Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Аҳоли қишда газ бўлмаслигидан огоҳлантирилди


Ўзбекистон гидрометерология хизмат маркази (Uzgidromet) 27 октябрдан бошлаб мамлакатда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, Тошкент ва Самарқандда қор ёғиши ҳақида хабар қилди. Ушбу хабар ортидан аҳоли жорий қишда ҳам табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантирилиб, расмийлар ўтин ва кўмир ғамлашни тавсия этмоқда.

Uzgidromet синоптикларига кўра, келаси ҳафтадан ҳаво харорати кескин пасайиб, айрим жойларда қор ёғиши мумкин.

- 27 октябрдан ҳаво харорати 3 даражага тушиб кетиши кутиляпти. Айрим вилоятларда ёмғир кечаси қорга айланиши мумкин, - деди Озодлик билан суҳбатда Uzgidromet маркази синоптикларидан бири.

Ҳаво кескин совиши кутилаётган айни пайтда кўпчилик ўзбекистонликларни бу йилги қиш мавсумидан қандай чиқиб олиш ўйлантирмоқда.

- Бизда қиш бошланди дегунча свет ўчишлар бошланиб, газ босими камайиб кетяпти. Бу боришда бу йил ҳам қишни газ светсиз ўтказамиз, - дейди Наманганнинг Чуст тумани Олмос шаҳарчасида яшовчи Жўрабой Деҳқонов.

Қашқадарёнинг кўпгина туманларида ҳам аҳоли бу йил қишда газсиз қолишдан чўчимоқда.

- Биз яшаб турган ҳудудда газ таминоти жуда заифлашиб қолган. Одамга алам қиладигани шуки “Шўртанггаз” ташиклоти бизни вилоятда жойлашиб туриб Ўзбекистон аҳолисини 98 фоизини газ билан таъминлайди. Биз эса шу ташкилотдан 40 км радиусда дойлашиб газсиз кун кўрамиз. Газни босимини баландлигини оҳирги марта 2008 йилда кўрганмиз. Ўшандан буён ҳар йили қишда газ бўлмайди, - дейди Қарши тумани Ўзбекистон Мустақиллиги жамоа хўжалигида яшовчи Асрор ака.

Хоразм вилояти Боғот туманининг кўпгина маҳаллаларида ҳам аҳоли газсиз қолишдан қўрқиб кўмир, ўтин, тезак ғамлашга ўтган.

- 27 октябрдан совуқ тушади дейишяпти. Ҳозир ўтин, кўмирларни ғамлаб қўйдик. Бизни қишлоққа қувур келган, лекин газ йўқ. Ўтган йили қишда ҳам бўлмади, бу йил ҳам бўлмайди дейишяпти, - дейди боғотлик Жуманазар ака.

Айни пайтда Қашқадарё, Хоразм ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари туманларида газ идоралари ходимлари маҳалла оқсоқоллари билан бирга аҳолига бу йил ҳам газ бўлмаслигини айтиб, ўтин ва кўмир ғамлашни тавсия қилмоқда.

- Биз бу йил газ бўлмайди деб ататётганимиз йўқ. Ҳар эхтимолга қарши эхтиёт чораси сифатида кўмир, ўтин ғамлашни тавсия қиляпмиз, - дейди Қашқадарё вилояти газ таъминоти бўлими расмийларидан бири.

Ўзбекистон улкан газ заҳираларига эга мамлакат бўлиб, ҳар йили 60 миллиард куб метр газ қазиб олади. Шуни 20 миллиард куб метрини Ўзбекистон четга экспорт қилади.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда қазиб олинадиган газ мамлакатнинг 30 миллионли аҳолисини таъминлаш учун бемалол етиши керак.

Лекин Ўзбекистоннинг давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” ширкати расмийлари табиий газ бойликларига эга мамлакат аҳолиси нега ҳар йили газ йўқлигидан азият чекишини изоҳламай келади.

Аввалроқ, “Ўзбекнефтгаз” раҳбарларидан бири газ аҳолига белгиланган ҳажмда берилаётганини айтиб, вилоятларда юзага келган газ таъминотидаги узилишларга маҳаллий ҳокимиятлар масъул эканини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG