Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Милиция биносида ўзига ўт қўйган китоблик ўқитувчи аёл вафот этди


Ўзбек аёллари норозилик сифатида ўзларига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради
Ўзбек аёллари норозилик сифатида ўзларига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради

Қашқадарёнинг Китоб тумани ИИБ биносида ўзига ўт қўйган ўқитувчи Мавжуда Турсунова воқеадан икки ҳафта ўтиб, касалхонада вафот этди. Озодлик манбаларига кўра, 35 ёшли Турсунова ўғлининг милиция ходимлари томонидан калтакланганига норозилик билдириб, 6 август куни ўз жонига қасд қилган эди.

Китоб туманидаги мактаблардан бирида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган Мавжуда Турсунова 6 август куни туман ички ишлар биносининг ичида ўзига ўт қўйган.

Бу ҳақда Озодликка 29 август куни хабар берган китоблик манбага кўра, Мавжуда Турсунова ўғлининг милиция ходимлари томонидан калтакланганига норозилик сифатида намойишкорона ўз жонига қасд қилишга қарор қилган:

"Мавжуда опа синглиси Ҳилола билан 6 август куни милиция бўлимига бориб, бошлиқ билан учраштиришни талаб қилган. Бироқ унга рухсат беришмаган. Шунда у устига бензин қуйиб ҳамма милиционерларнинг кўз олдида ўзига ўт қўйган. Ловуллаб ёнаётган аёлни ҳеч ким қутқариб ололмаган", деди китоблик манба.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ишлайдиган мулозим ҳам норозилик билдириб келган аёллар ўзини ёқишдан аввал милиция биносига ҳам ўт қўймоқчи бўлганини таъкидлади:

“Бир кун олдин бу оила бошқалар билан жанжал қилган. Шу жанжалда ўғли қаттиқ калтакланганми, унисини аниқ билмадиму, ички ишларга ариза ёзган. Эртасига келиб бошлиқ мени қабул қилсин деб тўполон қилган. Бу 6 август куни эрталаб милиция разводи бўлаётган пайтда содир бўлган. Ҳилола Турсунова бошлиқ қабул қилмаса, милисахонангни ҳам, ўзимни ҳам ёқиб юбораман деб милисахонага, ўзига ва опаси Мавжудага бензин сепган. Кейин эса гугурт чақиб юборган. Бензин ёниб бориб опасига туташган ва шундай қилиб у ёниб кетган”, деди ички ишлар мулозими.

Мулозимнинг айтишича, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган ва тергов давом этмоқда.

Исми сир қолишини сўраган Китоб тумани Тиббиёт бирлашмасининг мулозимига кўра, Мавжуда Турсунова шифохонада икки ҳафта ётгач жароҳатлари туфайли вафот этган:

“Бизга 6 август куни Мавжуда Турсуновани олиб келишди. Баданининг 70 фоизи куйган экан, беш кунча бизда ётди, кейин Самарқанд шаҳридаги касалхонага олиб кетишди. Айтишларича, 20 август куни жони узилган экан", деди мулозим.

Озодлик Мавжуда Турсунованинг оиласи билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин бунинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG