Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

"LAGMAN HOUSE" кафеси соҳиби ҳибсга олинди, укаси қидирилмоқда


Тошкентдаги "LAGMAN HOUSE" кафеси сентябрь ойи бошида ўтказилган текширувдан кейин ёпиб қўйилди. Озодлик манбасига кўра, хўрандалар орасида машхур кафенинг ёпилишига унинг соҳибларидан бири диний айбловлар асосида қидирилаётгани сабаб бўлган.

Тошкент шаҳрининг Фаробий кўчасида жойлашган "LAGMAN HOUSE" кафеси 3 сентябрь куни Санитария-эпидемиология станцияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тўсатдан текширув ўтказилганидан кейин ёпиб қўйилди.

Озодлик манбасига кўра, кафе соҳибларидан бири Одил ҳибсга олинган, укаси Исмоил қочиб кетган.

- 3 сентябрь куни ўттизтача одам келиб, ҳамма орган вакиллари, МХХ, ИИВ, шаҳар ИИБ вакиллари ва участкавойлар ҳам лағмонхонага киришган. Қаерда нима туришини олдиндан билишган. Ҳар йили текширувчилар келиб кафе оз вақтга ёпилар эди. Бу сафар унақа бўлмади.

Кафени Рустам, Одил ва Исмоил исмли ака-укалар юритишган. Рустам Туркия фуқароси бўлиб кетиб қолганига анча вақт бўлган. Одилни ҳозир қамаб қўйишган. Исмоил лағмонхона ёпилишидан 2-3 кун олдин қочиб кетган, дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, орган ходимлари "LAGMAN HOUSE" кафесида ўтказилган текширув жараёнини видеотасвирга туширган, кафенинг харажатлари ёзиладиган дафтарини олиб кетишган.

- Бунақа жойларга одатда СЭС текшируви бахона киришади. Текширувчилар дарров кассаларига ёпишишган. Кафеда кунига 5-6 миллион сўмлик гўшт ишлатилган. Гўштнинг ҳисоб-китоблари ёзилган дафтарни олиб кетишган. Лекин қаерда нима туришини текширувчилар олдиндан билишган.

Озодлик манбаси иддаосига кўра, "LAGMAN HOUSE" кафесини юритган уч ака-ука намозхон йигитлар бўлган аммо улар диний гуруҳларга аъзо бўлмаган.

Суҳбатдош фикрича, орган ходимлари Исмоилни диний мотивлар асосида қидирмоқда. Уни топишнинг иложи бўлмагани учун кафеда текширув ўтказиш бахонасида акаси Одил ҳибсга олинган.

- Асосий мақсад укаси Исмоилни тутиш бўлган. Уни тутишга ҳаракат қилиб оқасидан тушишган. Ўша куни Одил укаси Исмоилнинг машинасини ҳайдаб чиқиб кетган. Адашиб Одилни ушлашган. Уни қўйиб юборишган пайтда Исмоил Ўзбекистондан чиқиб кетган бўлган. Шундан кейин 3 сентябрь куни ошхонани босишган. 4 сентябрь куни ошхонанинг иши бахона Одилни олиб кетишган, дейди Озодлик манбаси.

Ҳозирда Одилнинг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ҳибсда сақланаётгани тахмин қилинмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда "LAGMAN HOUSE" кафеси хўжайинларидаги бири ҳибсга олингани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Суҳбатдошга кўра, "LAGMAN HOUSE" кафесида ошпазлар билан бирга 50-60 нафар одам ишлаган. 2003 йилдан бери ишлайдиган кафеда бир кунда мингдан зиёд одам овқатлангани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG