Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Гулистонда судья, прокурор ва адвокат суд залида қўлга олинди


27 август кунги маҳкамада безорилик ва жинсий тажоввузга доир жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлган.
27 август кунги маҳкамада безорилик ва жинсий тажоввузга доир жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлган.

Гулистон шаҳар жиноят ишлари бўйича судида ўтган ҳафта фавқулодда ҳодиса рўй берди. Безорилик иши бўйича ўтаётган маҳкама пайтида, шаҳар суди раиси, прокурор ва адвокат Миллий хавфсизлик хизматининг махсус гуруҳи томонидан суд залидан олиб чиқиб кетилди. Учовлон Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сафида кейини ойларда ўтказилаётган “тозалаш” тадбирининг навбатдаги ўлжаси бўлди.

Ўткир сюжетли фильм учун мавзу бўладиган ҳодиса Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар жиноят ишлари бўйича судида ўтган ҳафта рўй берди.

27 август куни жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида ўтказилаётган маҳкама пайтида, кутилмаганда Сирдарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати махсус гуруҳи суд залига кириб келди ва судья, давлат қораловчиси ҳамда судланувчининг адвокатини олиб чиқиб кетди.

Гулистон шаҳар судидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича, қўлга олинган шаҳар суди раиси Абдураззоқ Шерқўзиев, прокурор Шукрулло Норжигитов ва адвокат Комилжон Раҳмоновлар тил бириктирган ҳолда пора олганликда гумонланмоқда.

Гулистонда судья, прокурор ва адвокат суд залида қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00
Бевосита линк

Озодлик манбасига кўра, 27 август кунги маҳкамада 1989 йилда туғилган фуқаро устидан безорилик ва жинсий тажоввузга доир жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлган.

Гулистон шаҳар судидаги манбамизнинг айтишича, МХХ терговчилари учовлонни безорилик ва жинсий тажовузда айбланган 25 ёшли судланувчидан пора олган, деган версияни ўрганмоқда.

Лекин Гулистондаги бошқа манбамизга кўра, судья, прокурор ва адвокат жабрланувчи қиздан пора олган бўлиши мумкин, деган версия ҳам бор.

Шу билан бирга, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди раиси ҳибсга олинган бўлса-да, келаси кунлар ичида кўриб чиқиладиган жиноят ишлари жадвалида унинг исми эълон қилинаётганини айтади Озодлик манбаси.

Гулистондаги воқеа ҳуқуқ-тартибот идораларида кейниги ойлар ичида ўтказилаётган “тозалаш” тадбирининг бир қисми, деб кўрилмоқжда.

Ўтган ҳафта бошида, Қашқадарёда Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев билан бирга яна бир неча амалдор ҳибсга олинган эди. Ундан аввалроқ эса, МХХнинг 12 нафар зобити узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ичидаги тозалаш жараёни натижасида сўнгги 2-3 ой ичида МХХ, ички ишлар, прокуратура, божхона, солиқ тизимида юзлаб ходимлар ишдан олингани ва кўплари қамоққа ташлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG