Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:02

Жалолободда махсус хизмат ходими ҳуқуқ фаолига даф қилди


4 сентябрь куни эрталаб Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида фаолият юритувчи “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг катта юристи Маҳаммаджон Абдужапаров ўз офисида ҳужумга учради. Кейинчалик ҳуқуқ ҳимоячисига ҳужум қилган кишининг Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходими экани маълум бўлган.

Пайшанба куни содир бўлган можаро ҳақида Озодликка Маҳаммаджон Абдужапаровнинг ўзи маълум қилди.

- Тўртинчи число куни бўлганди [бу воқеа], эрталаб соат 8.20 да. Ишга келсак, 2-3 минутдан кейин орқамизда ўша одам келди. “Келинг,келинг”, деб кўришдик. Шунақа дейишим билан: “Сен менинг машинамни қисиб қўйдинг”, деган гапларни қилди. Мен: “Машинам қачондан бери кўчада турибди. Машинамда регистраторим бор, агар қисиб қўйган бўлсам, регистраторимни кўр” десам, унақа-бунақа деб, ёмон гаплар билан сўкинди. Бизнинг қоровулимиз бор эди рус киши, у ўртага тушмоқчи бўлса, унга ҳам реакция қилмади. Кейин мен “милицияга қўнғироқ қиламан” десам, милициянинг телефони банд экан. Яна келиб, ёқалашиб кетди, мени бўғиб, шкафга тираб қўйди. Яхшики, ёнимизда кафе бор эди, ўшандан бир-иккита ходимлар югуриб чиққанидан кейин уларни кўриб, кўчага чиқиб, машинасига ўтириб кетворди. Машинасининг номерини ёзиб олдим, - дейди ҳужумчининг исмини очиқламаган жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Кўп ўтмай Маҳаммаджон аканинг танишлари ҳужумчи ҳайдаб келган машина Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Жалолобод вилоят бошқармаси биноси олдида турганини маълум қилишган. Бошқармага қўнғироқ қилган ҳуқуқ ҳимоячиси у ёқдан “бизда бундай ходим ишламайди” деган жавоб олган.

Шундан сўнг Маҳаммаджон Абдужапаров бўлган воқеа юзасидан ариза ёзиб, унга офис видеокузатуви тасвирларини илова қилиб, Жалолобод шаҳар ички ишлар бўлимига топширган. Суҳбатдошимиз ўзини милицияга ариза ёзишга ундаган сабабларга ҳам тўхталди.

- “Ёшинг ўтиб қолган экан, ўзбек экансан, ёшингга қарамасдан, у қилиб юбораман, бу қилиб юбораман” деган гапни қилувди, ўшанга жоним чиқиб кетди. Бизнинг офисга кираверишда ёзилиб турибди “Справедливость” укук коргоо уюми (ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти демоқчи – таҳр.) деб. Шу ерга келиб, бизга шунақа муомала қилган одам оддий одамларга қандай муомала қилиши мумкин, ўзингиз ўйлаб кўринг-чи, - дейди ҳуқуқшунос Маҳаммаджон Абдужапаров.

Тушдан кейин ҳуқуқ ҳимоячисига Давлат миллий хавфсизлик қўмитасидан қўнғироқ қилишиб, Маҳаммаджон ака билан тўқнашган одам ҳақиқатан вилоят бошқармасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаши маълум бўлгани, у яқинда ишга келгани учун кўпчилик танимаслигини айтишган.

Суҳбатдошимиз фикрича, ўзи жамоатчилик хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаши керак бўлган кишининг бошқаларга таҳдид қилиши ҳеч бир қолипга сиғмайди.

- Хўп, мен унинг машинасини қисибман. Айб менда бўлганда ҳам, менинг устимдан аризани ёзиб туриб, ички ишлар бўлимига топшириб қўйса бўларди-ку. Ё бўлмаса кирганда, удостворениесини чиқариб, “мен шунақа ходимман, ака, мени мана шундай қилиб қисиб қўйдингиз машинада” деганда – менда видеорегистратор бор – “ука, мана, видеорегистраторни кўр”, дердим. Кирибоқ ҳужум қилишни бошлади-да, - дейди Маҳаммаджон Абдужапаров.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли яқин кунларда ёзган аризасининг натижасини билиш учун ички ишлар бўлимига мурожаат қилмоқчи. Аммо Қирғизистон жанубида милицияга мурожаат қилган этник ўзбекларнинг кўпи ёзган аризалари натижасиз қолаётганини қайд этмоқдалар. Хусусан, уч ҳафта муқаддам Ўш шаҳрида тўрт йигит томонидан калтаклаб кетилган ўзбек журналисти Даврон Насибхонов, ҳодиса юзасидан жиноий иш очилганига қарамай, жиноятчиларни топиш ишида олға силжиш бўлмаётганини айтади.

Сўнгги икки ой ичида Қирғизистон жанубида этник ўзбекларни калтаклаб, таҳқирлаб, тўнаб кетиш бўйича Озодликка камида бешта воқеа маълум. Бу воқеалардан бирида ҳатто бир киши нобуд бўлган, аммо бу жиноятларнинг биронтаси ҳали очилган эмас.

XS
SM
MD
LG