Ўтган ҳафта рус матбуоти Россия ички ишлар вазирлиги хабарига таяниб Москванинг Ясенево туманида бир гуруҳ марказий осиёлик қўлга олингани тўғрисида ёзди. Бу ҳақда хабар қилмаган деярли бирор нашр қолмади. Исломшунос мутахассислар буни Россия махсус хизматларининг “эстремизм ва терроризмга қарши кураш” тадбирини жамоатчиликка намойиш қилишнинг ўзига хос усули эканини таъкидламоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Владимир Коновалов Озодлик билан суҳбатда Россия ИИВнинг жиноят-қидирув бўлими бош бошқармаси ходимлари Москва шаҳридаги ҳамкасблари билан биргаликда Ясенова туманидаги квартиралардан бирида ЎИҲ аъзоларини қўлга олганини маълум қилди:
- Ўтказилган тезкор амалиёт чоғида радикал исломга эътиқод қилган ва келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган одамлар яшаган квартира аниқланди. Бу одамлар тақиқланган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари бўлган. Москвада улар ғайриқонуний тарзда сохта паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бошқа ҳужжатлар тайёрлашган,- деди матбуот хизмати ходими.
Владимир Коноваловга кўра, бу квартирадан 200та Россиянинг ички ва 15та хорижий паспорти, шунингдек, 40дан ортиқ хорижий мамлакат паспортлари топилган.
"Бу болалар ҳатто намоз ўқимайди..."
Бу хабар ортидан Озодликка мурожаат қилган ва қўлга олинган йигитларни яхши танишини айтган ўзбек муҳожири Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётган йигитлар ҳатто намоз ўқимаслигини маълум қилди:
- Бу болалар ҳатто намоз ўқимайди. Ичида биттаси соқол ўстириб юрган – ўшанга гумон қилишганми... Бу ерда ҳеч қанақа террорист-перрорист бўлиши мумкин эмас. Жами Казанский вокзал атрофида ҳужжат савдоси билан шуғулланадиган 400-500 одам ишласа, ҳаммаси билади қўлга олинган болларни. Мана озод қилинибди – “Петровка-38” передачасидан кўриб ҳайрон қолдим: “радикал исломий” деяпти – қандай қилиб унда қўйиб юборди уларни?- дейди исмини очиқлашни истамаган ўзбек муҳожири.
Айни пайтда суҳбатдош қўлга олинган йигитлар паспорт, тиббий китобча, ишга рухсатнома ва меҳнат муҳожирлари учун зарур бўлган бошқа сохта ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланиб келганини тасдиқлайди:
- Бу паспортлар билан чет элга чиқиш у ёғда турсин – кўчагаям чиқиб бўлмайди! Масалан, бошқа давлат фуқаросига 20-18 минг ойлик, россияликка – 40-45 минг ойлик беради. Шу учун бир маротаба олиб бориб кўрсатиш учун қилинган паспортлар. Бу болалар ҳужжат билан шуғулланадиган болалар, террорист эмас,- деди ўзбекистонлик йигит.
Россия Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда ҳибсга олинган шахслар “Ўзбекистон” исломий ҳаракати аъзоси бўлган тожикистонликлар экани айтилади.
Россия ИИВ матбуот хизматининг Владимир исмли яна бир вакилидан "Марказий осиёликларнинг қайси белгилар асосида Ўзбекистон исломий ҳаракатига мансублиги аниқлангани" тўғрисида сўрадик:
- Билмадим, бу релизни бизга Жиноят-қидирув бўлимининг бош бошқармасидан юборишди. Тўғриси, қаердан бу маълумотни улар олганини айта олмайман,- дея гапни қисқа қилди полиция расмийси.
Россия Ислом қўмитаси асосчиси, файласуф ва жамоатчилик арбоби Ҳайдар Жамол мусулмонларга қарши фобияни кучайтириш Россияда одатий ҳолга айланганини гапирди. У бундай “исломий гуруҳларга қарши амалиётлар” ҳисобот учун тайёрланади, дейди:
- Бу одатий тус олган махсус хизматларнинг фирибгарларга қарши фирибгарлиги. Улар дуч келган одамни ушлаб, хавфли одам дея эълон қилиши доимо кузатилмоқда. Бу нафақат Россияда, Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, Кавказ республикаларида ҳам одатга айланди. Ташқи кўринишидан мусулмон бўлса етарли – уларга қарши иш сохталаштирилади ва бу бечоралар умрида эшитмаган ташкилотларга аъзоликда айбланади. Ўзбекистон Исломий ҳаракати Москвада пайдо бўлишига мен шахсан ишонмайман, бу кулгили. Одатда бу ерда ушланган мусулмонларни Ҳизбут Таҳрирга аъзоликда айблашади,- дея муносабат билдирди Ҳайдар Жамол.
Россияда муҳожирларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб ҳибс қилиниши илк бор кузатилаётгани йўқ.
Жорий йилнинг май ойида Россия ИИВи Москва вилоятининг Ногинск шаҳрида 27 ёшли эркакнинг ЎИҲга гумонланиб ушланганини хабар қилган эди.
2011 йилнинг декабрь ойида Москва вилоятида қўлга олинган бир гуруҳ мусулмонлар Москвада террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга тайёргарлик ва героин савдосида айбланган эди.