Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Тоштурмада сақланмоқда


Ўзбекистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Шукур Собитов рафиқаси билан.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Шукур Собитов рафиқаси билан.

Собиқ элчи Шукур Собитов бир ойдан буён Тошкент қамоқхонасида сақланмоқда. Озодликнинг Тошкентдаги ишончли манбаси айтишича, 2009 йилда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлган 51 ёшли Собитов шу йилнинг июлида Тошкентга чақиртирилган, вазифасидан олинган ва қамоққа ташланган.

Яқинлари қидираётган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Шукур Собитов бир ойдан буён Тоштурмада ҳибсда сақланаётганини Озодлик ўз манбалари орқали аниқлашга муваффақ бўлди.

Манбалар таъкидича, четга қочиб кетиши хавфи боис собиқ элчи гаров пули эвазига озодликка чиқиш имконидан ҳам маҳрум қилинган. Оила-аъзолари билан ҳам учрашишга рухсат берилмаётгани айтилди.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасига яқин манбалар иддаосича, собиқ элчига элчихона мулкини талон-тарож қилганлик айби билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши очилганидан сўнг прокуратура ходимлари Куала Лумпурга бориб, элчихонада тафтиш ўтказгани ҳам айтилди.

- Ҳозир 290 минг долларлик растрата собиқ элчининг бўйнига қўйиляпти, - деб иддао қилди исми сир қолишини истаган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасига яқин манба.

Озодликнинг Тошкентдаги манбасига кўра, ҳибсга олинишидан олдин Собитов Ўзбекистон Бош прокуратурасига тинимсиз чақиртирилиб, давомли тарзда сўроқ қилинган.

Сўроқ жараёнида собиқ элчининг юрак ҳуружини бошдан кечиргани, унинг шифохонада ётган жойидан яна ҳибсхонага олиб кетилгани ҳам иддао қилинмоқда.

Собиқ элчига қўйилаётган айбловлар бобида мустақил манбалар иддаолари ҳозирча Ўзбекистон Бош прокуратураси ёхуд Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан расман тасдиқлангани йўқ.

Аммо айрим мустақил манбалар Ўзбекистон элчихонаси ходимларининг Малайзиядаги ўзбекистонлик “мама розалар”га алоқадорлигига оид иддаолар элчининг Тошкентга чақиртирилишига сабаб бўлган, деб ишонмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, элчи ортидан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги консули Акмал Олимов ҳам Тошкентга чақиртирилган ва ўрнига янги консул тайинланган.

Ўзбекистонда элчиларни президент Ислом Каримов тайинлайди, Олий Мажлис Сенати тасдиқлайди.

Ўзбекистоннинг хориж давлатлардаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари президентнинг энг ишонган вакиллари ҳисобланади ва улар айнан президентни тамсил этишади.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев Малайзиядаги собиқ элчига қўйилган айбловларни "майда қилмишлар" деб баҳолади ва одатан, элчилар бунақа юмушлар билан шуғулланмаслигини айтади.

- Бунча майда нарсаларни бухгалтерия қиладику! Ўзи элчихонада саноқлик пул бўлади, ҳар уч ойда бир юборишади, унда ҳам нимага сарфлаш кераклигини айтишади. Менимча, бу ерда бошқа гап бор, элчи кимларгадир ёқмай қолган, уни қамавориш учун қилинаётган бўлса керак бу. Қамаш йўлида, таъқиб қилиш йўлида турли бўҳтонларни юклашяпти, афтидан, - деб тахмин қилди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг муовини лавозимида ишлаб келган Мурод Асқаров Малайзияга элчи этиб тайинланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, янги элчи 25 сентябрь куни Малайзияга етиб борган.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Шукур Собитов 2009 йилда элчи этиб тайинлангунга қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Тинч океани бошқармаси бошлиғи бўлган.

Ундан олдин Тошкентдаги Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университети қошидаги лицей раҳбарининг муовини бўлган.

XS
SM
MD
LG