Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:25

Боёвутда пахтага чиққан коллеж ўқувчисини трактор босиб кетди


Тошкент Темир йўл транспорти коллежининг Сирдарё вилоятига пахта теримига юборилган талабаларидан бирини 26 сентябрь куни пахтазорда трактор босиб кетди. Бу воқеадан бир кун ўтиб, айнан шу коллеж ўқувчилари ўртасида чиққан жанжалда икки ўқувчи тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилди.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Боёвут-3” фермерлар уюшмасида пахта тераётган Тошкент Темир йўл транспорти коллежининг 18 ёшли ўқувчисини трактор босиб кетди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган боёвутлик манбага кўра, воқеа ўқувчилар пахта тераётган далада содир бўлган:

“Тошкентдан келган коллеж болалари Охунжон Мовунов фермер хўжалигида пахта тераётган бўлган. Фермер ишчиларидан бирининг айтишича, қорақалпоғистонлик 18 яшар Мансур деган бола қулоғига наушник тақиб, пахтазор ичида дам олиб ётган. Ғўзалар ичида кўринмаган болани тракторчи пайқамай босиб кетган. Дўхтирга олиб кетишибди”, деди боёвутлик манба.

Манбанинг айтишича, бу воқеадан бир кун ўтиб, пахтадаги коллеж ўқувчилари орасида чиққан жанжал оқибатида икки бола касалхонага ётқизилган:

“Сабабини билмадиму, лекин икки бола бир-бири билан уришиб қолиб, пичоқбозликкача борган. Иккаласи ҳам оғир аҳволда касалхонага ётқизилган”, деди манба.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган Сирдарё вилоят прокуратураси мулозими Тошкент темир йўл транспорти ўқувчилари билан шундай воқеалар содир бўлганини тасдиқлади:

“Трактор босиб кетган ўқувчининг исми Мансур Холиқназаров. Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан экан. Ёши 18 да. Тракторчи пахтанинг ичида уни кўрмай қолиб, биқинидан босиб кетган экан. Қулоғида наушник бўлган учун у ҳам эшитмаган. Лекин болага қаттиқ шикаст етмаган. Больницадан жавоб бериб, уйига кетибди, деб эшитдим. Иккинчи воқеада эса пичоқбозлик бўлмаган. Бизга келган хабарга кўра, қашқадарёлик Фирдавс Хуррамов ва Феруз Сафаров исмли 18 ёшли ўқувчилар, "тўйга бориб келайлик" деб, коллеж директоридан жавоб сўраган. Директор жавоб бермаган. Кейин улар: "Бир-биримизни жароҳатласак, касалхонага тушамиз, кейин у ердан қочиб кетамиз" деб, лезвия билан бир-бирини тилиб ташлаган. Ҳозир улар касалхонада, аҳволлари оғир эмас”, деди прокуратура мулозими.

Мансур Холиқназаровни трактор босиб кетиши жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган техника билан боғлиқ олтинчи нохуш ҳолатдир.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди.

Бундан 10 кун олдин Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида худди шундай воқеа бўлган эди. Тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилганди.

17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG