Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Матвиенко қирғизистонлик мигрантларни қора рўйхатдан чиқаришга ваъда берди


Россия Думаси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Қирғизистон Жогорку Кенеши раиси Асилбек Жээнбеков билан учрашув пайтида.
Россия Думаси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Қирғизистон Жогорку Кенеши раиси Асилбек Жээнбеков билан учрашув пайтида.

Россияда маъмурий тартиббузарликларни содир этгани учун қора рўйхатга киритилган қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари мазкур рўйхатдан чиқарилади. Бу ҳақда 21 октябрь куни Бишкекда президент Атамбаев билан учрашувидан сўнг Россия Думаси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.

"Меҳнат муҳожирлари қора рўйхатдан чиқарилади"

Россия ҳудудида маъмурий тартиббузарликлар ва турли жиноятларни содир этган меҳнат муҳожирлари қора рўйхатга тиркалиши ортидан Россиядан ўз ватанларига депортация қилинади. Қора рўйхатга кирган меҳнат муҳожирларига ўн йилгача Россия ҳудудига кириш тақиқланади.

Шу йилнинг апрель ойида Федерал миграция хизмати Россия ҳудудига ноқонуний кириб келган ва яшаётган 800 минг меҳнат муҳожирини қора рўйхатга киритгани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

21 октябрь куни Бишкекда президент Алмазбек Атамбаев билан учрашаганидан сўнг журналистларга суҳбат берган Россия Думаси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко қирғизистонлик минглаб меҳнат муҳожирлари қора рўйхатдан ўчирилишига ваъда берди. Унга кўра, Россияда майда маъмурий тартиббузарликларни содир этган қирғизистонликларни қора рўйхатдан ўчириш масаласида Федерал миграция хизмати иш олиб бормоқда ва бу масала тез кунларда ҳал этилади.

"Сендан угина, мендан бугина"

20 октябрда эса Валентина Матвиенко Қирғизистон парламенти раиси Асилбек Жээнбеков билан учрашуви пайтида “сендан угина, мендан бугина” қабилида сўзлаб, қирғиз ҳукуматидан мамлакатда рус тилининг ривожланишига шарт-шароит яратиб беришни талаб қилган эди:

-Биз рус тилини ривожлантириш масаласи қирғиз ҳукуматининг диққат марказида бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Биз рус тилини ривожлантириш масаласи қирғиз парламенти эътиборида бўлишига ишонамиз, - деди Валентина Матвиенко.

"Қирғизистон ташқи сиёсатда Россия таъсиридан чиқа олмаётир"

Россия Сенати раисининг Бишкекка ташрифи Қирғизистон ташқи сиёсатда тўлалигича Россия йўналишини танлади, деб айтилаётган бир вақтга тўғри келди. Қирғизистонлик сиёсатчи Алишер Мамасалиев Озодлик билан суҳбатда Москва Украинадаги воқеалар ортидан Ғарб билан муносабатлари совуқлашганидан сўнг асосий эътиборни Марказий Осиё минтақасини ўз таъсиридан чиқармасликка қаратмоқда, деб ҳисоблашини билдирди.

Сиёсатшунос Эмил Жураев эса Қирғизистон нафақат сиёсатда, балки қонунчилик соҳасида ҳам Москва нуқтаи назарига уйғун келувчи йўлларни излаётганини айтди:

-Қирғизистонда қонунларни қабул қилиш жараёнида Россиянинг таъсири жуда сезилади. Масалан, “хориж агенти”, “гей ташвиқот” каби тушунчалар биринчи бўлиб Россия қонунчилигида акс этган. Қирғизистонда ҳам мана шу каби қонунларни қабул қилиш юзасидан ҳаракатлар ҳам Россия таъсирини билдирмоқда, -деди Эмил Жураев.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқи ва Евросиё иқтисодий иттифоқига 2015 йилнинг 1 январидан қўшилиши ниятида эканини билдирган эди. Ҳозир мазкур иттифоққа Россиядан ташқари Белорус, Қозоғистон ва Арманистон аъзо бўлган.

XS
SM
MD
LG