурьерлар 6 миллион долларлик героинни ташлаб қочди. Тошкентда тунда интернет кафега борган болаларнинг ота-онаси жаримага тортилди. Сирдарёда Ҳумо қуши тасвирланган кўҳна шамдон топилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Наркокурьерлар 6 миллион долларлик героинни ташлаб қочди”

Ўзбекистон чегарачилари Тожикистондан олиб ўтилаётган 62 килограмм героинни мусодара қилди (“Новый век”, 28 август). Воқеа Сурхондарё вилояти Узун туманида рўй берган. Чегарачилар Тожикистон томонидан икки нафар шахс чегарани бузиб ўтганини кўриб уларни огоҳлантирган. Икки номаълум шахс чегарачиларни кўргач, қўлларидаги тўртта қопни ташлаб Тожикистон ҳудудига қочишган. Қопларда афғон героини борлиги аниқланган. Қайд этилишича, умумий қиймати 6 миллион долларлик 62 килограмм героин миллион нафар гиёҳвандга бир марталик доза сифатида етади.

“Пилла ташкилоти раҳбари қўшиб ёзиш, порахўрлик ва кўзбўямачилик билан шуғулланиб келган”

Фарғона вилоятидаги “Бувайда-Янгиқўрғон пилла” корхонаси раиси қўшиб ёзиш, порахўрлик каби жиноятларда айбланди (“Ҳуқуқ”, 28 август). Мансабдор номи ошкор этилмаган, аммо у 63 ёшли шахс экани айтилган. Ташкилот 2013 йилда 159,9 тонна пилла сотиш режасини бажармаган. Шундан кейин пилла корхонаси раҳбари 126,5 тонна аслида йўқ пиллани сохта ҳужжатлар тайёрлаб, “давлатга сотган”. Шу тариқа тумандаги юздан зиёд фермер хўжаликлари номига асли мавжуд бўлмаган пилла қўшиб ёзилган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар, шунингдек, мансабдорга тайинланган жазо очиқланмаган.

“Ўзбекистонда соч эктириш қанчага тушади?”

Ўзбекистонда бир тола соч ўтқазишнинг ўртача нархи 4350 сўмни ташкил этади. Умуман, соч ўтқазиш муолажалари соч миқдорига кўра 435 минг сўмдан 4,5 миллион сўмгача тушади (“Оила даврасида”, 28 август). Тиббиёт фанлари номзоди Илҳом Раҳимовнинг аниқлик киритишича, тўкилаётган сочларни бир кундаёқ ўстириб юбориб бўлмайди. Муолажа миқдорини шифокор белгилайди. Аксар ҳолларда 10 мартагача муолажадан кейин соч тўкилиши деярли тўхтайди. Муолажалар ўртасидаги танаффус 10-14 кунни ташкил этади. Битта муолажа 40 дақиқагача давом этади.

“Сирдарёда Ҳумо қуши тасвирланган кўҳна шамдон топилди”

Археолог олим Алексей Грицин раҳбарлигидаги илмий экспедиция Сирдарёнинг Эски Ховос тепалигида Ҳумо қуши тасвирланган шамдон тутқичини топди. Бу ҳақда қатор матбуот нашрлари хабар берди. Олимлар ушбу топилма XI-XII асрларга тааллуқли деб баҳоламоқда. Эски Ховос Буюк ипак йўлида карвонсарой вазифасини бажарган. Ҳозиргача бу ердан яна бошқа кўплаб ноёб археологик ашёлар топилган.

“Контрактга кирган талабалар банкдан кредит олиш имконига эга”

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига тўлов шартнома асосида кундузги бўлимга ўқишга қабул қилинган талабалар тижорат банкларидан таълим кредити олиш имконига эга (“Адолат кўзгуси”, 28 август). Таълим кредити ўқиш даври ҳам ҳисобга олинган ҳолда бакалавриат бўйича 10 йилгача, магистратура бўйича 5 йилгача берилади. Тартибга кўра, талаба ўзи яшаётган ҳудуддаги тижорат банкига мурожаат қилиши мумкин. Етимлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва болаликдан биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларга фоизсиз кредит берилади. Қолган талабаларга Марказий банк белгилаган тартибга кўра ўзгарувчан фоиз ставкалари белгиланади, яъни Марказий банк белгиланган қайта молиялаш ставкаси ўзгариши билан фоиз миқдори ҳам ўзгаради. Қонунчиликка мувофиқ, кам таъминланган оила фарзандларига кредит бўйича фоизнинг 50 фоизи Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан тўлаб берилади.

“Тошкентда тунда интернет кафега борган болаларнинг ота-онаси жаримага тортилди”

Тошкент шаҳри Сергели тумани прокуратураси компютер заллари, интернет кафелар ва ресторанларда рейд ўтказди. Туман прокурори Абдуқаҳҳор Муллажоновнинг “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилишича, бир қатор компютер клублари ва кафеларда тунги 22:00дан кейин Сергели политехника; енгил саноат; туризм ва бизнес коллежлари талабалари ўйнаб ўтиргани аниқланган. Прокурорга кўра, ушбу ҳолатларга алоқадор барча шахсларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Хусусан, тунда интернет кафеда ушлаб олинган талабаларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига мувофиқ жаримага тортилган.

“Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова санъатдан кетишини маълум қилди”

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова 40 ёшга тўлгач санъатни тарк этишини маълум қилди (“Даракчи”, 28 август). “Аммо яқинларим айниқса акам “Ота касбимизни умримизнинг охиригача давом эттиришимиз керак” деб баъзан фикримдан қайтаришади. Санъат соҳасидан кетганимдан сўнг нима иш билан шуғулланишим ҳақида ўйлаб кўрмаганман” деган таниқли хонанда. Айни пайтда, хонанда Мамазоитова Ўзбекистон мустақиллигига атаб бир нечта янги қўшиқ тайёрлагани, байрам дастурида улардан бирини ижро этишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG