Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

Қамоқдаги “Эзгулик” фаоли Бобомурод Раззоқовнинг аҳволи оғирлашди


Инсон ҳуқуқи фаоли Бобомурод Раззоқов невараси билан. 2000 йилги сурат.
Инсон ҳуқуқи фаоли Бобомурод Раззоқов невараси билан. 2000 йилги сурат.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси, қамоқ жазосини ўтаётган 62 яшар фермер Бобомурод Раззоқовнинг аҳволи оғирлашди. Жигар, буйрак ва юрак етишмовчилиги хасталиклари билан оғриган ҳуқуқ фаоли оила аъзоларига видолашув мазмунида мактуб йўллаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасига қарашли Тошкент вилояти Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли муассасасида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятнинг Бухоро вилояти бўлими раиси, 62 яшар фермер Бобомурод Раззоқовнинг аҳволи оғирлашган.

Бобомурод Раззоқов қамоқхонадан чиқарган мактуби.
Бобомурод Раззоқов қамоқхонадан чиқарган мактуби.

Бу ҳақда унинг ўғли Шуҳратга ёзган мактубида айтилади. Бобомурод Раззоқовнинг ёзишича, у жигар, буйрак ва юрак етишмовчилиги дардидан азоб чекмоқда.

“...Энди мендан сўрасанг, аҳволимни уканг келганда билиб кетган эди. Ҳали ҳам ўша-ўша, орқага ташлаб бораяпти. Дори-дармонлар негадир наф бермаяпти, тушунмаяпман. Бу аҳволдаги бетоблик билан бир ердан қўним топиш қийин. Зонада бўламанми ёки сангороддами, номаълум. Чунки касаллик қачон хуруж қилиши аниқ эмас. Сизларга қийин бўляпти ўғлим, сизларни жуда қийнаб қўйдим. Билмадим бу ёғи қандай бўлади?... Олиб келган овқатингни ташлаб юборишимга тўғри келди. Сабаби сангороддан чиққан кунимда ҳам соғлиқ яхши эмас эди. Яъни 5-6 килодан ортиқ юк кўтара олмасдим. Шундай қилиб тушунаётган бўлсанг муаммо жуда жиддий... Сен келган кунинг мен зонада бўламанми, йўқми, Худо билади. Қисқаси, келиб кетишингни маслаҳат беролмайман ўғлим, мени кечиринглар...”, деб ёзади Бобомурод Раззоқов.

Бобомурод Раззоқовнинг жамоатчи ҳимоячиси, “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу мактуб “алвидо” мазмунида ёзилган:

- Бобомурод ака ўз мактубида янги йилгача бормасам керак, дебдилар. Унинг сўнгги мактубидан аниқ бўлишича, аҳволи янада оғирлашган. Мен Бобомурод акани иродали одам сифатида билганим учун ҳам, бу мактубдан қаттиқ изтиробга тушдим. Шундай одам агар янги йилгача етиб бормасам деган экан, демак аҳволи анча оғир,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Бухорода инсон ҳуқуқлари учун фаол курашчи бўлган, ҳақсизликлар ҳақида хорижий ОАВга мунтазам хабар бериб турган Бобомурод Раззоқовнинг иши бошдан-оёқ буюртма бўлган ва ана шу буюртма ижрочиларининг ўзи ҳозир ҳибсга олинган:

- Бобомурод Раззоқовга нисбатан буюртирилган ишнинг ташкилотчиси Бухоро вилояти ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев эди. Бу шахс порахўрлиги, бўғзига қадар коррупцияга ботгани сабабли МХХ томонидан бир муддат аввал ҳибсга олинди ва уни қамоқ кутмоқда. Ҳозир биз шу одамнинг терговида қатнашиб даъвогарлик қилмоқчимиз. Яъни Бобомурод Раззоқовнинг иши қайта кўриб чиқилишини талаб қиламиз,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти бу ҳақда тарқатган пресс-релизида айтилишича, бир неча нафар маҳкумнинг саломатлиги ёмонлашгани боис уларни қамоқдан озод қилиш ҳақида жамиятнинг Ўзбекистон ҳукуматига қилган илтимосномаларидан натижа бўлмаяпти:

“Шу йилнинг ёзида қамоқдан чалажон ҳолда чиқарилган, озодликдан икки ҳафта сўнг жони узилган ангренлик фаолимиз Абдурасул Худойназаровнинг фожиали ўлимидан ҳали ўзимизга келолганимиз йўқ. Асоссиз айбловлар билан қамоққа олинган фаолимиз Дилмурод Саййиднинг оналари Ҳамда аянинг вафоти, унинг ўғли билан дийдорлашуви қиёматга қолгани ҳар қандай кишини ларзага солади. Дилмуроднинг рафиқаси Барно ва унинг ёлғиз зурриёди Рухшона автоҳалокатдан вафот этганида ҳукумат инсонпарварлик ва гуманизм кўрсатиб, уни озод қилармикан деб умид қилгандик. Дилмуроднинг онаси ўтибди ҳамки ҳукуматдан илтимосномаларимизга жавоб йўқ” дейилади “Эзгулик” тарқатган пресс-релизда.

“Эзгулик” жамияти Ҳьюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотларни, маҳаллий ва хориждаги ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ҳамкорларини фуқаролик жамияти вакилларини Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод қилиш йўлида бирдамликка даъват этади.

24 сентябр куни Бухоро вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқовни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарган эди.

Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми, “а”, “е” бандларига мувофиқ одам савдосида айбдор, деб топилган эди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация эканини таъкидлайдилар.

XS
SM
MD
LG