Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:08

МТСнинг асосий ҳиссадори Владимир Евтушенков устидан жиноий иш очилди


Евтушенков Путинга садоқатли олигархлардан бўлиб келган.
Евтушенков Путинга садоқатли олигархлардан бўлиб келган.

Россиянинг энг бой одамларидан бири бўлган Владимир Евтушенков 17 сентябрга ўтар кечаси уй қамоғига олинди.

Москва шаҳар Басманний туман маҳкамасининг чоршанба кунги қарори билан Евтушенков пойтахт ташқарисидаги ҳовлисида эҳтиëт чораси сифатида 16 ноябрга қадар уй қамоғида сақланадиган бўлди.

Расмийларга кўра¸ Евтушенковнинг¸ уй қамоғига ҳукм қилинган бошқа фуқаролар каби ҳар қандай алоқа воситасидан фойдаланиши тақиқланган¸ телефон¸ компютер ва бошқа алоқа воситалари олиб қўйилган. Шунингдек¸ олигарх уй қамоғида қолиш жараëнида ўз ҳаракатини кузатиш имконини берувчи электрон кишан тақиб юришга мажбур.

Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби Владимир Маркин чоршанба куни Евтушенковга қарши жиноий иш очиш учун жиддий асос-далиллар мавжудлигини эълон қилди:

- Бу жиноий ишни ўрганиш жараëнида терговчилар Евтушенковни жуда катта миқëсдаги мулкни¸ жиноий йўл билан қўлга киритганликда айблаш учун етарли далилни қўлга киритди. Евтушенковга айблов эълон қилинди ва шу боис маҳкама олди чекловлари¸ яъни икки ойлик уй қамоғи жорий қилинди. Бу иш юзасидан тергов давом этмоқда. Қўлга киритилган катта миқдордаги ҳужжатлар мутахассислар томонидан таҳлил қилинади¸ деди Тергов қўмитаси расмийси 17 сентябрь.

Ўзбекистонга қайтаётган МТС уяли алоқа ширкатига ҳам эгалик қилган Система ҳолдинги раҳбари Евтушенков "Башнефть" акцияларини сотиб олиш жараёнида пул ювиш амалиëтида иштирок этганликда айбланмоқда.

Қораловчилар иддаосича¸ Евтушенков Бошқирдистон собиқ президенти Муртазо Раҳимовнинг ўғли Урал Раҳимов жиноий йўл билан қўлган киритган Бошқирдистондаги нефть ширкатини 2009 йилда сотиб олиш орқали кенг кўламли пул ювиш амалиëтларида иштирок этган.

Бу айбловга муносабат билдирган Система ҳолдинги матбуот котиби Олга Гудина¸ “Башнефт”нинг сотиб олиниши қонуний бўлганини билдирди:


- АФК Система раҳбарияти Бошқирдистондаги Ëнилғи ширкати акцияларини сотиб олиш қонуний ва шаффоф бўлган деб ҳисоблайди. Ширкат тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда ва мавжуд қонуний усуллардан фойдаланиб ўз ëндашувини ҳимоя қилишга уринади¸ деди Евтушенков етакчиси бўлган ҳолдинг матбуот котиби.

Президент Путинга яқин кўрилган миллиардер Евтушенковга қарши жиноий иш очилиб¸ уй қамоғига олингани Россия жамоатчилиги ўртасида жиддий шов-шувга сабаб бўлди.

Воқеани шарҳлаëтган аксар кузатувчилар¸ бу иш ортида Кремлнинг кўланкадаги хўжайини – кулранг кардинал¸ Роснефть раҳбари Игорь Сечин турганини тахмин қилмоқда.

Фаразларга кўра¸ Евтушенковнинг “Башнефт”ни Сечин таклиф қилган нарх ва шартлар асосида сотишни истамагани¸ унинг бошига бало бўлган.

“Россияда бизнес қилишнинг оддий ва шаффоф қоидаси бор¸ у ҳам бўлса¸ Сечин сотиб олишни сўраган бизнесни унга совға қилишдир”¸ дейилади бу хусусда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган шарҳлардан бирида.

Аксар кузатувчилар¸ Система раҳбарига нисбатан бошланган жараëнни Россиянинг энг бадавлат одами саналган Михаил Ходорковский ва у бошқарган ЮКОС бошига тушган кўргуликларга қиëсламоқда.

Айнан Игорь Сечин томонидан уюштирилгани айтиладиган бу жараëн оқибатида ЮКОС раҳбарлари ҳам оғир иқтисодий ва молиявий жиноятларда айбланиб¸ ширкат раҳбарлари¸хусусан Ходорковский узоқ йиллик қамо жазосига ҳукм қилинган эди.

Халқаро жамоатчилик босими остида ўтган йили қамоқдан озод этилиб¸ ҳозирда Швейцарияда яшаëтган Ходорковский¸ Евтушенковга нисбатан ҳам ўзи ва ширкати устида яхши синовдан ўтган айни усуллар ишга солинаëтганини билдирди.

Евтушенков ишининг Россия АҚШ ва ЕИ иқтисодий санкциялари зарбасига дуч келаëтган кунларда очилиши¸ кузатувчилар таъкидича¸ Россиядаги бизнес иқлимининг нақадар оғирлашаëтгани ифодасидир. Мутахассисларга кўра¸ бу воқеа хориж сармоядорлари ва капиталнинг Россиядан қочишини янада тезлаштирмай қолмайди.

Евтушенковга нисбатан жиноий иш очилишига муносабат билдирган Россия президенти матбуот котиби¸ бу воқеани ЮКОС иши билан қиëслаш ва унга сиëсий тус беришга асос йўқлигини билдирди:

-Бу воқеага қандайдир сиëсий ранг бериш мутлақ асоссиз ва бемаъниликдир. Путин номи ëки амалига қарамай¸ АФК “Система” раҳбарига нисбатан саволларнинг барчасига тергов тўлиқ жавоб топишига ишонади¸ деди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.

XS
SM
MD
LG