Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Амударё туман пахта тозалаш заводида ёнғин чиқди


15 октябрь куни Қорақалпоғистон республикаси Амударё туман пахта тозалаш заводида ёнғин чиқди.

Ëнғин тафсилотларидан хабардор расмийнинг Озодликка айтишича¸ ўт чиқиши оқибатида бир тоннага яқин пахта ёнган.

Амударё тумани пахта заводи жойлашган Оқ олтин қишлоғидa яшовчи Озодликнинг бошқа манбаси ёнғиннинг кечки соат 8 ларда бошланганини билдирди:

“20 бунт ёнди. Пахтани олиб упаковка қиладиган ремень ёниб кетган. Кеча свет бизда бўлмади. Шунга нимага свет бўлмади экан, деб суриштирсам шунақа бўлган экан. Беш соат светни ўчириб қўйди”, дейди амударёлик манба.

Ëнғин тафсилотларидан хабардор расмийнинг исми очиқланмаслиги шарти билан билдиришича¸ пахта тозалаш заводида содир бўлган ёнғинда жами 740 кг ëки қиммати 210 минг 545 сўмга тенг пахта зарарлангани қайд этилган. Шундан 672 кг xом-ашё қайта ишлашга яроқли деб топилган¸ 68 килограм ëхуд 19 минг 346 сўмлик пахта xом ашёси қайта ишлашга яроқсиз ҳолда зарарланган.

Пахта заводида чиққан ёнғинни ўчиришга Нукус шаҳридан иккита, Манғит туманидан учта ўт ўчириш машинаси қатнашган.

Амударё тумани пахта тозалаш заводи бир йил олдин Оқ олтин қишлоғи ҳудудига кўчирилган бўлиб, бу йил пахта қабул қилишни бошлаган.

"Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида 400 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилади.

Озодликка Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пахта заводида ëнғин чиққанига оид хабарлар келган.

Чунончи¸ 21 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги “Митан пахта заводи”да ëнғин рўй берган ва оқибатда норасмий манбаларга кўра 150 тоннага яқин пахта ëниб кул бўлган эди.

XS
SM
MD
LG