Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:13

Cotton Campaign: Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни тақиқлаши керак!


Ўзбекистонда одамларни пахта теришга мажбурлаш тақиқланиши ва тақиқни бузганлар жазоланиши керак. Бир неча ҳуқуқ ташкилотини бирлаштирувчи Cotton Campaign гуруҳи Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилинган бир пайтда Тошкент ҳукуматига шундай тавсия билан мурожаат қилди.

Ўзбекистонда ҳукумат белгилаган пахта режасини бажариш учун расмийлар бу йил ҳам фермерларни тазйиқ остига олиб, катталар ва ёш болаларни пўписалар билан пахта далаларига ҳайдай бошлагани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда бу каби замонавий қулликни дарҳол тугатиш керак, дейилади Cotton Campaign гуруҳи баёнотида.

- Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш учун бу мамлакатда ҳукумат одамларни пахта теришга мажбурлашни бутунлай тақиқлаши, бу тақиқни бузганларни жазолаши керак. Фермерларга ишчиларни ёллаш имкони берилиши, пахта терувчиларга меҳнатига лойиқ ҳақ тўланиши керак. Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига пахта секторидаги аҳвол билан танишишларига изн берилиши лозим. Шунингдек, пахта сектори ислоҳ қилиниб, ҳукумат пахта сохасига сарфлайдиган ҳаражат ва пахтадан кўрадиган даромадлари ҳақида Олий Мажлисга ҳисобот бериши керак. Биз Ўзбекистон ҳукуматини шу тавсияларга амал қилишга чақирамиз,- дейди Cotton Campaign гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали.

Cotton Campaign: Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни тақиқлаши керак!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:40 0:00
Бевосита линк

Cotton Campaign гуруҳи вакили, Ўзбекистонда пахтадан кўриладиган даромад ҳақида ҳатто Ўзбекистон парламенти ҳам бехабар қолиши умуман қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир.

- Мамлакат қишлоқ хўжалиги сектори бу йил ҳам ўзбек пахтасидан кўриладиган даромаддан яна қуруқ қолиши тайин. Бу маблағлар қаерга кетганини ҳатто Ўзбекистон парламенти ҳам текширолмайди. Бу замонавий қулликдир ва ўзбек ҳукуматигина сиёсий ирода топиб, бунга чек қўя олади,- дейди Cotton Campaign гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар ортидан Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассисларини пахта далаларида мониторинг ўтказишларига рухсат берди.

16 ёшгача бўлган болаларнинг пахта теримига чиқарилишини чеклади. Бу йил ҳам Ўзбекистон ҳукумати расмийлари коллеж талабалари ва ўқувчилар пахтага чиқарилмаслигини айтмоқда.

Лекин, Ўзбекистон ҳукумати пахта планини бажаришни фермерлар зиммасига юклар экан хосилни териб олиш давлат хизматчилари зиммасига тушмоқда.

Бу йил ҳам ўтган йилдаги каби бир миллион одамнинг пахта теримига мажбурланишига оид хавотирлар бор.

Cotton Campaign гуруҳи фаолига кўра, Ўзбекистонда ҳозирданоқ ўқитувчилар ва шифокорлардан пахта теримига ўз ихтиёрлари билан боришлари ҳақида, мажбуран, ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилиб, тилхатлар олинмоқда.

Шунингдек, олий ўқув юрти талабаларининг ота-оналарига ҳам фарзандларининг пахтага чиқарилишига рози эканликлари ҳақида тил хатларга имзо чектирилмоқда.

Озодлик мухбири ҳам суриштирув ўтказиб, шундай фактларни аниқлади.

– Пахтага чиқасизлар, чиқмаганлар ишдан ҳайдаласанлар, деяпти. Пахта термасанглар ариза ёзинглар, ишдан кетинглар, сизла ишламасанглар, ишлайдиган кўпа, деган гапларни айтишади,- дейди Тошкент Давлат Тиббиёт институти қошидаги клиникасининг исмини айтмаган ходими жума куни Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Қорақалпоғистонда эса янги ўқув йили бошланар-бошланмас ўқитувчилар пахта теримига ҳайдаляпти.

Бу ҳақда исми сир қолишини истаган қорақлпоғистонлик собиқ мактаб директори шуларни айтди.

- Ўқувчилар бу йил пахтага чиқарилмайди. Уларни ўрнига ўқитувчилар пахта теради. Ҳар бир мактабда пахтага борадиган ўқитувчиларни рўйхати тузиляпти. Навбатлашиб пахтага чиқишади, - деди исми сир қолишини истаган қорақалпоғистонлик собиқ мактаб директори.

Сирдарёда эса маҳалла фаоллари участка милиция нозири ҳамрохлигида уйма-уй юриб одамларни пахтага ҳайдаяпти.

- Оиладан бир одам пахтага чиқиши керак, деяпти. Мажбур экан, акс холда штраф тўлайсизлар, деяпти. Ҳозир ўқувчилар чиқмас экану, шунга қатталар чиқиши керак, деяпти,- дейди сирдарёлик Бахтиёр ака.

Ўзбекистонда йилига пахтадан қарийб 3 ярим миллион тонна хосил олинади. Ғарб давлатларидаги юздан зиёд ширкат Ўзбекистон пахта саноати мажбурий меҳнатга асослангани сабаб бу мамлакат пахтасига бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG