Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Назарбоев нега фикрини ўзгартирди?


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов сўнгги ўн ой ичида учинчи марта амнистия эълон қилди. Қозоқларда давлатчилик бўлмаганини таъкидлаб келган президент Нурсултон Назарбоев “Қозоқ давлатчилигига 550 йил тўлгани”ни иддао қилди.

Туркманистон: Йилига тўрт марта амнистия

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов сўнгги ўн ой ичида учинчи марта амнистия эълон қилди. Ашгабатдан олинган маълумотларга қараганда, амнистия туфайли озод қилинганларнинг биринчи гуруҳи уйларига етиб борган.

2014 йил 19 февралида Гурбангули Бердимуҳаммедов 859 маҳбусни қамоқдан озод қилиш ҳақидаги амнистияни имзолаган эди. Рамазон ойида эса иккинчи марта амнистия эълон қилиниб, 1095 одам озод қилинган. Туркманистон Мустақиллик куни арафасида берилган амнистияда эса қанча маҳбус қамоқдан чиқарилиши айтилмаган.

-Бу галги амнистиянинг аввалгиларидан фарқи ҳам унда қанча одам озод қилиниши айтилмаганидадир. Ҳеч қандай рақам кўрсатилмаган. Амнистия туркман халқи анъаналарига амал қилган ҳолда оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эълон қилингани қайд этилган, -деди туркманистонлик мустақил кузатувчи Нурберди Нурмаммедов.

Аввалги туркманбоши Сапармурод Ниёзов йилда бир марта амнистия беришни анъанага айлантирган эди. Гурбангули Бердимуҳаммедов эса йилига тўрт мартагача амнистия эълон қилмоқда.

Амнистия асосида асосан майда жиноятларда айбланганлар озод қилинаётир. Сиёсий маҳбусларга амнистия қўлланилмайди. Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, туркманистон қамоқларида юзга яқин сиёсий макҳбус сақланмоқда.

Қозоғистон: Назарбоев қозоқ давлатчилиги ҳақида фикрини ўзгартирди

Қозоқларда давлатчилик бўлмаганини таъкидлаб келган президент Нурсултон Назарбоев “Қозоқ давлатчилигига 550 йил тўлгани”ни иддао қилди.

Назарбоев Остона шаҳар ҳокимиятида 22 октябрда сўзлаган нутқида “2015 йилда биз қозоқ давлатчилигининг 550 йиллигини нишонлаймиз”, деб билдирди.

Сиёсатшунос Айдос Саримнинг айтишича, Нурсултон Назарбоев 1990 йилларда қозоқ хонлари ҳақида кўп гапирган, бироқ 2005 йилдан бошлаб “аввал қозоқларда давлатчилик бўлмаган”, қабилидаги гапларни айта бошлаган.

Сиёсатшунос Назарбоев ўз фикрни президент Путиннинг бир неча ой олдин айтган гапларидан сўнг ўзгартирган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Шу йилнинг 29 августда Путин Бутунроссия ёшлар форумида сўзлаган нутқида: “Назарбоев қозоқларда ҳеч қачон бўлмаган давлатчиликка асос солди”, деб айтган эди.

Қозоғистонлик сиёсатшунослар фикрича, мана шу гап Назарбоевни хушёр торттирган. Негаки, Украина бўҳрони бошланиши арафасида Россия сиёсий доираларида “украин деган миллат йўқ, бу сунъий давлат” қабилидаги баёнотлар янграй бошлаган эди.

Тожикистон: “Одноклассник”да қизлар тожик йигитларни жиҳодга чорламоқда

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, сўнгги пайтларда Россияда юрган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ижтимоий тармоқлар, жумладан, “Одноклассник” орқали тожик қизларидан Суриядаги жиҳодда иштирок этишга чақириқ олмоқда.

Тожикистон куч ишлатар тузилмалари расмий маълумотида Сурияга тожиклар Россия орқали чиқиб кетаётгани иддао қилинади.

Бундан аввалроқ Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода тожик матбуотига берган суҳбатида Суриядаги жангларда қатнашаётган тожикистонликларнинг 50 нафари ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар олинганини айтган эди.

Раҳимзоданинг билдиришича, айни пайтда Сурияда яна 200 нафар тожикистонлик жангларда иштирок этаётгани аниқланган.

Тожикистонлик экспертлар фикрича, ижтимоий тармоқлардаги “жиҳодга чақириқ”лар асосан келажакка ишончини йўқотган ва айни тузимда ўз муаммолари ҳал этилмаслигига ишонган ёшлар томонидан самимий қабул қилинмоқда.

“Бу ёшлар бу дунёда умидини йўқотганлардандир, улар нарги дунёда жаннатга тушишларига ишонган ҳолда жиҳодга бормоқда”, деди диншунос олим Саидаҳмад Қаландаров.

Айрим маълумотларга қараганда, Тожикистонда 500 минг одам “Одноклассник” ижтимоий тармоғидан фойдаланади. Мазкур тармоқда қўлларида қурол ушлаган ёш тожик йигитларининг суратларини кўплаб топиш мумкин.

XS
SM
MD
LG