Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Иштихондаги "Митан пахта заводи"да ёнғин чиқди


Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги "Митан пахта заводи" очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида 21 сентябрь куни ёнғин содир бўлди. Мустақил манбалар 150 тонна пахта ёниб кетгани, ёнғинга техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши сабаб бўлганини иддао қилди. Завод маъмурияти эса ёнғинни тасдиқлар экан, катта зарар кўрилганига оид даъвони қатъиян рад этди.

Иштихон туманидаги "Митан пахта заводи" очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида 21 сентябрь куни содир бўлган ёнғин ҳақида Озодликка хабар йўллаган мустақил манба ёнғинга носоз техникадан фойдаланиш сабаб бўлди, дея иддао қилди:

"САМАРКАНД ВИЛОЯТИНИНГ ИШТИХОН ТУМАНИДАГИ МИТАН ПАХТА ЗАВОДИДА НОСОЗ ТЕХНИКАНИНГ ИШЛАТИЛИШИ САБАБЛИ 150 ТОНА ПАХТА ЁНИБ КЕТДИ. ..ЁНГИН 14.30 СОДИР БУЛИБ 15.58 ДА КИСМАН УЧИРИЛДИ. ..ОЛОВНИ УЧИРИШДА 13 ТА ЁНГИН УЧИРИШ МОШИНАСИ КЕЛДИ...ЁНГАН ПАХТАЛАРНИ ЯШИРИШ МАКСАДИДА ТРАКТОРЛАР БИЛАН ТАШИБ ГУМДОН КИЛМОКДАЛАР...." деб ёзди шахсини сир сақлашимизни сўраган иштихонлик манба.

"Митан пахта заводи" очиқ акциядорлик жамияти маъмурияти ёнғин якшанба куни кундузи содир бўлгани ва маълум миқдорда пахта ёниб кетганини тасдиқлади.

"Лекин, унақа кўп пахта ёнгани йўқ. Бир чети ёнди. Ҳеч кимга зарар етмади. Катта зарар ҳам кўрилгани йўқ. Сабаби ҳам унчалик аниқмас, ким билади - пахтанинг орасида тош-пош қолиб кетганми?!" деди ортиқча тафсилотлардан имкон қадар тийилган завод маъмурияти вакили.

Шу кунларда Самарқанд вилояти бўйлаб жадал давом этаётган пахта йиғим-терими мавсумида "Митан пахта заводи"да қарийб кечаю-кундуз иш давом этаётгани қайд этган мутасаддилар ёнғининг кундузи - иш қизғин пайтида содир бўлгани сабабларини очиқ изоҳламади.

Бундан ташқари, 150 тонна пахта ёниб кетганига оид иддаони инкор қилган завод маъмурияти вакиллари айнан қанча пахта ёнганига оид маълумотни ҳам бермади.

Завод вакиллари берган маълумотга кўра, ёнғин қисқа муддатда ўчирилган ва бу ҳодиса заводнинг кундалик ишига таъсир қилмаган. Айни пайтда расмийлар заводнинг одатдаги тартибда ишлаётгани таъкидлади.

Иштихон тумани ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда завод маъмурияти тасдиқлаган ёнғин фактини инкор қилди.

Шунингдек, Иштихон тумани Ёнғин хавфсизлиги хизматидан ҳам бу борада аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади. Мутасадди идора ходимлари пахта омборларида техника хавфсизлигига амал қилиш тартиби устидан қаттиқ назорат ўрнатилгани ва бу масканлар ўз вақтида кўрикдан ўтказилганини таъкидладилар.

Шу кунларда бутун республика бўйлаб жадал давом этаётган пахта йиғим-терими мавсумида пахта заводи ва омборларида қарийб кечаю-кундуз иш давом этмоқда. Ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида бу масканларда ёнғин чиқиши тез-тез кузатилади.

Муқаддам Самарқанддаги ҳукумат идораларидан бирида ишлаган манба иддаосича, "Митан пахта заводи"даги ёнғин йиғим-терим мавсумида пахта омборида чиққан илк ёнғин эмас:

"Йиғим-терим яримлаб қолди, энди бу ёғига ёнғинлар кўпаяверади. Чунки, ҳосил кам далада -- режани шунақа ёнмаган пахтани ёнди, деб тўлдиришдан бошқа чора йўқ. Ҳар йили шундай бўладику ўзи, бунда айтадиган гапнинг ўзиям йўқку!" деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда самарқандлик собиқ мулозим.

"Митан пахта заводи" асосан пахта етиштириладиган Иштихон тумани ҳудудидаги ягона йирик пахта заводидир. Заводдаги ишчилар сони расмий манбаларда 443 киши, деб кўрсатилган. Бу заводда бир йилда ўртача 12 минг тонна пахта толаси, қарийб 20 минг тонна чигит тайёрланади.

Иштихонлик манбалар иддаосича, бу йил туман заводга келтирилаётган пахта ҳосилининг чўғи бироз кам. 10 минг гектардан ошиқ майдонга пахта эккан иштихонлик фермерлар орасида бу йилги режани бажаришга кўзи етаётган деҳқонлар сони озлиги ҳам иддао қилинди.

Ўзбекистондаги пахта омборлари ва пахта тозалаш заводларидаги ёнғинлар 2012-2011 йилларда кўп кузатилган.

2012 йилдаги энг йирик ёнғин Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги пахта тозалаш заводида бўлган ва унда заводдаги 17 та пахта уюми буткул ëниб кетган эди.

2011 йилдаги йирик ёнғинлардан бири эса Сирдарё вилояти, Ховос туманидаги заводда чиққан ва унда 100 тоннага яқин пахта ёнган эди.

2011 йилда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги минг тонна пахта сақланадиган пахта пункти ёниб кетган эди.

XS
SM
MD
LG