Ўзбекистон Бош прокуратураси “оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб” тариқасида мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова номи аралашган жиноят иши тергови юзасидан изоҳ берди.
Даставвал Бош прокуратура Гулнора Каримованинг яқинлари бўлган Гаяне Авакян, Рустам Мадумаров, Нурмуҳаммад Содиқов ва бошқалар дохил уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилмиш ноқонуний фаолият Ўзбекистон ҳудудида содир этилгани учун мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мустақил равишда текширилаётганини, бу иш Гулнора Каримовага қарши Европа давлатларида очилган ишга дахли йўқлигини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ва унга яқин бўлган Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Швеция, Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳолландияда пул ювиш, коррупция ва бошқа молиявий жиноятларда айбланмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси вакилларига кўра, улар бир қатор хорижий давлатлардаги ҳамкасбларидан мазкур иш бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳақидаги сўровномани Г. Каримовага алоқадор иш тергови бошланиб бўлганидан сўнг олганлар ва “буларга, халқаро конвенцияларга мувофиқ равишда, текширув натижаларига кўра тегишли жавоблар берилади”.
Прокуратура вакилларининг ёзишларича, “бу ерда гап давлат активларини сунъий равишда пасайтирилган баҳода сотиб олганлик, уларни ўзлаштирганлик ва талон-тарож қилганлик ҳамда бошқа молиявий-иқтисодий фирибгарликларни содир этганлик ҳақида бормоқда”. Айтилишича, бу иш доирасида ҳозиргача давлатга умумий қиймати 457 миллиард сўмга (қора бозор курси бўйича тақрибан 150 миллион АҚШ доллари – таҳр.) тенг бўлган активлар ва мулк қайтарилган.
Бош прокуратура Г.И. Каримова уюшган гуруҳ аъзолари бўлган Рустам Мадумаров ва Нурмуҳаммад Содиқовга кўмаклашиш йўлида маъмурий пишангларни ишга солган бўлиши мумкинлигига ишора қилади. Бироқ прокуратура вакиллари “бу иш юзасидан барча далиллар йиғиб бўлинган дейишга ҳали эрта” эканини ҳам қистириб ўтадилар.
Г.Каримованинг шериклари яна бир марта судланадими?
“Мадумаров Р., Авакьян Г. , ва бошқаларга нисбатан жиноят иши бўйича айблов ҳукми нима учун умумий юрисдикция суди томонидан эмас, Ҳарбий суд томонидан чиқарилган?” деган саволга жавобан Бош прокуратура Тошкент гарнизони Ҳарбий суди томонидан шу йил 24 майида чиқарилган қарор фақат Ўзбекистоннинг айрим фуқароларини куч ишлатган ҳолда ўғирлаб кетиш ва узоқ вақт ноқонуний равишда ушлаб туриш бўйича битта жиноий иш юзасидан чиқарилганини, бу жиноятлар Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакьяннинг бевосита кўрсатмаси асосида ҳаракат қилган собиқ ҳарбийлар гуруҳи томонидан содир этилгани учун жиноят иши махсус суд томонидан кўриб чиқилганини маълум қилади.
Шундан сўнг Бош прокуратура мазкур гуруҳга оид иқтисодий ва бошқа жиноятлар бўйича материаллар ҳозир судга ўтказиб бериш учун тайёрлаб қўйилганини ва бу жиноятлар умумий тартибда кўриб чиқилишини қўшимча қилади.
Мазкур жиноят иши бўйича Г. Каримованинг айни пайтдаги процессуал мақоми қандай?
Бу саволга Ўзбекистон Бош прокуратураси вакиллари конкрет жавоб беришдан қочганлар.
Аввалроқ Гулнора Каримовага яқин манбалар унинг февраль ойидан буён уй қамоғида қолаётганини иддао қилгандилар.
Бу ҳақда лом-мим демаган Бош прокуратура вакиллари тергов натижаларига кўра мазкур ишга алоқадор уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси муқаррар жазодан қутилмаслигини таъкидлайдилар ҳамда тергов натижалари юзасидан жамоатчиликни имкон қадар тўлиқроқ хабардор қилиб боришга ваъда берадилар.
Айни пайтда Бош прокуратура вакиллари Гулнора Каримова ва унинг қизи Имоннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги иддаолар юзасидан бирор изоҳ бера олмасликларини ҳам қайд этадилар.
“Биздаги маълумотларга кўра, бу борада уларда ҳеч қанақа муаммо йўқ, аммо нима бўлганда ҳам, бу саволларга жавоб бериш тиббий муассасалар ваколатига киради”, дейилади Бош прокуратура жавобида.
Имон Каримованинг тўрт томони қиблами?
Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қизи Имон изоляцияда тутиб турилганига оид иддаоларни ҳам рад этади.
“Каримова Имоннинг текширилаётган жиноят ишларига мутлақо алоқаси йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари томонидан унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, ҳаракатланиш эркинлигини чекловчи бирор-бир процессуал чора қўлланилгани йўқ.
Бизга маълумки, бу йил Имон 16 ёшга тўлди ва у истаган томонига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ташқарисига ҳам чиқиб кетиши мумкин. Бундан ташқари Имон Қўшма Штатларда туғилган шахс сифатида АҚШ фуқаролигини олишга ҳақли. Нима бўлганда ҳам бу унинг танлови билан боғлиқ масаладир”, дейилади Бош прокуратура жавобида.
Гулнора Каримованинг Лондондаги матбуот вакили Локсли Райан аввалроқ Озодликка берган интервьюсида Ўзбекистон президентининг қизи ва невараси уй қамоғида сақланаётгани, уларнинг саломатлиги ёмонлашгани ва тиббий хизмат кўрсатилмаётгани, ҳатто уларга етарли овқат берилмаётганини иддао қилганди.