Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:48

Швед прокурори "Гулнора иши"да ўзбек ҳамкасблари ҳамкорлигига умид билдирди


Ўзбекистон Бош прокуратураси душанба куни президент қизи Гулнора Каримова коррупцияда гумонланаётганига доир яна бир хабарномани эълон қилди. Прокуратура баёноти бу сафар ҳам мавҳум ибораларда берилган бўлса-да, унда Гулнора Каримова “уюшган жиноий гуруҳнинг” иккиламчи аъзоси ва фақат “маъмурий имкониятлардан” фойдаланган ҳолда жиноятчиларга ҳомийлик қилганини англатувчи муждани кўриш мумкин. Ўзбекистонда бораётган тергов, Бош прокуратура иддаосига кўра, Европа мамлакатларидаги жиноят ишларидан айри тарзда ўтказилмоқда. Европа терговчилари эса, ўзлари ўрганаётган жиноят ишларида Гулнора Каримова асосий фигурант эканини айтмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий хабарида 22 сентябрь куни номи келтирилмаган ОАВ иштирокида ўтган матбуот анжуманида Гулнора Каримовага алоқадор жиноят иши Европа мамлакатларидаги терговлардан мустақил тарзда олиб борилаётгани тўғрисида изоҳ берилди.

Бош прокуратуранинг иддао қилишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда олиб борилаётган тергов жараёнида “қатор хорижлик ҳамкорлардан ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномалар тушган ва уларга тергов натижаларига кўра, халқаро конвенцияларга мувофиқ тарзда тегишли жавоблар берилади”.

Швейцария, Швеция, Франция, Латвия ва Ҳолландия каби Европа мамлакатларида Гулнора Каримова ва унга яқин шахслар устидан дастлабки жиноят иши 2012 йилнинг июль ойида, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлаган терговдан камида бир ярим йил аввал очилган.

Швециядаги “ўзбеклар иши”ни тергов қилаётган Гуннар Стетлер, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон расмийларига илк сўровни 2012 йил охирида юборганини эслатди.

- Икки йил аввал Ўзбекистон расмийларига ҳуқуқий ёрдам сўраб биринчи мурожаат қилган эдим. Биринчи сўровимга жавоб олдим. Ундан кейин яна бир неча марта қилган мурожаатларим жавобсиз қолди. Биринчи сўров, TeliaSonera компаниясининг Ўзбекистондаги ҳамкори Takilant фирмаси ва унинг хўжайини Гаянэ Авакян ҳақида эди. Ўшанда Ўзбекистон расмийлари Takilant ва Гаяне Авакяннинг TeliaSonera билан олди-бердиси рисоладагидек, Ўзбекистоннинг барча қонунларига мос равишда амалга оширилганини айтишган эди. Бугун эса улар Авакянни жиноий гуруҳ аъзоси сифатида 6 йилга қамоққа ташлади, бу жуда қизиқ, - дейди Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи.

Швеция прокуратураси катта қисми мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкатини Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Takilant фирмаси орқали Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбламоқда.

Швед терговчиси тергов бошиданоқ Takilant фирмаси ортида турган асосий шахс Гаяне Авакян бўлмагани, у шунчаки фирманинг қоғоздаги хўжайини, порани олган одам бошқа эканига ишончи комил эканини таъкидлади:

- Мен ҳамон ана шу фикримдаман. Бу порахўрликка доир иш ва мен ҳамон порани олган ҳамда Takilant фирмаси ортида турган асосий шахс Гаяне Авакян эмас деган ишончдаман, - деди швед терговчиси.

Порани олган одам ким, деган саволга аниқ жавоб бермаган Гуннар Стетлер ўзи тергов қилаётган ишда Ўзбекистон президентининг қизи ҳам гумон қилинаётган шахс сифатида ўтаётганини эслатди.

- Сизга аввал у, яъни Гулнора Каримова гумонланувчи эканини айтган эдим. Бу ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда, - дея таъкидлади терговчи Стетлер.

Ўзбекистон Бош прокуратуарси бевосита президент қизининг номи тилга олинган персс-релизни иккинчи марта эълон қилмоқда.

Бундан аввалги баёнотларда фақатгина Гулнора Каримовага яқин экани ишониладиган Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянларга доир маълумотлар берилган. Шу билан бирга шу пайтгача эълон қилинган баёнотларнинг бирортасида TeliaSonera ширкатидан пора олингани ёки Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга қўйилаётган айбловлар хусусида ҳеч нарса айтилмаган.

Айни пайтда сўнгги хабарномада Ўзбекистон бош прокуратураси бу иш юзасидан “барча далил-исботлар тўплангани ҳақида гапиришга ҳали эрта”, дея эътироф этилган.

Гуннар Стетлер ўзбек ҳамкасблари тегишли далил-исботларни тезроқ топиб, Европа тергов идоралари билан ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

Шу билан бирга швед терговчиси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларнинг Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилгани уларни Швециядаги жавобгарликдан озод қилмаслигини таъкидлади.

- Гулнора Каримова Швецияда судга тортиладими, деган саволга жавоб бера олмайман. Лекин, умуман олганда гапирадиган бўлсак, агар Швецияда жиддий жиноят содир этган бўлсангиз ва бошқа мамлакатда судланган бўлсангиз, бу сизни Швецияда судга тортилишдан озод қилмайди. Лекин, албатта бошқа мамлакатдаги жазо ҳаддан ортиқ қаттиқ бўлса, бу Швециядаги вазиятга таъсир қилиши мумкин, - дейди Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер.

XS
SM
MD
LG