Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:41

Фориш Тез ёрдам маркази ёрдамга муҳтож


 Фориш Тез ёрдам маркази биноси.
Фориш Тез ёрдам маркази биноси.

Жиззах вилояти Фориш туман Тез ёрдам маркази биноси уч йилдан буён таъмирталаб ва қаровсиз аҳволда ётибди. Озодликка боғланган марказ ходимлари ойлик маошлари камлиги, ўз вақтида берилмаслиги ва тез ёрдам машиналарининг эскилигидан нолишди.

Фориш туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Тез ёрдам марказининг бир гуруҳ ишчилари Озодликка мурожаат қилиб, 2011 йилдан буён аянчли аҳволда ётган марказ биносининг бугунги аҳволи акс этган бир қанча суратларни жўнатишди.

Фориш Тез ёрдам маркази.
Фориш Тез ёрдам маркази.

Тез ёрдам маркази дея тақдим қилинган суратларда бино деворларининг сувоғи кўчиб кетгани, ярим чала таъмирлаш ишлари, бино ичкарисининг ўта ташландиқ ҳолатда экани акс этган.

“Тез ёрдам биносини капитал ремонт қилиш учун пул ажратилган. Лекин уч йилдан буён тез ёрдам ремонт қилинмаяпти. Лекин кир ювиш хонаси жуда яхши ремонт қилинган. Ремонт учун ажратилган пуллар марказий шифохона раҳбарларининг чўнтагига кетаяпти. Ремонт бўлади деганда, 2 этаж бўлади, дейишганди. Лекин ажратилган пуллар қаергадир кетаяпти. Тез ёрдам марказидаги хоналар жуда кичкина, ичига одам сиғмайди”, дейди Фориш туман Тез ёрдам марказининг ходимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тез ёрдам марказининг яна бир ишчиси ҳозирда ушбу марказда учта тез ёрдам машинаси борлиги ва уларнинг барчаси эскилигидан шикоят қилди:

“Скорийга Хундай машинаси берилади, дейилганди. Лекин берилмади. Дамас машиналари бузилиб қолса, уларнинг ремонтини шофёрларнинг бўйнига қўйилаяпти. Бензин баъзида бўлади, баъзида бўлмайди”, дейди Тез ёрдам марказининг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Суҳбатдошларимизга кўра, ҳозирда Тез ёрдам марказида етмишга яқин ишчи ишлайди. Ишчилар маошлари камлигини айтиб, ойликлари кечикиб берилишидан ҳам норозилигини гапиришди:

“Ойликларимиз кам чиқаяпти. Ставка бўйича тўламаяпти. Ўз вақтида берилмайди. Ойликлар бир ой баъзида бир ярим ойга кечикади. Ҳамманинг ойлиги пластик карточкага ўтказилади. Нақд пулни фақат врачлар олади. Улар 50 фоизини нақд олишади”, деди Тез ёрдам марказининг бошқа бир ишчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Фориш туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Аваз Бегиев Озодлик билан суҳбатда Тез ёрдам маркази биносида таъмирлаш ишлари келаси йил амалга оширилишини айтди:

- Тез ёрдамнинг олдинги биносини ҳашар йўли билан битказганмиз. Иккинчи қисмига қўшганмиз. Ҳаражат қилмай, ўзимиз ҳашар йўли билан қурганмиз. Ҳали у ишга туширилмаган қисми. Ўзи эски бино. Бир қисми ишлаб турибди. Бир қисми энди ҳашар йўли билан қилганмиз. Эшик дераза қўйилган, ремонт бўлмаган. Инвестиция дастурига янаги йилга киритмоқчимиз. Ўша бинони бутунлай замонавий ҳолга келтириш учун 53 миллион сўмга смета қилдирганмиз. Энди уни ремонтини бошлашимиз керак. Ҳозир ҳалиги счётига бизда 5 фоиз фонд дейди. Ўша фонддан тушган пулдан режалаштириб турибмиз. Лекин у бино умуман давлат томонидан қурилганмас. Бу каби ўзимиз қурган бинолар бир талай бизда, - деди Аваз Бегиев.

Суҳбат давомида бирлашма раҳбари Бегиевга ишчиларнинг ойлик маошлари борасидаги шикоятлари билан боғлиқ савол бергандик, у телефон гўшагини қўйиб қўйди ва бошқа қилган қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Шу билан ишчиларнинг ойлик маошлари ва тез ёрдам машиналари борасидаги шикоятлари жавобсиз қолди.

XS
SM
MD
LG