Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:10

Владивостокдаги ўзбеклар ФМСдан безор бўлган


Владивостокнинг Снеговая Падь мавзесида меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари барча ҳужатлари жойида бўлишига қарамасдан ФМС ходимлари томонидан асоссиз жаримага тортилаётганини гапирмоқда. Сўнгги пайтларда Россиянинг бошқа ўлкаларида меҳнат қилаётган муҳожирлардан ҳам назорат идоралари устидан тушаётган арз-шикоятлар сони ошиб бормоқда.

Россияда совуқ тушиши ва йирик қурилишларда иш тўхташи олдидан кўплаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нафақат иш берувчи, балки полиция ва Федерал миграция хизмати ходимлари босимига учраётганидан арз қилмоқда.

Владивостокнинг Снеговая Падь микрорайонидаги Россия Мудофаа вазирлиги буюртмаси асосида қурилаётган қўп қаватли уйлар қурилишида ишлаётган ўзбек муҳожирлари ФМС назоратчиларидан безор бўлганини Озодликка гапириб берди.

Ўзини Толибжон деб таништирган самарқандлик қурувчи йигит барча ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан шериклари жаримага тортилганини айтади.

“Миграция ходимлари истаган жойдан сизни айбдор қилиб чиқариши мумкин”, дейди суҳбатдош:

- Снеговойда 22 қаватли военний шаҳарчада ишлаяпмиз. Бизнинг самарқандликларнинг бештасида разрешение на работу бор. Ҳаммаси тўппа-тўғри, хатоси бўлиши мумкин эмас, лекин уларга 57 қанчадан ҳам штраф қилиб юборди. Яна қанчасини патентлари билан огоҳлантириб, бир-иккитасини депорт қилиб юборган. Ахир ишга рухсатнома берганидан кейин уни ФМС штраф қилишга ҳаққи йўқ-ку, тўғрими? Айби нима эмиш – улар кладка қилаятган эмиш, разрешение на работуда “разнорабочий” деб ёзганмиш. Нима бўлса ҳам стройкани иши, фарқи йўқ-ку! 5 киши жами 30 мингдан ортиқ пулга штраф қилинди, 13 киши депорт қилинди – бу менинг ўзим билганларим,- дейди самарқандлик Толибжон.

Муҳожирнинг айтишича, депортация қилинган қурувчи йигитларга 15 кунлик муҳлат ичида Россия ҳудудидан чиқиб кетиш шарти қўйилган.

Толибжон полиция ва ФМС рейдлари вақти-вақти билан бўлиб туриши, охирги рейдда 100га яқин ўзбек, вьетнам, корейс, арман мардикорлари машиналарга босиб олиб кетилгани, у эса қочиб қутулганини маълум қилди.

Аниқланишича, Снеговая ҳарбий шаҳарчаси қурилишида юзлаб ўзбекистонликлар ёлланиб ишлайди. Озодлик билан суҳбатлашган Толибжон уларни ишга ёллаган кўплаб воситачи фирмаларнинг ноқонуний иш фаолияти касофатига қонуний ишлашни истаётган муҳожирлар қолаётганини гапириб берди.

“Адолат” Приморский ўлкаси ўзбеклар жамияти раҳбари Баҳодир Нураков воситачи ва ноқонуний схемалар асосида фаолият юритаётган фирмалар ўз ишчиларини ҳимоя қилишга қодир эмаслиги, чунки ўзлари қонун олдида нопок эканини гапиради.

Ўзбеклар жамияти раҳбари ҳужжатлари жойида бўлган муҳожир ФМС ва полиция текширувидан қўрқмаса ҳам бўлаверади, дейди. У ўзбекистонлик мардикорларга иш берувчидан албатта бирор ҳужжат талаб қилишни тавсия қилди:

- Энг аввало, патент билан юридик шахсларга ишлаш мумкин эмас. Иккинчидан, бизнинг ўзбекларимиз ҳам жуда кўп-да. Биз айтяпмиз: расман ишламасаларингиз, шартномасиз ишласангиз ҳам қора қоғозга “Мен, мана шу адресда яшовчи Фалончиев, бу одамларни ишга ёлладим”, деб иш берувчи кўрсатсин ва қўл қўйиб берсин – биз у пулни аниқ олиб берамиз. Ўша нарсани ҳатто қилмаяпмизда! 30-35 минг рубл ваъда қилишади, аммо 5-10 минг рубл аванс бериб, иккинчи ойга тўхтаб тур дейди. Иккинчи ой ҳам ўтади, ишлаб қўйган – кетай деса, кета олмайди, ўртада қолиб кетади. Бунақалар жуда кўп,- дейди ўзбеклар жамияти раҳбари.

Баҳодир Нураков меҳнат муҳожирлари ҳимояси билан энг аввало минтақаларда мавжуд ўзбеклар жамиятлари шуғулланиши кераклиги, улар маҳаллий идора раҳбарияти билан доимий алоқада бўлиб туриши ва айрим идора ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини фош этиб бориши кераклигини айтди.

Суҳбат сўнггида”Адолат” жамияти бошлиғи Владивостокнинг Снеговая Падь ҳарбийлар шаҳарчасидаги қийин аҳволга тушган ўзбек муҳожирлари мурожаатлари юзасидан текширув ўтказишини маълум қилди.

******************

Материал эфирга узатилаётганида Пенза Ўзбеклар жамиятидан Озодлик сўровига жавоб келди.

Жамоа раҳбари Сатимбой Бердиев полиция ходимлари томонидан поезддан тушуриб қолдирилган қашқадарёлик Миршод Чориев миграция картаси қалбаки экани учунгина жавобгарликка тортилиб, 15 кун ичида Ўзбекистонга депортация қилинишини маълум қилди.

24 ёшли шаҳрисабзлик Миршод Чориев Мордовиянинг Рузаевка шаҳар транспорт полицияси уни пора берганликда айблаб, поезддан тушириб қолдирганини Озодликка хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG