Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:07

"Болам русча ўқисин..."


Uzbekistan - first-graders during their first day at school in Tashkent, 03Sep2012
Uzbekistan - first-graders during their first day at school in Tashkent, 03Sep2012

2 сентябр куни Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили бошланди. Ярим миллион ўзбекистонлик бола ўрта мактабларда билим олишга киришди. Уларнинг аксари ўзбек тилида сабоқ олади. Аммо, йилдан-йилга ўз фарзандларини рус тилида ўқитишга иштиёқманд бўлган ота-оналар кўпаймоқда. Бунинг сабаби нимада?

Рус тилини ўқитишга эҳтиёж ошмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рус тилидаги таълимга талаб кучаяётгани сезилмоқда. Ўзбекистон Республикасида 130 зиёд миллат ва элат вакиллари яшайди. Давлат тили саналган ўзбек тилидан кейинги ўринни мавқеи жиҳатидан рус тили эгаллайди.

Кўплаб ўрта таълим муассасаларида рус синфлари асосан рус тили она тили бўлмаган болалар билан тўлдирилмоқда.

"Болам русча ўқисин..."
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:24 0:00
Бевосита линк

Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қиладиган Шаҳноза фарзандларини рус мактабига берганини рус тили ва маданиятига бўлган шахсий ҳурмати билан тушунтирди.

- Биринчи ўринда, тил билиши учун рус тилига топширдим. Менда рус тилига, русларнинг ҳаётига нисбатан ҳурматим жуда катта. Улардан ўрганиши мумкин бўлган кўп жиҳатлари бор деб ҳисоблайман. Уларнинг характери, ҳаётга бўлган муносабати ёқади. Русларнинг ҳамма нарсани ўз номи билан айта олиши, тўғрисўзлиги ёқади. Бизда ўзбекларда бу нарсалар ўргатилмайди. Мана 23 йилдан бери “Мустақиллик, мустақиллик”, дейишади. Мен ўзим ўқитувчиман. “Миллий истиқлол ғояси”, “Ватан туйғуси” деган фанлар кучайса кучайяптики, лекин бирор натижасини сезмаяпман! деди тошкентлик ўқитувчи Шаҳноза.

Шаҳноза билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00
Бевосита линк

Фарзандларини бошқа сабаб, бугун Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб муҳожир бошдан кечираётган қийинчиликлардан сақлаш учун рус тилида ўқитаётганлар ҳам кўпчиликдир.

Россияда меҳнат қилаётган андижонлик Қобилжон Озодлик билан суҳбатда рус мактабида таҳсил олган ўғли келажакда ўзи каби қийналишини истамаслиги ва замонавий техника-технологияларни шу тил ёрдамида тезроқ ўрганишини айтади.

- Ҳозирда гаплашаётган телефонларимиз ҳам, компьютер-телевизорлар ҳам Ўзбекистонда рус тилидаги программалар асосида киритилган. Биз ўзбек мактабида ўқиганмиз - тушунмаймиз кўп нарсаларни. Лекин мақсадим катта бўлиб бизга ўхшаб Россияга чиқиб ишлаш эмас, балки техникани ўргатиш. Қишлоқларда чуқурлаштирилган рус мактаблари йўқ. Ўзим тумандан узоқда яшайман, лекин райцентрга қатнаб ўқитмоқчиман. Бунинг орқасидан инглиз ва бошқа тилларни ўрганади. Ўзим бир вақтлари ўрганмаганим учун қийналиб юрибман, дейди Сахалинда қурувчилик қилаётган Қобилжон.

Суҳбатдошнинг фикрича, ўзбек боласи она тилини уйидагилардан ҳам ўрганиб олади, унутмайди.

Россияда узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган Шерзодбек эса фарзандларини Россияга олиб келиб ўқитишни режалаштирмоқда.

- Мен бу ерда хотиним билан ишлайман, иккаловимиз бир жойдамиз. Шунчаки болларни бу ерга олиб келмоқчи эдим. Болларимни бу ерда мактабга бермоқчиман. Ўғлим русчани сал-пал билади, русча боғчага борган. Рус тилини умуман унутиб кетмаслиги учун рус мактабига топширдим. Рус тилини билиб олса, ўзбек тилини барибир биладику, деди Шерзодбек.

Унинг гапларини тасдиқлаган яна бир Озодлик суҳбатлашган муҳожир – Авазбек рус тили мактабларида билим чуқурроқ ўргатилади, дейди.

- Ўзбек мактабларида дарслар ўтилади, лекин чуқурлаштирмасдан ўтади. Эртага бегона давлатга чиққанида қийналиб қолмаслиги, тилни билиши учун керак, дея гапни қисқа қилди Авазбек.

“Ўзбекистонда расман бўлмаса-да, икки давлат тили мавжуд...”

Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчилик қилаётган ва исмини ошкор қилишни истамаган Озодлик манбаси Ўзбекистон Таълим вазирлиги 2013 ўқув йили якунида 9892 жами умумтаълим мактаблар сонидан рус тилида таҳсил берилаётганлари 848 мактабни ташкил этишини билдирди.

Рус тили ўқитувчиси Ўзбекистонда рус тилига бўлган эҳтиёжнинг ошиб бораётганини бошқа сабаблари билан ҳам тушунтиришга уринди.

- Рус тили расмий мақомга эга бўлмасада, иккинчи давлат тили бизда рус тили бўлиб қолмоқда. Чунки ҳужжатларнинг аксар қисми рус тилида олиб борилаяпти, амалда икки давлат тили юритилмоқда. Иккинчидан, нормал ишга жойлашиш учун рус тили ёки жуда бўлмаганда инглиз тили талаб қилинаяпти. Рус тилини билганга компьютер асосларини ўрганиш ҳам осон, илмий ишингизни рус тилини билмасдан ҳимоя қилишнинг иложи йўқ. Яхши, замонавий дарсликлар бизга рус тилида етиб келяпти. Учинчидан, фуқароларимизнинг асосий қисми Россияга кетяпти ва ўша ерда пул ишлаяпти. Рус тилини билиши эса унинг даромадига бевосита таъсир этиши яққол намоён бўлиб қолди. Шу учун рус мактабларида 80 фоиз ўқувчи – ўзбек-тожик-қозоқ болалар, дея ўз фикрини билдирди рус тили ўқитувчиси.

Маълум бўлишича, бугунга келиб Ўзбекистон миллий мактабларида таълим дастурига биноан рус тилини ўрганишга ҳафтасига 2 соат ажратилган (рус мактабларида ҳам ўзбек тили учун ҳафтасига 2 соат ажратилган).

Айни пайтда, у Ўзбекистондаги 50 фоиз коллеж ва 90 фоиз лицейларида рус гуруҳлари фаолият юритмоқда, деди. Суҳбатдош Ўзбекистон олий ўқув юртларининг аксарида рус тили биринчи курсдагина ўқитилиб, 76 соатга қисқартирилганини маълум қилди.

Совет давридан одат бўлиб қолганидек, МДҲ доирасида “миллатлараро мулоқот тили” саналган рус тилида Ўзбекистон аҳолисининг корейс, татар, қозоқ, озарбайжон, немис, украин ва бошқа миллат вакиллари таҳсил олишган, ўзларини рус маданиятининг бир қисми сифатида ҳис этиб келган.

“Столетие” нашри чоп этган маълумотларга кўра, бугунга келиб Ўзбекистонда рус ва рус тилида сўзлашувчилар сони аҳолининг умумий сонидан 14,2 фоизни ташкил этади.

Олиб борилган қатор тадқиқотлар Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда, рус тилида сўзлашувчиларнинг камайишини нафақат демографик ва миграция масалаларига боғламоқда. Мустақил бўлган республикаларда титул миллат тилида сўзлашувчилар сонини кўпайтириш ва рус тилини камайтиришга қаратилган махсус сиёсат ҳам олиб борилаётгани бунга сабаб бўлгани айтилмоқда.

Россиялик жамиятшунос Леонид Арефьев олиб борган тадқиқотларида 2012 йилга келиб 41 фоиз ўзбекистонлик рус тилини билишини қайдга олган. Тадқиқотчи Ўзбекистон аҳолисининг 14 фоизи рус тилидан кундалик ҳаётда доимий фойдаланиб келаётганини ҳам аниқлаган. Леонид Арефьев “мамлакат Россиядан қанчалик узоқда бўлса, шунчалик рус тилини билувчилар сони кам”, деган хулосага келди.

XS
SM
MD
LG