Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:57

"Ҳазораспда намунавий уйлар сифатсиз қурилаяпти"


Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар номидан Озодликка мурожаат қилган Ҳамдам Мадаминов Бўстон қишлоғида қурилаётган намунавий уйларнинг сифатсизлигидан шикоят қилди.

Мадаминовнинг айтишича, ўн нафар ҳазорасплик 2013 йилнинг 24 январида "Қишлоқ қурилиш инвест" компанияси билан Бўстон қишлоғида қурилаётган намунавий уйларни харид қилиш бўйича шартнома имзолаган.

Бироқ, Мадаминовга кўра, ўн кишининг барчаси намунавий уйларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилмаганидан норози:

Ҳазораспликлар: Уйларнинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ.
Ҳазораспликлар: Уйларнинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ.

- Отаев прораб эди бу ерда. Ҳазораспда Бўстонда жой қурилди. 2013 йил декабр ойида топшириладиган бўлди бу. Муддатни 2014 йил 25 майга ўзгартирдилар. Ўзлари ўзгартирди буни. Иш бўлмай қолди, шунинг учун узайтиришди буни. Прораб ҳаммамиз билан учрашиб “Бу ерда уста топиб бўлмайди. Ўзларингиз уста топинглар. Мен пулини бераман” деди. Устани ишлатиб юрган эдик, пулларни бермай кетди бу. Фақат ичкари томони қилинаяпти. 10 жойни бошқа прораб, 10 жойни бошқа прораб қурган. Прораб мана бу 10тасининг пулини йўқ қилиб юборган, - дейди Ҳамдам Мадаминов.

Ҳамдам Мадаминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00
Бевосита линк

"Қурилиш ишларида техник носозликлар кўп", дейишди ҳазораспликлар.
"Қурилиш ишларида техник носозликлар кўп", дейишди ҳазораспликлар.

Суҳбатдошга кўра, Бўстон қишлоғидаги намунавий уйлар қурилишига масъул бўлган "Саёт- замин" қурилиш ташкилоти прораби Анвар Отаев уйларнинг бўлажак эгалари шикоятларини эътиборсиз қолдирган.

​"Буюртмачи ва Пудратчи ташкилотлар намунавий уйлар бўйича кредит пулларини олишди, аммо мазкур пуллар қурилишга тўла сарфланмай қурилиш буткул тўхтаб қолди. Бизнинг тезроқ янги уйда тўй қиламан, деб қилган орзуларимиз пучга чиқмоқда. Ушбу ҳолатни текширишга келган Буюртмачи ташкилот ҳам, маҳаллий ҳуқуқ- тартибот идоралари раҳбарлари ҳам, биздан ҳол-аҳвол сўрамай, фақат Пудратчи билан шивир-шивир қилиб, натижали жавоб бермай, кетиб қолишмоқда", дейилади ўн нафар ҳазорасплик номидан Озодликка келган шикоят мактубида.

Бўстондаги намунавий уйларнинг қурилишида сифатсиз материалларидан фойдаланилаётгани айтилмоқда.
Бўстондаги намунавий уйларнинг қурилишида сифатсиз материалларидан фойдаланилаётгани айтилмоқда.

Ҳазораспликлар Бўстон қишлоғидаги намунавий уйларнинг қурилиши ўлда-жўлда эканлигига исбот сифатида бир неча суратни ҳам жўнатишди.

​Озодлик вазиятга ойдинлик киритиш учун Анвар Отаевнинг мобил телефонига боғланди. Ўзини Анвар Отаевнинг рафиқаси деб таништирган аёл эри билан гаплашишга "рухсат" бермади.

Бироқ Бўстондаги намунавий уйлар қурилиши буюртмачиси бўлган "Қишлоқ қурилиш инвест" компаниясининг масъули, ўзини Абдирим оға деб таништирган шахс вазиятдан хабардорлигини айтди:

- Мен ўзим ишга келганимга бир ойча бўлди. Намунавий уйларнинг эгалари қилаётган шикоятлардан хабардорман. Ўрганаяпмиз. Қурилишни сентябрь ойида якунлаймиз. Ҳозир шунга ҳаракат қилаяпмиз, - деди Озодликка Абдирим оға.

Айни пайтда Озодликка бўлган бошқа бир мурожаатда Ҳазораспдаги намунавий уйлар қурилишида тумандаги тиббиёт бирлашмасига қарашли касалхона, қишлоқ врачлик пунктларининг шифокору ҳамширалари иштирок этишга мажбурланаётгани айтилади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳамшираларнинг айтишича, улар қурувчилар чала ташлаб кетган уйларнинг дераза ва полларини ювмоқда, ғишт ташимоқда.

XS
SM
MD
LG