Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:08

Ҳайит арафасида Тошкентда қўй нарxи ошди


Ийд ул-Адҳа – Қурбон Ҳайити арафасида одатдагидай Тошкент катта кўчалари бўйида сайёр мол бозорлари ташкил қилинди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ оддий аҳоли ҳам ўз уйида боқиб катта қилган қўй-қўзиларни кўча бўйига олиб чиқиб¸ савдога қўймоқда.

Тошкентнинг Кўктерак мавзесидаги мол бозорида қўй олиб сотадиган Рихситилла аканинг Озодликка гапириб беришича¸ бир ҳафта олдин 600 мингга олинган қўчқорни бемалол шу кунларда бир миллион сўмга сотса бўлади:

- Кўктеракда мол бозорида қўй сероб бўлди. Лекин олувчи ҳам кўп. Кеча жуда қаттиқ савдо бўлди. Энди пайшанба кунга қўйларни тайëр қилиб турибмиз. Арафа кунига ош дамлай деб, уй-рўзғорга ҳам тузукроқ қилай деб олади. Ўшанинг ҳисобига озгина кўтарилади. Ҳайит ўтгандан кейин анча нарх тушади¸ дейди Рихситилла ака.

Суҳбатдошга кўра¸ ҳайит арафасида Тошкентнинг турли мавзеларида, трасса йўллар четларида сайёр қўй бозорлари ташкил қилинганини кўриш мумкин:

- Ҳозир нуқул машинада юрадиган¸ иши тиғиз бизнесменлар йўл четига тўхтаб, бир кўз югуртириб, қурбонликка арзийдиган қўйни савдолашиб ҳам ўтирмасдан машина юкхонасига солиб кетмоқда. Бу ҳам умумий нархга таъсир қилади¸ дейди суҳбатдош.

Қўй қимматлади¸ лекин гўшт нархи ўзгармади

Озодликнинг Тошкентдаги манбалариниг айтишича¸ қўй нархи ошгани билан гўшт нархи ўзгармаган.

- Ҳозирча гўшт қимматлагани йўқ. Нархи ўша. Қўй гўшти 20 минг¸ мол гўшти 15 минг. Товуқ ва балиқ нархи ҳам ошмади. Лекин қўй қимматлагани бор гап ва тез орада бу нарх гўштда ҳам кўриниши табиий. Бунинг устига газ ва электр ошди. Бу энди бозордаги нарх-навога таъсир қилади¸ дейди Озодликнинг Тошкент вилоят ҳокимияти савдо департаментидаги манбаси.

Тошкентнинг Кўктерак мавзесидаги мол бозорида қўй олиб сотадиган Рихситилла аканинг таъкидлашича қўйга эҳтиëж кўпайган Тошкент шаҳрига шу кунлардан вилоятлардан машиналарга юкланган қўйлар карвони келмоқда:

- Мана мен ҳозир Тошкент колцевойида ўзим кўрдим. Машина тўла қўй. Кўчаларга қўйиб қўйишибди. Кўчада сероб энди. Икки-уч йилдан бери шунақа бўлиб қолди. Вилоятлардан олиб келишади. Қўйлар Тошкентга¸ асосан¸ Жиззах ва Қашқадарёдан олиб келинмоқда. Шу боис нарх жуда осмонлаб кетади¸ деб ҳам бўлмайди¸ дейди суҳбатдош.

Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги мол бозорларида қўй нархининг 20 фоизгача кўтарилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда бу йилги Қурбон ҳайити 4 октябрда нишонланади.

XS
SM
MD
LG