Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:06

Қирғизистон президенти “газ ўчирган қўшнилар"дан оғринди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги бош майдонда нутқ сўзламоқда, 2014 йилнинг 31 августи.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги бош майдонда нутқ сўзламоқда, 2014 йилнинг 31 августи.

31 август куни мустақиллик байрами муносабати билан Бишкекда ўтказилган тантанада нутқ сўзлаган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев қўшни давлат раҳбарларини ўзаро аҳил бўлиб яшашга, бир-бирига зиён келтириш ўрнига ёрдам беришга чақирди.

Якшанба куни сўзлаган табрик нутқида президент Алмазбек Атамбаев юртдошларига мурожаат қиларкан, “ички ва ташқи душманлар"ни мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганликда айблади.

- Мана, бу йил ҳам қўшнилар газни ўчириб, элимизни синаяпти. Бунга айниқса ўзимизнинг сассиқ сиёсатчилар суюнишяпти “зиддият чиқаришга баҳона топилди” деб. Ички ва ташқи душманлар Қирғизистон бўлиниб, йўқ бўлсин, деб тилаб ўтиришибди. Қирғизистоннинг ўзимиздан бошқа ҳеч кимга кераги йўқ. Буни очиқ тушуниш керак. Ўз ичимизда низолашиб, бир-биримизни айблаб, бўлинсак, душманларнинг оловига мой сепган бўламиз. Бирдам, аҳил эл бўлолмасак, мустақилликни ҳам сақлай олмаймиз, - деди Алмазбек Атамбаев қирғиз тилида сўзлаган нутқида.

Рус тилида сўзлаган нутқида эса Қирғизистон президенти тантанада ҳозир бўлган элчилар орқали - билвосита қўшни давлатлар раҳбарларига мурожаат қилди.

- Бугун бу ерда хорижий мамлакатлар, шу жумладан, қўшни мамлакатлар элчилари ҳам ўтирибди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, улар орқали қўшни давлатларнинг раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли қўшнилар, келинглар, аҳил бўлиб яшайлик. Келинглар, бир-биримизга зиён келтиришнинг ўрнига ёрдам берайлик. “Қирғизистонда яқинда яна инқилоб бўлади, фақат ташқаридан озгина туртки бервориш, қўллавориш, ичкаридаги мухолифатни молиялаштирвориш керак”, деб уқтираётганларга ишонманг. Бунақа нарса энди ҳеч қачон бўлмайди! Биз ўзимизнинг “араб баҳори”мизни бошимиздан ўтказиб бўлдик. Биз энди бошқа мамлакатмиз. Энди биз билан куч мавқеида туриб гаплашиш мумкин эмас. Қирғизистон эндиликда ҳеч кимнинг олдида тиз чўкмайди, - дея таъкидлади Алмазбек Атамбаев.

Ўз сўзида давом этаркан, Қирғизистон президенти мамлакатнинг аввалги расмийлари баъзан газ сўраб, баъзан фуқаролар учун йўл очишни ё юклар учун темир йўлни очишни сўраб, қўшниларнинг олдига “таъзим”га борганларини ва турли масалаларда уларга ён беришга мажбур бўлганларини, бу эса чегараолди ҳудудларида Қирғизистонни боши берк кўчага олиб кириб қўйганини қайд этди.

- Ахир ўтган бу йигирма йил ичида электр узатиш линияларини ҳам, подстанцияларни ҳам, айланма йўлларни ҳам қуриш ва ҳатто газ қарамлигидан қутулиб кетиш мумкин эди. Нима учун айнан шу йил чегараларда зиддиятлар кўпайиб кетди? Нима учун айнан шу йил бизга газ бермай қўйишди? Чунки бу ишни қилганлар 1,5 – 2 йилдан сўнг тўлалигича уларга қарамликдан халос бўлиб олишимизни тушунадилар, - деди Алмазбек Атамбаев.

Эслатиб ўтамиз, шу йил апрель ойида “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан кейин Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатиб қўйганди. Бунга Қирғизистонда газ таъминоти билан шуғулланувчи корхона эгаси ўзгаргани, у билан эса янги шартнома тузилмагани сабаб экани айтилганди.

Кечаги нутқида Алмазбек Атамбаев ўтган ҳафта “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан учрашув чоғида шу йил октябридан Россия Қирғизистонга газнинг минг куб метрини аввалгидек 224 АҚШ долларидан эмас, балки 165 доллардан сотиши ҳақида келишувга эришилганини қайд этди.

Шунингдек, Қирғизистон президенти “Газпром” келаси йил баҳоридан мамлакат шимоли ва жанубини боғлайдиган газ қувури қуришни бошлаши ҳамда Жалолобод вилоятида жойлашган газ конлари разведкасига киришишини маълум қилди.

Атамбаев “Газпром” ширкати газ йўқлигидан азият чекаётган жанубий вилоятлардаги энергетикага оид вазиятни яхшилаш учун 20 миллион доллар ажратишини ҳам қўшимча қилди. Айни пайтда у мазкур лойиҳалар 2016 йилга қадар поёнига етмаслигидан ҳам огоҳлантирди.

Қирғизистон президентининг мустақиллик тантанасида сўзлаган нутқи жамоатчилик орасида турлича баҳоланмоқда.

Жумладан, қирғизистонлик сиёсатчи Эдил Байсалов президент томонидан байрам куни қўшниларни танқид қилинганини тўғри иш, деб ҳисобламайди.

- Энди қўшнилар орасидагина эмас, туғишганлар орасида ҳам тушунмовчиликлар бўлиб туради. Бироқ бу муносабатларни байрам куни тузатиш, дипломатик муомала қилиш ўрнига қайтадан ярани тирнаб, тўғри бўлмаган сўзлар айтилди, деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам, қўшни Ўзбекистон билан Тожикистон бизга яқин давлатлар. Кейинги ҳафта Алмазбек Атамбаев Душанбега бориб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этади. Бу сўзларни ўша ерда ҳам айтса бўларди. “Ҳаммасини Москва ҳал қилади, Путиннинг қўллаши билан ҳал бўлиб кетади”, дейиш ҳам бўлмайди-да. “Менинг биттагина дўстим бор, ўша билангина дўст бўламан, бошқаларнинг кераги йўқ”, деган сиёсат бизга тўғри келмайди. Тиз чўкмаймиз, деймизу, бироқ битта давлатга қарам бўлиб қоляпмиз, - дейди Эдиль Байсалов.

Сиёсат фанлари номзоди Бақит Ўрунбеков ҳам президент Атамбаев дипломатик этикадан чиқиб кетди, деб ҳисоблайди. Аммо қирғизистонликлар орасида “Атамбаев яширмасдан, борини айтди” деб, уни қўлловчилар ҳам кам эмас.

- Тўғри, аниқ, борини очиқ айтаяпти. Аввалгилардай беркитиб-яшириб ўтиргани йўқ, - деди кеча Бишкек бош майдонида президент Атамбаевнинг сўзини бевосита тинглаган Асан исмли қирғизистонлик фуқаро.

XS
SM
MD
LG