Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:59

Пахта плани бажарилди, ўқитувчилар ҳамон далада


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пахта тайёрлаш режаси бажарилгани билан деҳқон ва фермерларни табриклаган бўлсада, лекин ҳашарга мажбуран жалб этилган ишчию хизматчилар, шифокору ўқитувчилар ҳамон пахта даласида қолмоқда. Айни пайтда кўпгина вилоятларда ўқитувчилар ва бюджет ходимлари ҳамон далада "ўзи йўқ пахтани териш"га мажбурланаётганларидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пахта тайёрлаш режаси бажарилгани билан деҳқон ва фермерларни табриклаган бўлсада, лекин ҳашарга мажбуран жалб этилган ишчию хизматчилар, шифокору ўқитувчилар ҳамон пахта даласида қолмоқда. Айни пайтда кўпгина вилоятларда ўқитувчилар ва бюджет ходимлари ҳамон далада "ўзи йўқ пахтани териш"га мажбурланаётганларидан шикоят қилмоқда. Куни-кеча фақатгина олий ўқув юртлари талабалари ҳамда коллеж ўқувчилари пахта йиғим-теримидан қайтди.

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, 3,4 миллион тонна пахта териб олингани айтилмоқда.

Ҳосилнинг 90 фоизи олий навли пахтадир. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бу ҳақдаги баёноти ҳамда унинг пахтакорларга йўллаган табриги 24 октабрь куни расмий матбуотда эълон қилинди.

Каримов пахтакорларни эришган зафарлари билан қутлар экан, сўнгги йилларда пахтанинг юздан ортиқ янги нави яратилиб, шулардан 27тасидан пахта саноатида фойдаланилаётганини таъкидлади.

Лекин, айни пайтда Озодликка вилоятлардан келаётган хабарларга кўра, мажбурий ҳашарга чиқарилган ишчию хизматчилар ва ўқитувчию шифокорлар далада ушлаб турилибди.

Қашқадарё вилоятидан келган хабарга кўра, вилоят ўқитувчилари ҳали ҳам пахта термоқда.

- Қарши Давлат университети ва коллежлар 23 октябрь куни пахтадан уйига қайтди. Лекин мактаб ўқитувчилари ҳамон далада қолмоқда, - деди исми сир қолишини истаган қашқадарёлик мактаб ўқитувчиларидан бири.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги мактаб ўқитувчилари ҳам йўқ пахтани теришга мажбурланаётганликлари ҳақида шикоят қилишмоқда.

-Бугун пахта тергани Тахтакўпир туманига олиб кетишди. Далада пахта қолмаган. Шундай бўлса-да, бизни далага ҳайдашаяпти. Қуп-қуруқ далада юрганимиздан кўра, мактабда болаларга дарс берганимиз яхши эмасми. Болаларимиз билимсиз қолиб кетяпдику, - дейди Нукусдаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Ўзбекистонда бу йил мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилмади. Лекин улар ўрнига ўқитувчилар пахтага ҳайдалди.

-Ҳозир ҳар бир мактабда саноқли ўқитувчи қолган. Бир неча синфни бирлаштириб, уларга дарс бермоқда. Қолган ўқитувчи далада, - дейди қорақалпоғистонлик ўқитувчи.

Далада пахта қолмаган, норма хали ҳам 100кг

Жиззахда ҳам бюджет ходимлари пахтадан қайтарилмаган.

- Биз хали ҳам пахта даласида. Норма 100 кг. 10 кг пaхтa териб қолгaнларгa мaжбурий 1 кг пaхтa учун 500 сўмдaн тaлaб қилaди. Бермaгaнлaрни офицерлaр “сaнлaргa озиқ - овқaтни пулгa сотволиб бервомиз”, деб, дўқ қилиб, пулини олаяпти. Комбaтимиз 2 - 3 нaфaр ходимни урди. Жaвоб қaйтaра олмаймиз. Қaйтaрсек, уволит қилaди, - дейди Жиззахнинг Зафаробод тумани пахта далаларига сафарбар этилган Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилояти қўриқлаш бошқармаси ходимларидан бири.

Айни пайтда расмий матбуотда 2014 йилги пахта мавсуми якунига етагани эълон қилинди.

3,4 миллион тонналик хирмон

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, 3,4 миллион тонна пахта териб олингани айтилмоқда.

​Ўтган йили Ўзбекистонда пахта ҳосили 3,35 миллион тоннанини ташкил этган эди. Дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчиларидан ҳисобланган Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили олинади, 1 миллион тоннадан ортиқ пахта толаси ишлаб чиқарилади.

Пахтадан келадиган даромад ҳар йили 1 миллиард 300 миллион доллардан кўпроқни ташкил этади.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Очиқ жамият жамғармаси мутахассисларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили миллионга яқин фуқаросини текинга пахта теришга мажбурлайди. Президент Ислом Каримов ҳукумати ва унга яқин доиралар инсон ҳуқуқларини инкор этган ҳолда пахтадан фойда кўриб келади.

Ўзбекистоннинг асосий харидорлари Хитой, Бангладеш, Эрон, Покистон ва Россиядир. Ғарбнинг етакчи тўқимачилик корхоналари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилиши боис бу мамлакат пахтасига бойкот эълон қилган.

Бу йил Ўзбекистонда ҳар йилдагидан фарқли ўрта мактаблар ёпилмади. Лекин ўқувчилар ўрнига бу йил ҳам давлат бюджет корхораналари ва ташкилотлари ходимлари пахта теримига мажбурий сафарбар этилди. Дунёдаги юздан зиёд ширкат мажбурий меҳнат маҳсули бўлган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG