Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Ўқувчи невараси ўрнига пахтага чиққан бобо далада жон берди


Мурод Мелиқўзиевнинг трактор прицепи устида жон бергани айтилмоқда.
Мурод Мелиқўзиевнинг трактор прицепи устида жон бергани айтилмоқда.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани Қиёли қишлоғида яшовчи Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди. Озодлик манбаларига кўра, 57 яшар Мелиқўзиев трактор прицепи устига чиқиб, этакдаги пахтасини тўкаётган пайти юрак хуружидан ўлган.

Воқеа ўтган пайшанба куни Данғаранинг Қиёли қишлоғидаги “Муҳаммадали фахри” фермер хўжалиги худудида содир бўлган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасига кўра, 1957 йилда туғилган Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахта теримига чиққан пайти вафот этган:

“Мурод амакининг невараси Қиёли қишлоғидаги 31-мактабда ўқийди. Бошланғич синф ўқувчиси. Бизда ҳамма ўқувчиларнинг ота-оналари болалари учун пахта теришга чиқаяпти. Мурод амаки ҳам невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада ўлган”, деди данғаралик манба.

Воқеадан хабардор бошқа бир манба Мурод Мелиқўзиевнинг трактор прицепи устида юрак хуружидан жони узилганини айтади:

“Мурод ака прицеп устига чиқиб этагидаги пахтани тўкаётган экан. Ўша пайти у инфаркт бўлган ва шунинг натижасида прицепнинг устида ўлган”, деди манба.

Данғара туман ҳокимлиги мулозимлари Мурод Мелиқўзиевнинг пахта терими пайти ўлганини инкор қилишди:

“Мурод Мелиқўзиев ҳақиқатдан “Муҳаммадали фахри” фермер хўжалиги худудида оламдан ўтган. Лекин у пахта теришга чиққан бўлмаган. У фермер Даврон Мамадалиевнинг отаси билан дўст бўлган. Биздаги маълумотларга кўра, Мелиқўзиев пахта даласида ароқ ичган ва ўлишидан аввал маст бўлган”, деди Данғара туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

Данғарадаги Озодлик манбаларига кўра, тумандаги барча мактаблар раҳбарияти ўқувчиларнинг ота-оналарига болалари учун пахта теримига чиқиш мажбуриятини юклаган. Лекин Мурод Мелиқўзиевнинг пахта даласида ўлганига доир воқеадан сўнг ота-оналарнинг пахтага хайдалиши тўхтатилган.

Мелиқўзиевнинг вафоти жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган бешинчи ўлим ҳолатидир.

23 сенятбрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG