Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:50

Ўшда участка нозири йигитларни ўзбекистонлик, деб гумон қилгани учун калтаклади


Калтакланган йигитлар Ўш шаҳар прокуратурасига арз қилди
Калтакланган йигитлар Ўш шаҳар прокуратурасига арз қилди

23 октябрь куни Ўш шаҳрининг Турон шаҳарчасидаги йўлакка ётқизилувчи тош ишлаб чиқарадиган цехнинг уч ишчисини участка нозири калтаклагани, калтакланганлардан бири, 26 яшар Бурҳониддин Баҳриддинов олган жароҳатларидан хушини йўқотгани ва касалхонага ётқизилгани бугун маълум бўлди. Бироқ участка нозири Мамат Акматов Озодликка бундай воқеа бўлганини инкор этди.

Милиция ходимидан калтак еган уч ўзбекдан бири Бурҳониддин Баҳриддинов 29 октябрь куни касалхонадан тушди.

Унинг айтишича, қариндошлари Нуриддин Нурматов ва Муҳаммадюсуф Баҳриддиновлар билан бирга Ўш шахри Турон шаҳарчасида йўлакка ётқизиладиган тош ишлаб чиқарадиган цехни юритишади.

Шу йилнинг 23 октябрь куни буюртма йўқлиги сабабли, улар янги сотиб олинган "Матиз" автомашинасини ювишаётган пайтда участка нозири Мамат Акматов келган ва йигитлардан цех хамда машина ҳужжатларни талаб қилган:

- Заказимиз йўқлиги учун машинани юваётган эдик, чақириб қолди. Эшикни очдик, кириб, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, сўкиниб кетди. “Менга ҳисобот беришмайсанми”, деб машина ҳужжатларини сўради. Ҳужжатлар уйда эди “кечаси бўлади, ҳужжат олдимизда эмас эди”, дедик. Кейин нега менга ҳисобот беришмадинг, деб мени урди. Акам бу менинг укам бўлади, қўйинг, десам, уни ҳам урди. У формада эди, шунинг учун биз уролмадик. Биз уч киши эдик, яна бир укамиз бор эди, уни ҳам урди. Уччаламизни хам урди, ғалва бўлиб қўшни чиққан эди, уни ҳам урди бекордан бекор. Мени фақат бошимга урди. Хушимдан кетдим. Акамнинг айтишига караганда, ўзимни билмай қолибман, миям чайқалиб касалхонада ётиб чиқдим, дейди Бурҳониддин Баҳриддинов.

Милиция ходимидан калтак еган йигитлардан яна бири Нуриддин Нурматовга кўра, уларнинг цехида бир неча йил аввал ўзбекистонлик йигитлар ишлаган, ва бундан милиция нозирининг хабари бўлган. Мамат Акматов унинг жияни Бурҳониддинни Ўзбекистон фуқароси, деб ўйлаб ҳужжат талаб қилган.

- Бу ерда аввал ўзбекистонлик йигитлар ишлаган эди, Бурҳониддинни ўшалар каби ўзбекистонлик деб ўйлади. “Сенлар яна келибсан, нега менга айтмайсан”, деб қолди. Кейин укам паспортини курсатди, мен Ўн адирлик боламан, деб. Кейин машинанинг ҳужжатини сўради, кейин “Менга нега ҳисобот бермай машина ремонт килаяпсанлар”, деб сўкиб кетди. Биз “Ака бу ўзимизнинг машина бировники эмас”, деб укам айтди, дейди Нуриддин Нурматов.

Бир неча кун олдин йигитлар Ўш шаҳар прокуратурасига милиция ходими устидан ариза билан мурожат қилган. Уларга хуқуқий ёрдам кўрсатаётган ўшлик адвокат Маҳмуджон Юсуповга кўра, хозирда милиция ходими жабрланган йигитларни ўзи ва танишлари орқали қўрқитишга ўтган. Йигитлар суд тиббий экспертизасидан ўтган ва унинг қарори эртага чиқиши кутилмоқда.

Ҳозир экспертиза хулосаси чиққанидан кейин прокуратура баҳо беради. Хулосага қараб, жиноят иши ё енгил тан жароҳати етказилгани ёки оғир тан жароҳати етказилгани учун жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги тўғрисида баҳо беради, дейди Маҳмуджон Юсупов.

Биз Ўш шаҳар Турон шаҳарчаси участка нозири Мамат Акматов билан хам боғландик. Мамат Акматов, "бундай воқеа бўлмагани"ни ва "бу сўзлар ёлғон" эканини айтди.

XS
SM
MD
LG