Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:35

"Ҳизб"да гумонланган фарғоналик тўрт диндор аёл ҳибсга олинди


Фарғона вилояти Бувайда тумани Деҳқонобод қишлоғида яшовчи тўрт нафар диндор аёл 15 суткадан буён вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда. Ҳуқуқ- тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, диндор аёллар Ҳизб ут- Таҳрир исломий ташкилотига алоқадорликда гумонланилмоқда.

Бувайда тумани Деҳқонобод қишлоғидан бўлган тўрт аёл ҳозирда Қўқон шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди.

Озодликка диндор аёлларнинг исми-шарифи ва касб-кори маълум эмас. Фарғонадаги ҳуқуқ- тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, деҳқонободлик тўрт аёлнинг энг кичиги 24 ёш, энг каттаси 44 ёшда бўлиб, барчаси намозхондир.

15 кундан буён ҳибсда ушлаб турилган тўрт аёлга нисбатан ҳали расман бирор айблов илгари сурилмаган.

Ҳуқуқ- тартибот идоралари расмийларига кўра, аёллар Ҳизб ут- Таҳрир ташкилотига алоқадорликда гумонланилаяпти, лекин уларга нисбатан жиноий иш ҳали очилмаган.

“Биз ҳозир айбловларни кўриб чиқаяпмиз. Улар Ҳизб ут- Таҳрир гумони билан ҳибс қилинган. Лекин ҳали иш очилмади, статья қўйилмади. Тўрттаси ҳам Қўқон ИВСига жўнатилган. МХХ, прокуратура, милиция ҳамкорликда суриштирув ўтказаяпти. Уларга албатта дело очилади. Лекин ҳали қайси статья экани номаълум”, деди Фарғона ҳуқуқ- тартибот идораларидаги манба.

Фарғона вилоят ИИБсидаги бошқа бир манбага кўра, деҳқонободлик тўрт аёл Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- ва 244 моддалари бўйича айбланиши мумкин.

“Ҳамма ҳизбчиларга шу пайтгача ЖКнинг 159- статья яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш статьяси албатта қўйилган. Бу аёлларга ҳам шу статья қўйилиши 90 фоиз аниқ. Яна бу аёлларга ЖКнинг 244-статьяси 1- ва 2-банди қўйилиши мумкин. Бу статьялар кўриб чиқилаяпти. Диндор аёллар Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик, сепаратистик ташкилотларда иштирок этишда гумонланилмоқда”, деди Фарғона ИИБсидаги манба.

Ўзбекистонда намозхон аёлларнинг ҳизбчилик ва ваҳобийликда айбланиб, қамалиши тез-тез кузатилади.

Жумладан, жорий йил июль ойида Тошкент вилоят жиноят ишлари суди етти нафар аёлни "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳига алоқадорликда айбдор деб топди. Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида истиқомат қилувчи судланувчи аёллардан бирига саккиз йиллик қамоқ жазоси берилган, қолган олтиси шартли равишда озод қилинган.

Жорий йилнинг 14 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди янгийўллик олти аёлни ҳам ҳизбут, ҳам ваҳобийликда айбдор деб топиб, муслималарни шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

XS
SM
MD
LG