Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Гуанчжоуда туққан ўзбек қиз чақалоғи билан кўчада қолиши мумкин


Қиз ва чақалоқнинг британиялик блоггер суратга олиб¸ сўнгра маҳаллий матбуотда тарқаган расми.
Қиз ва чақалоқнинг британиялик блоггер суратга олиб¸ сўнгра маҳаллий матбуотда тарқаган расми.

Хитойнинг Гуанчжоу минтақасида яшовчи асли британиялик haonowshaokao тахаллусли блоггер ўз рафиқаси билан айни касалхонада туғиб¸ чақалоғи билан кўчага ҳайдалиш таҳдиди остида қолган ўзбекистонлик қиз тақдиридан бонг урди.

На паспорти¸ на пули ва бу шаҳарда бирор яқини бўлган бу қиз тақдири касалхона ходимлари томонидан таржимонлик қилиш сўралган блоггер ташаббуси билан Гуанчжоудаги The Nunfang insider инглиз сайти¸ шунингдек маҳаллий матбуот назарига тушди.

23 сентябрь куни Гуанчжоуда туғилган ўзбек болакай.
23 сентябрь куни Гуанчжоуда туғилган ўзбек болакай.

Инглиз тилидаги маҳаллий нашрнинг ëзишича¸ у ëқдан бу ëққа тинимсиз юришдан тўхтамагани боис бу қиз 22 сентябрь куни Гуанчжоудаги Baiyun халқаро аэропортида видеоназорат расмийлари назарига тушган. Қизнинг ҳомиладор¸ боз устига тўлғоқда бўлгани аниқлангач¸ у дарҳол Baiyun касалхонасига олиб келинган ва эртасига соппа-соғлом ўғил туққан.

Касалхона ходимлари ëш она билан ўз имконларида бўлган барча тил - кантон (Гуанчжоу маҳаллий лаҳжаси), инглиз ва рус тилларида гаплашишга уринганлар¸ бироқ қиз миқ этиб оғиз ҳам очмаган.

Қайсидир тасодиф билан унинг ўзбекистонлик эканини илғаган мижозлар орасидаги корейс аëл¸ ўзбек танишига телефон қилиб¸ қиз билан гаплашиб беришни сўраган.

Шахси очиқланмаëтган самарқандлик қиз ўзининг борадиган жойи йўқлигини айтган.
Шахси очиқланмаëтган самарқандлик қиз ўзининг борадиган жойи йўқлигини айтган.

Бу суҳбатдан аëн бўлган нарса¸ қизнинг асли самарқандлик экани¸ март ойида боланинг отаси билан ажраб кетгани¸ бироқ июнь ойида яна унга қайтиб¸ бирга бизнес қилиш учун Гуанчжоуга келгани ҳақидаги ҳикоя бўлган.

Қизнинг иддаосича¸ у Гуанчжоуда ҳамма нарсаси - паспорти¸ пуллари¸ мобил телефонини ўғирлатган¸ боланинг отасини охирги марта 22 сентябрь куни (қиз аэропорт ходимлари томонидан ушланган кун) кўрган ва нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонга кетиш мақсадида туғиш арафасида Гуанчжоу аэропортига борган.

Айни пайтда у на ўзи ва на боланинг отаси исми-шарифини¸ Хитойга қачон¸ нима мақсадда келгани¸ нарсаларини қачон¸ қаерда ўғирлатганини очиқламаган.

Хитой расмийларига бу қиз шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжати йўқлигини айтмоқда.
Хитой расмийларига бу қиз шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжати йўқлигини айтмоқда.

Афтидан¸ бу сирли қиз тақдири касалхонада анча шов-шув ва хавотирга сабаб бўлганидан британиялик блоггер у ҳақда ëзиш ва қизнинг Ўзбекистонга қайтишига ëрдам беришга қарор қилган.

"Касалхондагилар ундан пул сўрамаяпти. Аммо туғруқхонада 3-4 кундан ортиқ қолиш мумкин эмаслиги боис¸ улар қизни нима қилишини билмаëтган эди. Охирги эшитганим¸ қизнинг Jingxi Nanfang ëки Baiyun районидаги Қизил хоч касалхонасига кўчиришгани бўлди"¸ деб ëзди британиялик блоггер икки кун аввал.

Инглиз тилидаги блог ва мақоладан сўнг Гуанчжоудаги айрим хорижликлар қиз ва унинг боласига кийим-кечак¸ озиқ-овқат¸ ҳатто Ўзбекистонга кетиш учун билетга пул йиғиб бериш ташаббуси билан чиқдилар.

Бироқ қизнинг қўлида паспорти йўқлиги боис¸ муаммо ечими фақат Хитойдаги Ўзбекистон элчихонаси қўлида экани таъкидланмоқда.

Британиялик блоггернинг ëзишича¸ Гуанчжоудаги касалхона расмийлари Пекиндаги Ўзбекистон элчихонасига телефон қилган¸ аммо Тошкент ҳукумати вакилларидан тайинли бир гап олишнинг имкони бўлмаган.

Аммо Озодлик мухбири билан суҳбатда Пекиндаги ўзбек элчихонаси расмийси¸ ҳозирча Гуанчжоу матбуоти ва муҳожирлар жамоаси эътиборига тушган бу қиз ҳақида ҳеч нарса эшитмаганини билдирди.

"Бизга бу қиздан ҳеч қандай мурожаат бўлмади. Марҳамат¸ у бизга телефон қилсин¸ вазиятни ўрганайлик. Сўнгра қонун доирасида унга жавоб билдирамиз"¸ деди Озодлик суҳбатлашган элчихона расмийси.

Озодлик Гуанчжоудаги блоггер ва маҳаллий нашрлар орқали ҳозирча на ëши ва на исми-шарифи очиқланган бу қиз ва унинг чақалоғи тақдирига оид тафсилотларни ўрганишга уринмоқда.

Гуанчжоу маҳаллий нашрларига кўра¸ қиз ўзининг ягона истаги чақалоғи билан Ўзбекистонга қайтиб кетиш эканини айтган.

XS
SM
MD
LG