Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:35

Чироқчи ҳокими Шаҳрисабз ҳокимини урди


Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари берган хабарга кўра, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган. Озодлик манбаларига кўра, асли шаҳрисабзлик бўлган Равшан Комиловнинг "томорқаси"га Шаҳрисабз ҳокими “тош отганлиги” учун уни шу тариқа жазолаган. Айни пайтда ҳоким Норов бундай воқеа бўлганини инкор қилди.

Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов 19 октябрь куни ёнида уч-тўрт одамлари билан Шаҳрисабз ҳокимини “разбор” қилгани келган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ушбу воқеага гувоҳ бўлган шаҳрисабликнинг айтишича, Чироқчи ҳокими Равшан Комилов ўша куни маст бўлган:

“Куппа кундуз куни Чироқчи ҳокими Равшан Комилов Шаҳрисабз ҳокими Фахриддин Норовни роса урди. Ёнида шайкаси билан келган экан”, деди воқеага гувоҳ бўлган манба.

Лекин у воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқламади.

Шаҳрисабз туман ҳокимиятида ишлайдиган танишининг сўзларига таяниб гапирган бошқа бир шаҳрисабзлик воқеа тафсилотларига ойдинлик киритди. Униинг айтишича, Равшан Комиловга қарашли бўлган фермер хўжалиги раҳбарини Фахриддин Норов койигани ва вилоят ҳокимига шикоят қилгани учун Чироқчи ҳокими уни жазолаган:

“Равшан Комилов асли Шаҳрисабздан. У кишининг Гулистон ширкат уюшмасида фермер хўжалиги бор. Фақат бу фермер хўжалиги бошқа кишининг номида. Ери ниҳоятда катта. Планни бажаролмаётгани учун бу фермер хўжалиги ҳақида Шаҳрисабз ҳокими вилоят ҳокимлигига шикоят қилган. Катта ҳокимдан гап эшитган Равшан Комилов разбор қилиш учун Шаҳрисабзга ўзининг шотирлари билан келган”, дейди манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, Равшан Комилов Фахриддин Норовнинг кабинетига ҳам кирмасдан уни ташқарига чақириб олиб урган:

“Ҳокимиятда ишлайдиган ва бу воқеани ўз кўзи билан кўрган танишимнинг айтишича, Равшан Комилов ғирт маст бўлган. Аввалига икки ҳоким роса гап талашган. Кейин Равшан Комилов Фахриддин Норовни ёқасидан тортиб қўйиб-қўйиб юборган. Шаҳрисабз ҳокими табиатан юввош одам бўлгани учун ҳам индамаган. Шундан сўнг Равшан Комилов бўралаб сўкиниб, кетиб юборган”, деди иккинчи манба.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норов Озодлик билан суҳбатда Чироқчи ҳокими уни урганини инкор қилди:

“Ҳеч нарса бўлгани йўқ, Бу нотўғри маълумот”, деб гапни қисқа қилди ҳоким Фахриддин Норов.

Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бу мавзуда Озодлик билан гаплашишни истамай, мобил телефонини ўчириб қўйди.

Озодлик манбаларининг айтишларича, асли шаҳрисабзлик бўлган Равшан Комиловнинг Шаҳрисабзда бошқа шахс номидаги фермер хўжалигидан ташқари бир қанча савдо нуқталари ва кафе-ресторанлари ҳам бор.

Айни пайтда Озодлик бу савдо нуқталари ва ресторанлар айнан Равшан Комиловга тегишли эканлиги ҳақида аниқ ҳужжатларга эга эмас.

Равшан Комиловнинг Чироқчида фермерларга зўравонлик қиладиган муштумзўр ҳокимлардан бири сифатида ҳам танилгани айтилади.

Жумладан, жорий йилнинг 7 октябрь куни Чироқчи ҳокими Равшан Комилов Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузган, ҳаммани уриб-сўкиб пахтага ҳайдаган эди.

XS
SM
MD
LG