Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:54

Андижонда мусулмонлардан соқолини олиш талаб қилинмоқда


Пахтаободда ёшроқ диндорларнинг соқоли олиб ташлангани кўпчиликнинг кўзига ташланмоқда, дейди тингловчимиз.
Пахтаободда ёшроқ диндорларнинг соқоли олиб ташлангани кўпчиликнинг кўзига ташланмоқда, дейди тингловчимиз.

Андижоннинг Пахтаобод туманида диндор йигитларга соқолларини қиртишлаб олиш тавсия қилинмоқда. Пахтаободлик тингловчи Озодликка берган бу хабарни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларимиз тасдиқлашди. Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, соқолли намозхонни “назоратга олиш” кўрсатмаси Қирғизистон билан чегарадош Пахтаобод, Хонобод, Хўжаобод каби туманларига берилган. Андижонлик фаолларга кўра, кейинги пайтларда Қирғизистон билан чегарадош туманларда ёшлар орасида соқол қўйиб юриш урфга айланиб бораётгани боис, ҳуқуқ-тартибот идоралари оғзаки тарзда огоҳлантирув бераётган бўлиши мумкин, демоқда.

Андижоннинг Пахтаободидан Озодликка қўнғироқ қилган намозхон йигит туман масжидига ўтган жума намозига келган 35-55 ёш оралиғидаги эркакларнинг деярли барчаси бирданига соқолларини олдириб ташлагани кўпчиликнинг кўзига ташланди, дея гап бошлади.

“Кўпчилик танийдиган қори акалар бор. Уларни ҳар доим масжидда кўриб юрамиз. Ўтган намозда ҳаммасининг соқоли қиртишлаб олдириб ташлаганидан хайрон қолдик. Сўраб-суриштирсак, Тошкентдан МХХдан махсус одамлар келиб, пенсия ёшига етмаган, 35-55 ёшлардаги қори акалардан соқолларини олдириб ташлашни талаб қилишган экан”, дейди пахтаободлик бу йигит.

Унинг айтишича, соқолни олиб ташлаш тавсияси фақатгина диндор йигитларга берилмоқда.

“Масжид имомлари, катта ёшдаги оқсоқоллар одатдагидек юришибди. Лекин ёшроқ номозхонлар орасида соқоллилари қолмади ҳисоб”, дейди у.

Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Пахтаобод, Хонобод ва Хўжаобод туманлари Қирғизистонга туташ бўлгани боис, эҳтиёт чораси сифатида аҳоли орасида соқол ва диний либосларга доир тушунтириш ишларини олиб бориш тўғрисида кўрсатма берилган.

“Ҳақиқатан, ёшларнинг диний оқимларга кириб кетиши олдини олиш учун мактаблар, маҳалла қўмиталари оқсоқоллари ва маслаҳатчилар билан биргаликда тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Унақа соқол қўйиб юрадиган ёшлар кўп эмас. Чунки профилактика ишларини қаттиқ олиб боряпмиз”, деди Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Пахтаобод ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзини таништирмаган мутасаддиси, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, туманда диндонлар орасида соқолни олиб юриш ва диний либос киймасликка доир тушунтириш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

“Масалан, соқол қўйиш, ҳижоб бўйича ишлар ташкил қилинган. Хавфсизлик бўйича ишлар тўла ташкил қилинган. Лекин сизга телефон орқали маълумот бера олмайман. Лекин диний оқимлар бўйича профилактика яхши ташкил қилинган”, дея таъкидлади мутасадди.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов, Озодлик билан суҳбатда, вилоят бўйича диндорларни оммавий тарзда соқол қўйиб юришдан воз кечишга мажбурлаш ҳолати йўқлиги, бу алоҳида ҳолатларда баъзи туманларда вақти-вақти билан кўриладиган чора бўлиши мумкин, дейди.

- Унақанги оммавий буйруқ йўқ. Балки ёшроқ 30-35 ёшдаги одамга айтишлари мумкин, соқолингни олиб юрсанг бўлмайдими, деб. Нимага десангиз, бирортасини олиб кириб қўйган бўлса, диний оқимга алоқадор, деб, бошқаларни ҳам чақирган бўлиши мумкин. Ёки, айталик, расмий белгиланган диний либос борку ўшандан ўтиб кетган бўлиши мумкин расмий рухсат берилган даражадан. Бундан ташқари бу туманларга қўшни Қирғизистонда ёшлар орасида соқол қўйиб юриш жуда урф бўлиб кетди. Ёш-ёш ўзбек йигитлари учига қайчи теккизмасдан соқол қўйиб юришибди. Хуллас ўша чегарага яқин жойларда балки бунинг таъсири кучаяётган бўлса, балки оғзаки кўрсатма бўлиши мумкин, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонда диндонларнинг ташқи кўринишига доир чекловлар йиллардан бери амал қилиб келади. Бу чекловлар кейинги ойларда янада кучаяётгани кузатилмоқда.

Шу ой бошроғида Ўзбекистондаги масжидларда ўқилган Қурбон ҳайити намозига бошига оқ дўппи кийиб келганлардан дўппиларини ечиб ташлаш, акс ҳолда масжиддан чиқиб кетиш талаб қилинди. Бундан ташқари ёши 20га тўлмаган йигитлар ҳайит номозига киритилмагани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган эди.

Шунингдек, бу йил ҳам Тошкент ва Тошкент вилоятларида урф бўлган янги тушган келинларга Ҳайит саломи маросимини ўтказиш тақиқлаб қўйилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, пойтахтнинг Эски шаҳар қисмидаги айрим маҳаллаларда янги келин туширган оилалардан ҳайитни ўтказмаслик борасида тилхат ҳам олинган.

Диндорларнинг соқол қўйишига чеклов жорий қилинганига яна бир мисол, Ўзбекистон фуқароси паспортига расмга тушмоқчи бўлганлар соқолларини олдириб тушишлари талаб қилинади. Фақатгина қўлида ҳужжати бўлган имомлар ва ёши 60 дан ошган кексаларга узунлиги 2 сантиметргача бўлган соқол билан суратга тушишга рухсат берилган.

XS
SM
MD
LG