Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Пахта сафарбарлиги Қўйлиқ бозоригача етди


6 сентябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ қурилиш бозорига борган Бектемир туман ҳокими ўринбосари дўкон соҳибларига келаси ҳафтада тумандан пахта теримига одам жўнатиш лозимлигини, пахтага бора олмайдиганлар 800 минг сўмдан пул йиғиб бериши кераклигини айтган. Бу ҳақда Озодликка ҳокимият вакиллари ўтказган мажлис иштирокчилардан бири маълум қилди.

Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ қурилиш (М.И.Т.Строй Сервис) бозоридаги дўкон соҳибларидан бири Озодлик билан суҳбатда шанба куни туман ҳокими ўринбосари ва департамент вакили бозорга келиб, ҳар бир дўкондан биттадан одам пахта теримига бориши лозимлигини, пахтага бора олмайдиганлар 800 минг сўмдан пул йиғиб беришлари кераклигини айтганини иддао қилди.

- 6 сентябрь куни соат 11 да ҳаммани бир жойга йиғиб, мажлис ўтказишди. Бозорнинг ўзига туман ҳокими ўринбосари ва департамент вакили келди. Кеч қолганим учун отларини била олмадим.

Улар: “Мана, 5 сентябрдан пахта мавсуми бошланди. Кейинги ҳафтадан Бектемирдан одам жўнатишимиз керак. Кимки боролмаса, дўкон бошига 800 минг сўмдан пул тўласин. Ёки бўлмаса, ўзинглар бориб, териб келларинг. Биз Сурхондарё ёки Қашқадарёда одам ёллаб, (пахтани) ўзимиз тердиртириб оламиз”, дейишди, - дейди дўкон соҳиби.

Суҳбатдошга кўра, Бектемир туман ҳокими ўринбосари ва департамент вакили ўтказган йиғилишда Қўйлиқ қурилиш бозоридаги 70-80 чоғли дўкондор қатнашган.

Унинг иддаосича, Бектемир туман ҳокими ўринбосари ва департамент вакили Қўйлиқ қурилиш бозоридаги пахтага бора олмайдиган дўкончилар пулни келаси ҳафтада йиғиб беришлари кераклигини айтган.

- “Кейинги ҳафтада битта одам келади, пулни қаторма-қатор йиғиб берасизлар”, деди, - дейди қурилиш материаллари билан савдо қиладиган дўкон соҳиби.

Маҳаллий ҳокимият расмийларининг пахтага бора олмайдиганлар 800 минг сўмдан пул йиғиб бериши кераклиги ҳақида айтган гапига мажлис қатнашчиларидан бирортаси эътироз билдирмаган.

Исми сир тутилаётган дўкончи мажлисда ҳамма мулзам бўлиб тургани сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Агар эътироз билдирсангиз, бозордаги дўконларнинг ҳаммаси аренда эмасми - эртага сизни у ердан ҳайдаб чиқариб юборишади, тушуняпсизми? Ёки налоговийни бостириб юборади.

Шунинг учун мажлисда бор гапни эшитиб-эшитиб, индамасдан қайтаверасиз. Бошқа иложи йўқ, - дейди дўкон соҳиби.

5 сенябрь куни Қашқадарë вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармасида мажлис ўтказган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев¸ Озодлик манбалари йўллаган хабарга кўра¸ бу йилги пахта терими мавсумида мактаблар¸ шунингдек, лицей ва коллежларнинг 18 ëшга тўлмаган ўқувчиларини далага чиқармаслик ҳақида қатъий буйруқ берган.

Қашқадарë вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармасида мажлис ўтказган Ўзбекистон Бош вазири нафақат Қашқадарë¸ балки бутун мамлакат миқëсида олий ўқув юртлари талабалари¸ қолаверса¸ давлат ва жамоатчилик ташкилоти ишчи-хизматчиларини ëппасига пахта теримига жалб қилиш ҳақида кўрсатма берган.

Ушбу кўрсатма асосида пойтахт Тошкент ва вилоятларда пахта теримига оммавий сафарбарлик жараëни қизиб бораётгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG