Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:24

Шаҳрисабзда уйи бузилганлар товон пули берилмаётганидан арзланмоқда


Шаҳрисабз шаҳрини ободонлаштириш дастури доирасида уйлари бузилган фуқаролар бир неча ойдан бери товон пули ололмаётганидан Озодликка арз қилди. Бузилган уйлари ўрнига даладан қуруқ ер берилган шаҳрисабзликлар пластик картага ўтказилган товон пулини нақд пулга айлантириш учун маблағнинг 10-12 фоизидан воз кечишга мажбур бўлаётганини айтмоқдалар. Шаҳрисабз туман ҳокимияти мулозими эса одамларга етарли миқдорда товон пули берилаётгани ва керакли ёрдам кўрсатилаётганини иддао қилди.

Озодликка йўлланган мактубларда уйлари бузилиб, бошпанасиз қолган одамлар бир неча ойдан бери товон пулини ололмай қийналаётганларидан шикоят қилганлар.

“Шаҳрисабзда уйи бузилиб, уйсиз қолганлар 7 ойдан буён пулларини ололмай, уй қуролмай туришипти. Ҳақларини талаб қилиб борган одамлар эса "бугун, эртага, индинга" деган ёлғон гапларга ишониб туришибди. Одамлар далада, кўчада яшашяпти. Уй қуришга пуллари йўқ, охири нима билан тугаркин - билмадим”, деб ёзади қашқадарёлик муштарий.

Шаҳрисабзлик Ботир Аҳмедов (хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ўзгартирилдиган - таҳр.) Озодлик билан суҳбатда ўз уйини бузиш ишлари тугаётганига қарамай, ҳалигача товон пули ололмаганини айтди:

- Салкам бир ой бўлди. Яшаётган уйимизнинг ярми бузилди. Энди далага кўчамиз. Кроватнинг устига гилам тўшаб яшаймиз. Бошқа иложимиз йўқ. Уйларни тўғридан-тўғри бузиб келяпти. Одамлар қараб турибди. Экскаваторлар бир чеккадан бузиб ташлаяпти, - дейди суҳбатдош.

Ботир Аҳмедов уйлари бузилган аҳолига товон пули пластик карталарга ўтказиб берилаётгани туфайли одамлар пулнинг бир қисмидан маҳрум бўлаётганини қўшимча қилди.

- Пулни пластикка ташлаб беряпти. Уни банкдан ечиш учун 10-12 фоизидан воз кечишга тўғри келяпти, - дейди Ботир Аҳмедов.

Суҳбатдош иддаосича, Шаҳрисабз шаҳрида бузилган уйларнинг товон пули уйнинг ҳақиқий қийматидан анча паст баҳоланган.

- Уйни баҳолаш маркази давлатга қарашли бўлган ташкилот-да. Халққа ён босмайди. Давлатга ён босади. Менинг уйимнинг нархи тахминим бўйича 150 миллион сўм эди. Булар салкам 90 миллион сўмга баҳолаб қўйибди. Дод-вой десак ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқ, дейди Ботир Аҳмедов.

Шаҳрисабзда уйи бузилган Шавкат Қурбонов (хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ўзгартирилдиган - таҳр.) Озодлик билан суҳбатда умр бўйи меҳнат қилиб қурган уйидан мосуво бўлиш қалбини ўртаётганини, яна шундай уй қура олиши эҳтимолдан анча узоқ эканлигини таъкидлади:

- Бир умр орзу-ҳавас билан уйимни қурган эдим. Ҳамма томонлама яхши эди. Ичида ҳамма қулайликлар бор эди. Бу ёғига бизга ажратилган ерга ғиштдан уй солишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир фақат пойдеворни қуйдик. Усталар ғишт теришни энди бошлайди. Ҳали ёмғирга қолиб кетамизми, билмадим. Буниси Аллоҳга аён, - дейди Шавкат Қурбонов.

Айни пайтда Шаҳрисабз ҳокимиятининг ўзини таништирмаган расмийси Озодликка уйлари бузилган одамларга товон пули вақтида берилаётгани ва ҳокимият томонидан барча керакли ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади.

- Уйлари бузилаётган одамларнинг ҳаммасига ёрдам беряпмиз, пулини беряпмиз, техника билан ёрдам беряпмиз. Ҳаммасининг ёнида туриб, ҳимоя қилиб, қўлимиздан келганча ёрдам беряпмиз, ака, - деди ҳокимият расмийси.

Шаҳрисабзда ободонлаштириш дастури бўйича бузилаётган 100 га яқин уйнинг товон пулидан норози эгаларини милиция ходимлари босим ўтказиб, уйлари бузилишига розилик беришга мажбурлаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG