Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:36

Абдулазиз Комилов БМТда ўзбеклар фаровон яшаётганини айтиб мақтанди


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 26 сентябрь куни БМТнинг Бош Ассамблеяси 69-сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистондан халқаро коалиция кучларининг олиб чиқилиши Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солишини таъкидлади.

Ўзбекистон Афғонистон ички ишларига аралашмайди

Абдулазиз Комилов ўз нутқи давомида жаҳонда рўй бераётган қарама-қаршиликларни ҳарбий йўл билан ҳал этиш амалиёти бефойда экани исботланганини таъкидлаган ҳолда, Афғонистондаги вазиятнинг беқарор экани Марказий Осиёдаги тинчликка таҳдид солиши мумкинлигини урғулади.

Шу билан бир қаторда, Абдулазиз Комилов, Афғонистонда ўтган президентлик сайловлари афғон халқи қон тўкиш ва зўравонликлардан чарчагани, бугунги кунда фақат барқарорлик ва тинчликни истаётганинини исботлаганини айтди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг фикрича, Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг ягона йўли сиёсий муросага келиш, ўзаро рақобатчи бўлган миллий ва диний гуруҳлар ва партиялар иштирокида коалицион ҳукуматни таъсис этишдан иборатдир.

-Ўзбекистон Афғонистон ички ишларига аралашмаслик сиёсатида собит қолмоқда. Ўзбекистон Афғонистон билан ҳар икки томоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фақат икки томонлама равишда Афғонистон халқи томонидан сайланган ҳукуматни қўллаб-қувватлаб барқарор ва дўстона алоқаларни қурмоқда ҳамда бу алоқаларни мустаҳкамлашда давом этади,-деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ҳали ҳам Роғун ва Қамбарота қурилишига қарши

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўз нутқи давомида Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар ва сув заҳираларидан адолатли ҳамда рационал фойдаланиш масаласига ҳам тўхталди.

Абдулазиз Комилов минтақадаги айрим давлатлар томонидан халқаро, мутлақ мустақил, холис ва профессионал экспертиза ўтказилмай туриб катта тўғонларга эга бўлган ГЭСларни барпо этиш лойиҳаларини олға сурилишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди.

-Бу каби лойиҳаларнинг барча оқибатлари чуқур таҳлил қилинмасдан туриб амалга оширилиши Марказий Осиёнинг сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлигига таҳдид қилган ҳолда трансчегаравий дарёлар табиий ўзани бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса минтақадаги кескинлик ва қарама-қаршилик потенциалани кучайишига сабаб бўлади, -деди Абдулазиз Комилов.

Бу ўринда Ўзбекистон вазири Тожикистонда қурилаётган Роғун ва Қирғизистонда барпо этилиши режалаштирилган Қамбарота-1 ГЭСларини назарда тутди. Ўзбекистон мазкур ГЭСлар қурилишига кесин қаршилик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2012 йилда Остонада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашувидан сўнг Роғун ва Қамбарота ГЭСлари қурилиши ортидан юзага келиши мумкин бўлган сув танқислиги Марказий Осиёда сув можаросига ва урушга олиб келишидан огоҳлантирган эди.

Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистон томони мазкур ГЭСлар қурилишидан минтақа учун ҳеч қандай хавф йўқлигини айтиб келади.

Ўзбекларнинг даромади қарийиб 9 маротабага ўсдими?

Абдулазиз Комилов нутқи давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг тезкор ўсаётгани, жамият ҳаётининг барча жабҳалари модернизация қилинаётгани ортидан Минг йилликнинг тараққиёт мақсадлари БМТ дастурини амалга ошириш Ўзбекистонда муддатидан олдин амалга оширилишига сабаб бўлишини айтди.

Абдулазиз Комилов БМТ минбаридан туриб Ўзбекистон иқтисодиёти мустақиллик йилларида 5 маротабага, аҳоли даромадлари жон бошига 8,7 маротабага, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти йилига 8 фоизга ўсганини билдирди. Вазирга кўра, 2030 йилга келиб Ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 9300 долларни ташкил қилади.

Бироқ ўзбекистонлик ва хорижлик мустақил кузатувчилар Ўзбекистон расмий статистикаси эълон қилган бу каби маълумотларга шубҳа билан муносабат билдирадилар. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда инфляция даражасининг реал кўрсаткичи расмий статистика маълумотларидан бир неча марта кўпроқдир ва йилига камида 20-25 фоизни ташкил қилади. Бундай кўрсаткич билан эса иқтисодиётнинг ва аҳоли даромадларининг ўсаётгани ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG