Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Хориждаги ўзбеклар октябрь ойини "Ўзбек тили ойлиги" деб эълон қилди


Нью Йоркдаги “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси хорижда яшаётган ўзбекистонликлар, ўзбек тилида иш юритувчи нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини шу йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режаланаётган “Ўзбек тили ойлиги” тадбирига қўшилишга чақирмоқда.

Федерация раиси Фарҳод Султонга кўра, Қўшма Штатларга кўчиб келаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Хорижда қўним топган бундай оилалар ўзлари яшаётган мамлакат тилини ўрганиш эвазига ўз она тилларини унутиб қўйишмоқда.

- Бу миллат ва ватан орасидаги боғлиқликнинг узилишига олиб боради. Миллий урф-одатларимиз, маънавиятимизнинг йўқолишига, ўзликнинг бой берилишига сабаб бўлади. Бундай фалокатнинг олдини олиш учун хорижда истиқомат қилувчи ватандошларимизни Интернет орқали ўзбек тили ҳафталигига қўшилишга чақирамиз, деб таъкидлади “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси раиси Фарҳод Султон.

АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар бу ташаббусни қўллаб-қувватлашмоқда..

Нью Йоркнинг Бруклин мавзесида яшаётган Фатхулла ўзи ва фарзандлари Америкада она-тилини унутиб қўяётганини айтади:

- Уч фарзандимни қўлимда кўтариб олиб келганман. Ҳозир катта бўлиб қолишди. Мактабга боришaяпти. Катта ўғлим келганимизда ўзбек тилида бурро гапирар эди. Ҳозир инглизча билан аралаштириб юборaяпти. Ўзбекча сўзлар ўрнини кўпроқ инглизча сўзлар эгаллаяпти. Бу боришда ўзбек тилини бутунлай унутиб қўяди. Болаларимиз тугул ўзимиз ҳам баъзида инглизча гапириворяпмиз (кулади). Шунинг учун биз шу ерда яшаётган ўзбеклар фарзандларимизга ўзбек тилини ўргатадиган марказ очишимиз керак. Ёки бўлмаса ўзбек тилини ўрганадиган электрон методик қўлланмалар ишлаб чиқилса, ўзбекча китоблар ярмаркаси ташкил қилинса. Бруклинда ўзбеклар жуда кўпайган ҳозир, шунга талаб катта, дейди Фатхулла.

АҚШнинг Пенсилвания штатида яшовчи Баҳодир Файз Қўшма Штатларда яшовчи ўзбек оилалари учун ўзбек тилини сақлаб қолиш мушкул эканини айтади.

- Тилни сақлаб қолиш бу ерда анча қийин. Биз доим фарзандларимизни ўзбекча гаплашишларига ҳам ҳаракат қиламиз. Лекин, уларга инглизча қулай. Чунки мактабда инглиз тилида гаплашишга кўникиб қолишган. Гаплашиб ўтирганимизда ҳазил-аралаш Ўзбекистонга қайтишимиз керак, Ўзбекистонга ҳизмат қилишимиз керак деб айтсам. Улар менга "Ўзбекистон сизни ватанингиз, бизни ватанимиз АҚШ", деб жавоб қилишади. Яъни, бу ерда туғилган болалар ўзини ватанини АҚШ деб билади. Бир маънода уларга ўзбекча керакми экан, деган савол тўғри. Лекин, ўзбек тилини унутмаслик ватанга боғланиб туришлик маъносида керак, - дейди Баҳодир Файз.

Сўнгги йилларда Европанинг кўпгина давлатларида ҳам ўзбек оилалари сони кўпайди.Ўзбек қочқинлари энг кўп яшайдиган Швецияда айрим оилалар фарзанларига ўзбек тилини алоҳида ўқитувчи ёллаб ўргатишаётганини айтишади:

- Биз яшайдиган шаҳарда ўзбеклар кўп. Ҳозир бир ўқитувчини ёллаб болаларимизга ўқиш-ёзишни ўқитaяпмиз, дейди Швейцияда яшаётган Абдурашид.

Ўзбек мухожирлар энг кўп яшайдиган Россияда яшаётган ўзбек оилаларида ҳам ўзбек тили унут бўлиб кетяпти.

- Рус тилига кўникиб қолганмиз. Болаларимиз фақат русча сўзлашишади. Ўзингиз биласиз айримлар ўзбек тилини қолоқ тил деб билади. Яқинда Ўзбекистондан бир танишимиз Москвага кўчиб келди. Боласини мактабга берди. Мақтаняпти "болам русчани шундай чиройли гапиради", деб. Боласи ўзбекчани, ўз она тилини унутаётганига онаси хурсанд. Менимча бу фожеа. Ўзбек тилини ўргатиш бўйича менимча ўзбек оилаларида агитация ишларини қилишимиз керак. Менимча шу ўзбек тили ойлигини ўтказиш жуда муҳим ва долзарбдир, - -дейди Россияда яшаётган ўзбекистонлик филолог Саида Ҳайитбой.

Нью Йоркдаги “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси октябрь ойида ўтказиладиган Ўзбек тили ҳафталиги доирасида тилнинг аҳамияти, ўзбек адабиёти, тил муаммолари ва уларни бартараф этиш каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказиб, ўзбек тили бўйича мультимедия дарсликларини тайёрлаб, тарқатишни ҳам режаламоқда.

Ҳозир Ўзбек-Америка жамияти АҚШда яшовчи ўзбекистонликларга ўзбек тилини бепул ўқитишни йўлга қўйган.

Ўзбек тили курсларига ёзилишни хоҳлаганлар 212-372-30-50 номерига қўнғироқ қилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG