Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Бишкекдаги рус элчиси PUTIN’дан норози бўлди


Бишкекдаги Putin Pub рамзи.
Бишкекдаги Putin Pub рамзи.

Бишкекда Obama bar билан бир қаторда Putin Pub мижозларга хизмат кўрсатаётганидан ғазабланган Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутько Putin Pub номи ўзгартирилмаса, майхонани бира тўла ёптириб ташлаш билан дағдаға қилди.

“Обама грил пишираверсин, Путинни тинч қўйинглар”

Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутько қирғиз ахборот агентликларига берган суҳбатида Бишкекда Путин номидаги майхона очилганидан норози эканини айтди.

- Мен мэр билан гаплашиб, бу номни ўзгартираман.Бу нима деган гап ўзи? Майли, Обама деган барда грил пишириб сотаверишсин. Бироқ Владимир Владимировичнинг номини майхонага қўйишлик тўғри эмас. Мен охиригача курашаман. Майхонанинг номи қонунларга зид келади, - деб билдирган рус элчиси.

Бишкекнинг энг гавжум бўлган жануби шарқий мавзесида очилган Putin Pub ўз рамзига ҳам эга. Бу рамзда қора фонда Путинга ўхшаш кал кишининг сурати ва унинг остида инглиз тилида Putin Pub деган ёзув акс этган.

“Путин фамилиясини хусусийлаштириб олмаган”

Майхонанинг арт-директори Артем Колосов Putin Pub номининг Россия президентига ҳеч қандай даҳли йўқлигини айтди:

-Майхонага ном қўяётганимизда юристлар бизга “Путин хусусийлаштириб олинган фамилия эмас”, деб айтишган. Агар биз майхонани Владимир Путин деб атаганимизда, унда Россия президентига нисбат берилса бўлар эди. Путин - бу руслар орасида кенг тарқалган фамилиялардан бири. Иккинчидан, биз ўз рамзимизда Путиннинг фотосуратини эмас, балки график дизайнни қўллаганмиз. Бизнинг рамзимиздаги Путинга ўхшаш одамнинг сочи йўқ, у кал. Менинг билишимча, Россия президентининг соч билан ҳеч қандай муаммоси йўқ, -деди Артем Колосов.

Obama билан муаммо йўқ, Putin рекламалари олиб ташланди

Бироқ соха мутахасислари майхона хўжайинлари Қирғизистон қонунчилигини бузган, деган фикрни билдирмоқдалар. Қирғизистон қонунчилигида эса, бировнинг исмини ёки фотосуратини жамоатчилик мақсадларида қўлланмоқчи бўлган шахс, мазкур фотосурат ёки исм эгасидан ёзма рухсатнома олиши кераклиги қайд этилган.

-Путиннинг нафақт фамилияси, балки сурати ҳам қўлланилган. Путин Россия президенти эканини ҳамма билади. Шунинг учун ундан рухсат олиниши керак бўлган, -деди реклама соҳаси мутахасиси Элира Турдубаева.

Бишкекда бир неча йилдан бери АҚШ президенти Барак Обаманинг суратлари ҳатто таомномасида ҳам акс этган Obama bar фаолият кўрсатиб келади. Бироқ АҚШ элчихонаси ҳам, Бишкек шаҳар мэрияси ҳам Obama bar фаолияти конунга зид келади, деган баёнотларни бермаган, мазкур барнинг реклама планшетлари шаҳар кўчаларига жойлаштирилишига ҳам қаршилик қилинмаган. Айни пайтда Бишкек мэрияси Россия элчисининг дағдағасидан сўнг шаҳар кўчаларидан Putin Pub рекламаларини олдириб ташлаган.

XS
SM
MD
LG