Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:16

Самарқандда Green Card фирибгарлари яна ҳаракатга тушди


АҚШ Давлат департаменти 2015 йил учун Green Card лотереясини эълон қилар экан, Ўзбекистонда яна фирибгарлар ҳаракатга тушди. Шу кунларда Самарқандда хусусий ширкатлар ва жисмоний шахслар маҳаллама-маҳалла юриб одамларга Green Card лотереяларини тўлдиришни таклиф этмоқда.

Самарқандлик манбалар шу кунларда шаҳардаги бозор ва аҳоли гавжум жойларда Green Card лотереяларини тўлдириб бериш бўйича ўз хизматини таклиф қилаётган шахслар яна фаоллашиб қолганини хабар қилмоқда.

- Кўчада туриб Green Card, Green Card, деб таклиф қиляпти. Ўша ерни ўзида расмга туширади, паспортни кўради, у ёғини ўзлари қилар экан. Ютуқ чиқса кейин ўзлари айтар экан, - дейди ўз бахтини синаб кўрмоқчи бўлган самарқандлик йигит.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили эълон қиладиган Green Card лотереясига ҳужжатларни топширишда ўз кўмагини таклиф қилувчи шахслар, одатан воситачи фирма ходимлари ўлароқ ўзини тақдим қилиши кузатилмоқда.

Самарқандликларнинг айтишича, бу шахслар анкетани тўлдириб бергани учун пул олмайди. Лекин, ютуқ чиққан тақдирда юз минимал ойлик миқдорида ҳақ олиши ҳақида олдиндан оғзаки тарзда келишиб олади.

Самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда лотереяни тўлдириш учун ҳаракатлар аслида уч ой аввал бошланганини айтади.

- Ўзи Green Card лотереялари шу ой бошидан эълон қилинди. Лекин, махсус шу иш билан шуғулланадиган ширкатлар анкеталарни уч ой олдин уйма-уй юриб тўлдириб қўйган. 1 октябрдан бошлаб, шу анкеталарни компютер орқали юборишяпти, - дейди Раҳматуллаев.

Самарқандлик Олимжон икки йил олдин воситачи ширкатлар орқали Green Card лотереясига анкета топширганини айтади. Яқинда воситачи ширкат Олимжонга лотереясига ютуқ чиққани ҳақида айтган.

Олимжоннинг иддаосича, ҳозир ширкат ундан ютуқ коди учун 10 миллион сўм (қарийб 3 минг АҚШ доллари) сўрамоқда.

- Ўша фирма иштирокида мен Green Card лотереясига ўйнаганман. Код уларга келар экан. Ҳозир улар шу код учун 10 миллион сўм сўрашяпти. Ундай пул менда йўқ. Ҳозир мен тўғри элчихонага борсам, кодимни исмим орқали топиб беришар деб умид қилиб турибман, - деб даъво қилди Олимжон.

Озодлик мухбири Олимжон билан алоқада бўлган ва исми ошкор қилинмаётган шахс билан боғланишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади. (Бу иддао тасдиғини топмагани боис, ширкат номи эълон қилинмаётир. Озодлик айни иддаога оид журналистик суриштирувни бошлади.)

Самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев тахминича, ҳужжатларни таржима қилиш билан шуғулланадиган ширкатлар Green Card фирибгарлигига аралашган.

- Кўпчилик компьютерда ишлашни билмайди. Инглизчани ҳам билмайди. Green Сard лотереясини қандай тўлдириш ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас. Шу воситачилар уларни шахсий маълумотларини олиб ўзлари топшириворади, ютуқ чиқса сотади, - дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Маълумка, АҚШ Green Card лотереясига ҳужжатни ҳар бир киши воситачиларсиз, ўзлари топширишлари керак. Агар АҚШ элчихонаси воситачилар ўртага тушганини билса, лотерея ютуғини бекор қилиб юбориши мумкин.

Блоггер Тошпўлат Раҳматуллаевга кўра, бунақа ҳолатлар жуда кўп бўлган.

- Ҳар бир одам анкетани ўзи тўлдириши керак. Агар ўзи тўлдирса, ютуқ коди ўзига келади. Бошқа ширкатлар тўлдирса, ютуқ коди уларга келади. Воситачилар ёрдамида анкета топширган ва ютуқ чиққан лотерея эгалари элчихонага бориб, кодимни билмайман. Лекин ютуқ чиққан экан менга, деб боришлари мумкин. Лекин элчихона воситачилар орқали қилинганини билиб қолса, ютуқни бекор қилиб юборади. Воситачилардан кодини сотиб олиб боргани тақдирда ҳам ҳеч ким унга Green Card кафолатини бермайди. 3-4 минг доллар пулидан ҳам айрилиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир одам ўзи лотереяни тўлдириши керак, - дейди Раҳматуллаев.

Лекин, Ўзбекистонда фирибгарлар ёрдамида Green Сard лотереясини ютиб олиб, АҚШга йўл олаётганлар кўп. Аввалроқ Озодлик бу борада суриштирув ўтказган эди.

Самарқандлик Олимжон уч йил аввал яқин ўртоғи воситачилар кўмагида Green Card лотереясини ютиб олиб, АҚШга кетганини айтади.

- Яқиндагина АҚШга кетди. Мен топширган фирма орқали ютуғи чиққанди. У ширкатдагилар махсус шуғулланар экан, элчихонада бўладиган суҳбатга ҳам тайёрлашар экан. Шунга хавас қилиб мен ҳам топширгандим. Менга ҳам ютуқ чиқди. Энди код учун пул сўрашяпти, - дейди Олимжон.

Лекин, Олимжон ютуқ кодини сотиб олгани тақдирда ҳам унга виза берилишига ҳеч қанақа кафолат йўқ.

АҚШ Давлат департаменти ҳам пул мукофоти эвазига Green Card лотереясида ютуқ кафолатлаётган шахсларга ишониб ўтирманг, дея огоҳлантириб келади.

Яқинда Украина ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари америкалик ҳамкасблари билан ҳамкорликда АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Green Card лотереялари фирибгарлиги билан шуғулланган гуруҳни қўлга олганди.

Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, мазкур гуруҳ Green Card лотереяларисида қатнашиш учун украин фуқароларининг шахсий маълумотларидан уларнинг розилигисиз фойдаланган.

Лотерея натижалари чиққач, фирибгарлар ғолибларга уларнинг кодини 12 минг АҚШ долларига пуллашган.

Green Card фирибгарлиги Ўзбекистонда, айниқса Самарқандда кенг тарқалгани ишонилади. Лекин, шу пайтгача бу билан боғлиқ жиноят иши очилгани йўқ.

2015 йил учун Green Card лотереяси 1 октябрь куни эълон қилинди ва унда қатнашмоқчи бўлганлар 3 ноябргача ариза топширишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG