Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:01

Пахта терими туфайли нафақахўрлар яна нафақасиз қолди


Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида бу йил ҳам нақд пул биринчи навбатда пахта теримчиларга берилаётгани боис нафақахўрларга нафақа пули ўз вақтида тарқатилмаётир. Нафақахўрлар ўз ҳақини талаб қилиб, турли идоралар остонасига бош урмоқда.

Самарқанднинг Иштихон туманида яшови 67 ёшли Ҳайрулло ота бир ҳафтадан буён пенсиясини ололмай сарсон бўлаётганини айтади:

-Пенсия йўқ, Иштихон тумани бўйича 29та почта бор. Қайсинисига борманг "пул йўқ, тоза терим", дейди. Биринчи навбатда теримчиларга, пахтакорларга деяпти, пенсиянерларга пул йўқ дейди. Октябрь ё бўлмаса ноябрда бўлиб қолиши мумкин экан.

Нафақа пулининг ўз вақтида берилмаслиги Ҳайрулло ота каби кам таъминланган қатлам вакилларини анча ночор аҳволга қўйиши тайин.

-Ўзи қоида бўйича уйга олиб келиб бериши керак. Иккинчи гуруҳ ногирониман. Уйга иззат-икром билан олиб келиб бериши керак. Лекин йўқ. Ахир биз шу пенсия ҳисобидан кун кўрамиз. Аптекага бориб дори олишимиз керак. Ўзи берадиган пенсияси овқатга ва дорига зўрға етади. Шуни ҳам кечиктиришяпти. Бизни жуда хафа қилишяпти, - дейди Ҳайрулло ота.

Сирдарёлик нафақахўрлар эса ҳар йили пахта мавсумида нафақаларининг кечикишига одатланиб қолганликларини айтишади.

- Июль ойидаги пенсиямни ўтган ой олгандик ўзи. Энди пахта бошланди икки ойга пенсияга умид қилмасак ҳам бўлади. Бу ҳар йили бўлади. Пахта бошланиши билан теримчиларга бериш керак, дейди. Ноябрь ойига бориб беради. Шунда ҳам ҳаммасини қўшиб бермайди. Ҳозир бир кунимиз ўтса ҳудога шукур деймиз, нима қиламиз, - дейди Сирдарё вилоятининг Бахмал туманида яшовчи ногирон Одилжон ака.

Моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолган нафақахўрлар турли йўллар билан тирикчилик қилишга уринмоқда.

- Мен ўзи уйда дам олиб ўтиришим керак. Лекин пенсия йўқ, пенсияга қараб ўтирсам оч қоламан. Пенсия вақтида берилмайди, берилса ҳам етмайди, пахта мавсумида умуман бўлмайди. Эшигимизни олдига чиқиб, сақич, писта, сигарет сотаман. Ҳаётимиз шу билан, бир куним ўтяпти, - дейди 69 ёшли хоразмлик Султон ота.

Ўзбекистоннинг бир қанча почта бўлимларига телефон қилиб кўрдик. Жумладан, Самарқанд вилояти. Нарпай тумани почта ходими ҳозир нақд пул биринчи навбатда пахта теримчиларига берилаётганини айтди.

- Биринчи навбатда теримчиларга бериляпти. Ҳар бир теримчига терган ҳар килограм пахта учун 217 сўмдан берилмоқда. Биринчи навбатда пахтакорларга. Тепадан шундай талаб қўйилган. Лекин нафақалар ҳам бериляпти. Озгина кечикаётган бўлиши мумкин, лекин иложи борича беришга ҳаракат қиляпмиз. Ўтган ойни пенсиясини деярли бердик, - деди Нарпай тумани почта идораси ходими.

Ўтган ойдан Ўзбекистонда иш ҳақи ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилди. Ногиронларга бериладиган энг кам нафақа миқдори ойига 210 525 сўм, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган энг кам нафақа эса ойига 129180 сўм қилиб белгиланди. Бу 50 АҚШ долларидан ҳам камдир.

XS
SM
MD
LG