Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:00

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти қочқинлар учун ишонч телефонини ишга туширди


Россиядаги Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи "Фуқаровий кўмак" ташкилоти қочқинлар ва қочқинлик мақомини суровчи шахслар учун ишонч телефонини ишга туширди. Ташкилотчилар, айниқса, Россияда қочқинлик мақомини излаётган шахслар сўровига йиллаб жавоб кутиш ва бу даврда мутлақо хуқуқсиз ҳолда юриш, ўз кунини ўзи кўришга мажбур бўлаётгани айни лойиҳага туртки бўлганини айтмоқда.

Москвада жойлашган "Фуқаровий кўмак" қўмитаси Россияга қочқинлик сўраб келган ёки қочқинлик мақомида бўлганлар учун махсус ишонч телефонини ишга туширганини хабар қилмоқда.

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти раҳбари муовини Елена Буртина Россияда барча қочқинлик мақомидаги хорижликларга таниш бўлган бу нодавлат ташкилоти маслаҳат ва ёрдам учун берилган бу имконият "Қочқинлар хуқуқи" лойиҳаси доирасида 2014 йилнинг 1 сентябридан ишга туширилганини айтмоқда.

- Аслида бу линиядан ташқари қўмитамизнинг яна 4 та доимий ишлаб турувчи телефонлари хизматда. Шунга қарамасдан, бу лойиҳа доирасида иш бошлаган ишонч телефони энг аввало таҳлил қилиш, мониторинг олиб бориш ва маълумот йиғишга мўлжалланган. Яъни, қочқинлар шу даражада кўпки, биз жисмонан уларнинг барчасини тўлиқ назоратга ололмаяпмиз. Бу тадқиқот натижасида ва янги "линия" ёрдамида биз кейинроқ "Россия қочқинлик мамлакати" маърузасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз, дейди хуқуқ фаоли.

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти ходимаси бир йиллик бу лойиҳа вазифалари қаторига нафақат Россиядаги қочқинлар масалаларини мониторинг қилиш, балки қочқинлар ва қочқинлик мақомини сўровчиларга хуқуқий маслаҳатлар бериш, Россия ҳукумати томонидан имзоланган 1951 йилги қочқинлар мақоми тўғрисидаги Конвенция ва 1967 йилда бу Конвенцияга илова қилинган Протоколдаги шартлар бажарилаётганини ўрганиш эканини ҳам қўшимча қилди.

Елена Буртина Россиядаги қочқинлар масаласидаги энг мураккаб жиҳат тегишли идоралардан мақом олиш ва халқаро нормалар ҳимоясига ўтиш эканини алоҳида таъкидлади.

- Бир томондан, биз сурункали равишда одамларнинг қочқинлик мақомини ололмаётгани билан, улар идоралар томонидан турли баҳоналар остида сарсон қилинаётгани ва мақом беришдан бош тортаётганини кузатиб келяпмиз. Айнан шу масалада - қанча одам қочқинлик мақомига топширдию, қанчасига Россия ФМСи томонидан қочқинлик берилди - статистика маълумотларини йиғиб борамиз ва эълон қиламиз. Чунки, биз бу муаммо кўламини тасаввур қилиш учун муайян рақамларга эга бўлишимиз зарур, - дея янги ишонч телефони вазифасини тушунтирди Елена Буртина.

Суҳбатдош қочқинлик мақомида бўлганларнинг аксарияти йиллаб мутлақо хуқуқсиз ҳолатда ўз сўровларига жавоб кутишга мажбур бўлаётгани, уларнинг кейинги тақдирига давлат идоралари лоқайдлик билан қараётганини хам қўшимча қилди.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, сўнгги йилларда қочқинлик сўраб мурожаат қилган Сурия, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошка таъқибга учраётган ёки авторитар режимлар ўрнатилган мамлакатлар фуқаролари халқаро қоидаларга хилоф равишда ўз юртларига қайтариб юборилганига гувоҳ бўлганини айтди.

"Қочқинлик хуқуқи" лойихасининг қуйида кўрсатилган "ишонч телефони" ҳар куни соат 9-дан кечки 21-гача ишлайди: +8 (968) 918-98-65

Бундан ташқари, қочқинлар, муҳожирлар ёки умуман оғир аҳволда қолган ёки ёрдамга муҳтож бўлган хорижликлар "Фукаровий кумак" ("Гражданское содействие") қўмитасининг бошқа стационар телефонларига қўнғироқ қилиши мумкин:

Е-mail: refugee.press@gmail.com

Тел./факс: +7 (495) 681-18-23

Тел./факс: +7 (495) 681-15-32

XS
SM
MD
LG