Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:41

Муаллимлар Ўқитувчи ва мураббийлар байрамини яна далада ўтказди


1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунини бу йил ҳам миллионлаб ўқитувчи-талаба далада пахта териш билан ўтказди. Дунëнинг йирик шаҳарларида ўзбек ўқитувчи ва талабаларининг пахта қулига айлантирилганига қарши норозилик тадбирлари бўлиб ўтган бир пайтда¸ ўзбек маорифчилари мажбурий меҳнатдан қутулиш йўлини кўрмаëтганларини айтмоқда.

Озодлик билан сўзлашган сирдарёлик муаллим Ўқитувчи ва мураббийлар ўз байрамларини ҳар йилгидек далада, пахта териш билан ўтказганини, ҳамкасбларининг эътирози ичида қолаëтганини айтади:

- Президентимизнинг фармонлари билан 1 октябрь Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида байрам қилиб келинaяпти. Кўп ўқитувчилар байрамни далада ўтказаётганидан афсусланaяпти. Байрам пахта терими пайтига тўғри келaяпти. Далада пахта терaяпмиз.

Ўзбекнинг катталарини тарбиялаб мансабларга ўтиргизиб қўйган ўқитувчиларга бир кун ҳам дам беришмади, дала майдонларига ҳайдашди, деб гапиришди ўқитувчилар, дейди ўз исмини айтмасликни сўраган сирдарётик ўқитувчи.

Бу суҳбатдош ўзи ишлайдиган таълим муассасаси Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан дамлаган ош ҳаммага етмаганини ҳам қўшимча қилди.

Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги ўрта мактаб ўқитувчиси Ботир Отабоев Озодлик билан суҳбатда 14 сентябрдан бери пахта теримига жалб этилгани бироқ ўзи ва ҳамкасблари бундан кўп ҳам норози эмасликларини айтади:

- Ҳозир пахта топширгани заводга келдим. Кўпчиликка келган тўй. Бу Ватаннинг пахтаси. 2007 йилда талаба бўлганимдан бери ўқитувчилар байрамини далада ўтказамиз. Бундан ҳеч хафа эмасмиз. Пахта Ўзбекистоннинг бойлиги. Худо хоҳласа, ҳеч қийинчилик йўқ. Шароитлар яхши.

Пахтага келмаган ҳамкасблар бугун кўнгилли равишда ҳашарга келиб бизга ёрдам беришди. Планни эрта бажардик. Энди кечга бориб биргаликда байрам қиламиз. Худо хоҳласа, кечқурунга битта ош бўлади. Санъаткорларни гаплашишган бўлиши керак. Бўлмаса, музика қўйиб байрамни яхши нишонлаш ниятимиз бор, дейди Ботир Отабоев.

Унга кўра, янгиободлик ўқитувчилар кунига 50 килограммдан пахта термоқда. Планни бажара олмаганларга ҳеч ким қаттиқ гапирмайди.

Баxмал туманидаги ўқитувчи Оқил Соатов ўзи ва ҳамкасблари ўқитувчилар байрамини далада эмас уйда, оила аъзолари билан нишонлаётганларини айтди.

Оқил ўзи ишлайдиган мактабда аксар ўқитувчи пахта теримига ўз чўнтагидан пул тўлаб ëлланма ишчи жўнатгани боис байрамни уйда нишонлаётганини айтади:

- Пахта зонасидаги ўқитувчилар пахтага чиқаётган бўлиши мумкин. Лекин бизларда кўпчилик ўқитувчилар ўрнига одам жўнатиб ўзлари дарс берaяпти. Охиригача туриб берасан, деб 400 ёки 450 минг сўмга келишишган. Байрамни уйда ўтириб ёки коллектив билан бирга ни]onлаганга нима етсин, дейди Оқил Соатов.

Фарғона вилоятининг Боғдод туманидаги коллеж ўқитувчиси Мурод Тўраев Озодлик билан суҳбатда ҳар yили ўз профессионал байрамини ҳамкасблари билан нишонлаши ва бу йил ҳам мустасно бўлмаганини қўшимча қилди:

- Бугун ўқитувчилар байрами. Биз ҳозир Боғдод марказидамиз. Байрам қилaяпмиз. Биз пахтага фақат якшанба кунлари ҳашарчи сифатида чиқаяпмиз. Қолган пайт коллежимизда ўқиш бўлаяпти. Ҳозир коллеждан чиқиб болалар билан бирга центрда айланиб байрам қилиб ўтирибмиз. Ресторанга куч-қудратимиз етмайдику лекин оддий чойхона-ошхонада дам олиб, гаплашиб байрам қилиб ўтирибмиз. Кечки пайт қайтамиз, дейди Мурод Тўраев.

Ўқитувчи касбини эъзозлаш ва меҳнатини қадрлаш¸ муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1996 йил 27 декабрь кунги (367-I-сон) қарорига мувофиқ 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб белгиланган ва у байрам (дам олиш) куни деб эълон қилинган.

Бироқ бундай қарор билан айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг айнан ўқитувчиларни ҳокимият ҳаммоллари айлантиргани кузатилади.

XS
SM
MD
LG